Ўзбекистонда 2025 йил I-чорагида 24 минг нафардан ортиқ аёлга “Ҳимоя ордери” расмийлаштирилган, деб хабар бермоқда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.

Қайд этилишича, мазкур даврда 1,7 минг нафар тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар бирламчи кўмак хоналарига жойлаштирилиб тиббий ёрдам берилган. Ушбу аёлларга “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан психологик ва юридик ёрдамлар кўрсатилиб, чуқурлаштирилган реабилитация хизматларига муҳтож бўлган 202 нафар аёл Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига жойлаштирилди.
“Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида тазйиқ ва зўравонликка учраган 19,3 минг нафар аёл билан суҳбат ўтказилиб, сўровномалар асосида уларнинг ҳолати ўрганилди ва хизматлар таклиф қилинди.
Шу билан бирга, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан кундузги қатнов асосида 3,5 минг нафар тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларга юридик, психологик ва бошқа хизматлар кўрсатилди.
Ўзбекистонда зўравонлик кузатилган оилаларда ярашиш муддатисиз эр-хотинни ажратиш режаси “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида кўзда тутилганди. 2023 йилнинг декабрида имзоланган қарорда Вазирлар Маҳкамаси ва Олий суд билан биргаликда жиноий оилавий (маиший) зўравонлик қурбонларига нисбатан жабрланувчининг талабига кўра суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларнинг соддалаштирилган тартибда, яъни, суд маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг фикрини инобатга олган ҳолда эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига имконият йўқ деб топса, ишни кўришни кейинга қолдирмасдан ҳамда ярашиш учун муҳлат тайинламасдан ҳал қилиш қарорини чиқаришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Қонунчилик палатасига киритиши белгиланганди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, жамиятда ҳар уч аёлдан бири зўравонликнинг муайян шаклига учрамоқда. Шунинг учун ривожланган давлатларда бундай шахсларга тезкор психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган.
Ўзбекистонда ҳам ҳар учинчи аёл турмуш ўртоғи томонидан ўзига нисбатан зўравонлик содир этилган деб билади.
Шавкат Мирзиёев 2024 йилнинг май ойида ижтимоий хизматлар тизимини янада такомиллаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишганда ҳар бир аёл учун муносиб турмуш ва меҳнат шароитлари яратиш бўйича қўшимча кўрсатмалар берганди. 2024 йил 1 июндан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилди.
Изоҳ (0)