Хитой мудофаа вазирлиги АҚШ ва Филиппин ўртасидаги сўнгги ҳарбий ҳамкорлик, жумладан янги қурол-яроғ битими ва Япония билан қўшма патрул амалиётига кескин муносабат билдирди. Расмий Пекин бу ҳаракатларни минтақавий барқарорликка таҳдид сифатида баҳолаган.

Вазирлик матбуот котиби, полковник Чжан Сяоганг чоршанба куни берган баёнотида Қўшма Штатларни “икки томонлама шартномаларни баҳона қилиб, Жанубий Хитой денгизи бўйича баҳсларга аралашиш”да айблади.
“АҚШ ўзининг иттифоқчилик шартномаларига таянган ҳолда Жанубий Хитой денгизи масаласига аралашяпти. Бу Хитойнинг ҳудудий суверенитети ва денгиз ҳуқуқларини бузади, шунингдек, Хитойни қўрқитишга уринишдир. Бу усул иш бермайди”, деди у.
Бундан аввалроқ АҚШ Филиппин ҳаво кучларига F-16 қирувчи самолётларини сотиш битимини тасдиқлаб, Япония билан биргаликда Жанубий Хитой денгизида қўшма ҳарбий патруллар ўтказди. Вашингтон бу минтақавий хавфсизлик ва таҳдидларга қарши чора эканини айтади. Пекин эса уларни кескинликни кучайтирувчи хавфли провокация сифатида қабул қилмоқда.

Чжан Филиппин ҳукуматини Хитойни доимий равишда “қўзғатиб туриш”да айблаб, бу ҳаракатлар ортида АҚШ бошчилигидаги ташқи кучлар турганини таъкидлади.
“Бу ҳаракатлар уларнинг минтақада беқарорлик яратиш ниятини тўлиқ очиб берди”, деди Хитой мудофаа вазирлиги матбуот котиби.
Хитой расмийси Филиппинни чет эл ёрдами билан денгизда “тўлқин кўтаришга” уринишда айблаб, бундай стратегия Филиппиннинг ўзига зиён етказишидан огоҳлантирди.
“Бошқаларга суяниб, денгизда шовқин кўтарганлар охир-оқибат фойдаланилган ва ташлаб юборилган қўғирчоққа айланади”, дея таъкидлади Чжан.
У, шунингдек, Филиппин ҳукуматини “ҳақиқатга зид иллюзиялардан воз кечиб, музокара ва мулоқот йўлига қайтишга” чақирди.
Изоҳ (0)