Россияда шубҳали операцияларни аниқлаш учун мигрантларнинг банк ўтказмалари устидан назорат ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Россия Бош прокуратурасининг иқтисодиёт соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси вакили Андрей Баукинга таяниб ТАСС хабар берди.

Хабарда айтилишича, бу таклиф мамлакат Бош прокуратураси томонидан қўллаб-қувватланган.
“Бизда ҳозир бемалол пластик карта билан келиб, ҳисоб рақамини очиш ва пулларни ечиб олиш мумкин. Банкларда бундай маълумот (мигрантлар ҳақидаги маълумотларни) олиш имконияти йўқ. Бу маблағларни ким олиб чиқиб кетаётганини тушунишимиз учун бундай маълумотлар алмашинувини ташкил этиш жуда муҳимдир, чунки у ерга баъзан бир автобус мигрантлар олиб келинади”, деган Бош прокуратура вакили.
2025 йилнинг бошларида Россияда мигрантлар пул ўтказмалари учун бож жорий этиш таклиф қилинганди.
“Мигрантларнинг пул ўтказмаларига давлат божини жорий этиш лозим... Агар 3 фоизлик бож жорий этилса, ғазна фақатгина икки мамлакатга — Қирғизистон ва Ўзбекистонга — ўтказмалардан 45 миллиард рублдан ортиқ маблағ олади. Наҳотки бизга шундай пул керак бўлмаса?! Қонунчилик ташаббусини тайёрлаб, Давлат Думасига киритамиз”, деган эди “Адолатли Россия” партияси етакчиси Сергей Миронов.
У 2024 йил якунларига кўра, Россиядаги Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ўз ватанига 14 миллиард доллардан ортиқ маблағ ўтказганини айтганди.
Марказий Осиёда меҳнат миграцияси миллионлаб фуқаролар учун асосий даромад манбаларидан бири бўлиб қолмоқда. 2024 йил ҳолатига кўра, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг 45 фоизини ташкил этди. Бу нисбий маънода дунёдаги энг юқори кўрсаткичдир. Қирғизистонда пул ўтказмаларининг ЯИМдаги улуши 24 фоизга, Ўзбекистонда эса 14 фоизга етган.
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги миграция масалалари бўйича янги тадқиқотига кўра, Ўзбекистонга пул ўтказмалари бўлмаганда мамлакатдаги камбағаллик даражаси ошиши мумкин.
Изоҳ (0)