Сўнгги йилларда ултра қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлар (Ultra-prossesed foods UPF) нинг соғлиқ учун зарарлари ҳақида кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бу маҳсулотлар таркибида турли кимёвий қўшимчалар — консервантлар, таъм берувчи модда, эмулгаторлар, сунъий ранглар ва лаззат кучайтирувчилар мавжуд бўлиб, улар маҳсулотнинг таъмини яхшилаш, сақлаш муддатини узайтириш ва ташқи кўринишини жозибадор қилиш учун ишлатилади. Эндиликда олимлар бундай маҳсулотлар фақатгина ортиқча вазн ва яллиғланиш эмас, балки мия тузилишида ҳам сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлишини аниқлашди.

Яқинда ўтказилган кенг қамровли тадқиқот натижалари бу борадаги хавотирларни яна бир бор кучайтирди. Буюк Британия биобанкидаги 33 мингдан ортиқ иштирокчининг соғлиғи ва овқатланиш одатлари таҳлил қилинар экан, олимлар ултра қайта ишланган маҳсулотларни кўп истеъмол қиладиган кишилар миясида муҳим ўзгаришлар юзага келаётганини аниқлашди.
Хусусан, гипоталамус, яъни очлик ҳисси ва моддалар алмашинувини бошқарувчи мия соҳасида ҳужайралар зичлигининг ортгани кузатилди. Бу яллиғланиш жараёнларининг ривожланаётганидан далолат беради. Бошқа томондан, мотивация ва лаззатланиш билан боғлиқ мия қисмларида ҳужайралар яхлитлиги пасайгани аниқланган. Бундай ўзгаришлар дегенератив жараёнлар ёки мия нейронлари фаоллигининг сусайишига ишора қилиши мумкин.
Тадқиқот натижалари қайта ишланган маҳсулотларнинг бошқа зарарли таъсирларини ҳам тасдиқлайди: уларнинг истеъмоли ёғ миқдорининг ортишига, қондаги шакар даражасининг ошишига ва фойдали холестерин даражасининг пасайишига олиб келади.

Тадқиқот ҳаммуаллифи, Монреаль неврология институтининг олими Филип Морис бу борада шундай дейди:
“Бизни энг ҳайратлантиргани — миядаги ўзгаришларнинг нақадар аниқ рўй бераётгани бўлди. Улар айнан иштаҳа тизимини бошқарувчи соҳаларда кузатилган. Бу эса ултра қайта ишланган маҳсулотлар одамнинг хатти-ҳаракатларига бевосита таъсир қилиб, яна ва яна истеъмол қилишга мажбур қилишини исботлайди. Натижада одам ўзи сезмаган ҳолда зарарли озиқ-овқатларга қарам бўлиб қолади”.
Шунга қарамай, тадқиқот тўлиқ амалга оширилмаганини унутмаслик керак. Олимлар бу йўналишда узоқ муддатли кузатувлар ва тажрибалар ўтказилиши зарурлигини таъкидламоқда. Шунга қарамай, мавжуд маълумотларнинг ўзиёқ барчани огоҳлантириши лозим: ултра қайта ишланган маҳсулотлар бизнинг нафақат танамизни, балки онгимизни ҳам ўзгартириб юборади. Бундай маҳсулотларга бўлган қарамлик соғлиқ учун хавфли оқибатларга олиб келади.

Ултрақайта ишланган маҳсулотларга қуйидагилар киради:
Тайёр ва енгил газаклар:
- Чипслар;
- Крекерлар;
- Печеньелар;
- Попкорн.
Ичимликлар:
- Ширин газли ичимликлар;
- Энергетик ичимликлар;
- Ароматизацияланган сувлар;
Тайёр овқатлар:
- Фастфуд (бургер, ҳот-дог, наггетслар);
- Музлатилган пишириқлар (пицца, пирог);
- Тайёр шўрвалар (Роллтон).
Ширинликлар:
- Шакарли конфетлар;
- Музқаймоқлар (саноат услубида тайёрланган);
- Ширин ёғлар (Nutella).
Гўшт маҳсулотлари:
- Колбаса, сосиска, (кўп миқдорда консервант ва туз билан ишланган);
- Музлатилган гўштли ярим тайёр маҳсулотлар.
Нонушта учун маҳсулотлар:
- Ароматизацияланган ёрмалар;
- Тайёр гранола батончиклари.
Изоҳ (0)