Дунёдаги энг баланд осмонўпар бинолардан бирининг қурилиши кейинги ҳафтада, ишлар тўхтатилганидан деярли 10 йил ўтиб қайта тикланиши мумкин. Бу ҳақда CNN нашри Хитой давлат ОАВга таяниб хабар бермоқда.

Хитой шимолида жойлашган Тянсзин порт-шаҳарда қад кўтарган, аммо 2015 йилдан бери молиявий қийинчиликлар туфайли қурилиши тўхтаб қолган 597 метрлик Goldin Finance 117 осмонўпар биноси 2027 йилда қуриб битказилиши кутилмоқда.
117 қаватли минора 2008 йилдаёқ Хитойнинг энг баланд осмонўпар биноси бўлиши кутилган эди. Бу иншоот кучли шамол ва зилзилаларга бардош бера олиши учун улкан устунлар ёрдамида қурилган. Энг юқорисида сузиш ҳавзаси ва кузатиш майдончаси бўлиши режалаштирилган. P&Т Group архитекторларининг айтишича, юқори қаватларда офислар ва беш юлдузли меҳмонхона жойлашади.

Аммо лойиҳа 2015 йилда Хитой фонд бозорининг қулаши ортидан тўхтаб қолган. Бу эса Гонконгда жойлашган Goldin Properties Holdings компаниясининг келажагига жиддий хавф туғдирган. Бу компания раҳбари ва Goldin Finance 117 асосчиси Пан Сутонг бир пайтлар Гонконгнинг энг бой тадбиркорларидан бири бўлган бўлса-да, бу иқтисодий танглик оқибатида лойиҳани тўхтатишга мажбур бўлган.
Бинонинг қайта қурилиши 569 миллион юан (78 миллион доллар)га баҳоланмоқда. Бироқ давлат оммавий ахборот воситаларига кўра, энди собиқ қурувчининг номи бино қурилишига алоқадор бўлмайди. Осмонўпар бинодан фойдаланиш режалари ўзгаришсиз қолиш ёки қолмаслиги ҳали қоронғи.
Goldin Finance 117 баландлиги бўйича Шанхай минораси ва Шэньчжэндаги Пинг Ан молия марказидан ўзиб кетади. Қуриб битказилгандан кейин у мамлакатдаги учинчи (дунёдаги олтинчи) энг баланд осмонўпар бинога айланиши кутиляпти.
Душанба куни Хитойнинг Greenland Group компанияси жануби-ғарбий Ченду шаҳридаги илгари тўхтаб қолган Ченду Гренландия минораси устида ҳам ишлар қайта тикланаётганини маълум қилди. Баландлиги 468 метр бўлган осмонўпар бино қурилиши 2023 йилда тўхтатиб қўйилган. Сабаби қурувчи молиявий қийинчиликларга дуч келган, деб ёзади Reuters.
Иқтисодий қийинчиликлар кучайишига қарамай, Хитой осмонўпар бинолар қурилиши бўйича дунёда етакчиликни қўлдан бой бермаяпти. Баланд бинолар ва шаҳар муҳити бўйича кенгаш маълумотларига кўра, ўтган йили бутун дунё бўйлаб қуриб битказилган 200 метр ва ундан баланд 133 та осмонўпар бинонинг 91 таси Хитойда қурилган.
Изоҳ (0)