Xiaomi компанияси ходимларни ҳаддан ташқари узоқ иш кунига мажбурлашда айбланди. LinkedIn’нинг Хитой муқобили бўлган Маимаи платформасидаги маълумотларга кўра, ходимлар ҳар куни камида 11,5 соат иш жойида бўлишга мажбурланмоқда. Бу ҳақда GizmoChina хабар бермоқда.

Таъкидланишича, ушбу масала бўйича бир нечта ходим ОАВга изоҳ бериб, бу шикоятни тасдиқлаган. Уларнинг айтишича, етарли соат ишламаслик раҳбарият томонидан танбеҳга, баъзи ҳолларда эса ишдан бўшаш таклифига сабаб бўлиши мумкин.
Иш тартиби компаниянинг турли бўлимларига қараб фарқланади: баъзиларида иш кунининг энг қисқа давомийлиги 10,5 соат бўлса, бошқаларида 15 соатгача етади. Қайд этилишича, бундай талаблар расмий равишда белгиланмайди ва ҳужжатли из қолдирмаслик учун оғзаки тарзда етказилади. Бундан ташқари, ходимларнинг айтишича, компания таътил беришни хуш кўрмайди.

Ходимларнинг сўзларига кўра, иш вақтидан ташқари ишлаш тартиби тахминан икки йилдан бери давом этиб келаётган бўлса-да, бу вазият фақат энди ошкор бўлган.
Xiaomi ҳозирча мажбурий ортиқча ишлаш айбловларига ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Март ойи охирларида Xiaomi корпорацияси акциялари Гонконгдаги савдоларда ҳайдовчига ёрдам бериш тизимидан фойдаланган электромобиль ЙТҲга учрагани ҳақидаги хабарлардан сўнг 5,5 фоизга арзонлашганди.
Изоҳ (0)