Ҳиндистонни глобал ишлаб чиқариш марказига айлантириш бўйича ислоҳотлар электроника ҳамда фармацевтика маҳсулотлари экспортида катта ютуқларга олиб келди. Мамлакат энди ҳарбий саноатда йирик ўйинчи бўлишга эътибор қаратмоқда. Жозибадор таклифлар билан.
Ҳиндистон Украинадан сўнг энг кўп қурол импорт қилувчи давлат ҳисобланади. У қурол хариди учун ўзининг EXIM Банки орқали узоқ муддатли, паст фоизли кредитларни тақдим этиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Деҳли ҳатто сиёсий ёки молиявий риск даражаси юқори бўлган давлатларни “қуруқ қайтармаяпти”.
Шу билан бирга Ҳиндистон хориждаги элчихоналарида ҳарбий атташелар сонини кўпайтириб, қурол савдоси бўйича баъзи битимларни тўғридан-тўғри давлат музокаралари даражасида ўтказяпти. Бундан кўзланган мақсад Россиянинг анъанавий харидорларини ўзига жалб қилиш бўлиши мумкин.
Геосиёсий омил
2022 йили Россия армияси Украинага бостириб киргач, Москванинг халқаро қурол-яроғ бозоридаги улуши сезиларли даражада камайди. Бунга уруш ички эҳтиёжларни кескин ошириб юборгани, шунингдек рус ҳарбий техникаларининг сифат кўрсаткичлари билан боғлиқ хавотирлар асосий сабаб бўлди. Бундан ташқари, Украинанинг ҳам Совет стандартларидаги ўқ-дориларга эҳтиёжи кескин ошиб кетди. Қолаверса, жараён бутун дунё бўйлаб қуролланиш пойгасига кучли туртки берди.

Бу рус стандартлари асосида қурилган, арзон ишчи кучи ва хом ашё захираларига эга Ҳиндистон ҳарбий саноати учун қулай имконият эди. Мамлакат 2023—2024 йилларда 14,8 миллиард АҚШ доллари қийматдаги қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техникалар ишлаб чиқарди. Бу 2020 йилдагига нисбатан 62 фоизли ўсиш дегани. Харидорлар эса асосан “учинчи дунё” давлатлари ҳисобланади.
“Ҳиндистон мудофаа экспортини ошириш йўлида қатъий қадамлар билан олға бормоқда”, деб ёзди мамлакат мудофаа вазири Ражнатҳ Сингҳ
Ҳиндистон 2024 йили қарийб 3 миллиард АҚШ доллари қийматдаги қурол-яроғ экспорт қилди. Мамлакат Арманистон, Ветнам, Саудия Арабистони, БАА, Филиппин ва ҳатто Украиана каби давлатларга Браҳмос ракеталари, Акаш ҳаво мудофаа тизимлари, танк ва артиллерия снарядларини етказиб бермоқда.
Изоҳ (0)