Геосиёсий майдондаги ўзгаришлар, ўзаро келишилган ўйин қоидаларнинг девалвацияси ҳамда тобора кучайиб бораётган низолар ўз мавжудлиги ҳақида қайғурган ҳар қайси давлатни ҳарбий салоҳиятини кучайтириш ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қилмоқда. Глобал кучларнинг манфаатлари тўқнашган минтақа юраги – Ўзбекистон ҳам мустасно эмас.

Мамлакат аввалига ўз эҳтиёжларини ташқи манбалар ҳисобидан қондирган бўлса, кейинроқ маҳаллий имкониятларга диққат қаратилди. Учувчисиз авиация мажмуаларини илмий-ишлаб чиқариш марказининг ташкил этилиши бу борада дастлабки қадам бўлди. 2022 йили марказ турли миссияларга мўлжалланган “Лочин” оиласига мансуб дронларни намойиш қилди.
Учувчисиз учиш қурилмаларининг классификацияси
Дронлар улар мўлжалланган миссия ҳамда бажарадиган вазифага қараб бир неча турларга бўлинади. Илғор сенсорлар, кузатув ускуналари ёрдамида маълумот йиғадиган қурилмалар разведкачи сифатида таснифланади. Бундай учувчисиз учиш аппаратларига МQ-9 Reaper, Wing Loong ҳамда Bayraktar ТB2 кабиларни мисол келтириш мумкин. Йирик ҳажми сабаб улар зарбдор вазифаларни ҳам бажаради. Бу эса уларни бир вақтнинг ўзида ҳам разведка, ҳам ҳужум миссияларида қўллаш имконини беради.
Видео сигналларни реал вақт режимида узатиб, муайян ҳудудни мунтазам кузатиш имконини берувчи дронлар эса “кузатув” оиласига мансуб ҳисобланади. Улар душман ҳаракатларидан тактик даражада бохабар бўлиб туриш, қуролларни йўналтириш ва зарбадан кейин зарарни баҳолаш учун жуда муҳимдир. Россиянинг Orlan, Украинанинг Shark дронлари бунга мисол бўла олади.
Жанговар дронлар эса, ўз номи билан талафот етказишга мўлжалланган. Улар ҳаво ҳамда қуруқлик нишонларига қарши ракеталар билан таъминланиши ёки бир томонлама парвоз – камикадзе сифатида фойдаланилиши мумкин.
Ўзбекистонда-чи?
Учувчисиз учиш қурилмаларини ишлаб чиқариш мамлакат мудофаа саноатининг муҳим тармоқларидан биридир. Бу билан бир неча корхона ҳамда марказлар шуғулланиб келмоқда.
Қайд этилганидек, “Лочин” учувчисиз учиш қурилмалари оиласини тамсил этувчи умумий ном ҳисобланади. “Лочин” HА-341 (М1) модели кузатув, разведка маълумотлари тўплаш каби вазифаларни бажаради. 3,54 м×2,06 м ҳажмдаги дрон вертикал равишда кўтарилиб, 120 дақиқа давомида ҳавода қолиши, 50 километр масофага учиб бориши мумкин. Парвоз баландлиги 4,5 километрни ташкил қилади.
Бундан ташқари, қурилмани ҳужумкор миссияларда ҳам қўллаш имкони бор. Яъни қанотлар остига 3 кг оғирликдаги портловчи мосламалар, жумладан гранаталар орца бўлади. “Лочин” D-141 модели эса унинг бир оз торроқ доирадаги миссияларга мўлжалланган версияси ҳисобланади.
“Лочин” HB-352 бундан олдинги икки моделдан кенгроқ имкониятлари билан фарқланади. У 10 соат давомида ҳавода қолиши, 22 кг фойдали юк билан 150 км радиусда жанговар топшириқларни бажариши мумкин. Талабга қараб қурилмага электр ҳамда ички ёнув двигателларини ўрнаца бўлади. Унинг ўлчамлари 3,1×5,4 м ни ташкил қилади.

Мазкур оилага мансуб яна бир дронни гибрид қанотли ракета дейиш ҳам мумкин. Сабаби у турбореактив двигатель ёрдамида парвоз қилади. Бу унга ўз тезлигини 400 км/соатгача ошириш имконини беради. Унинг номи “Лочин” ВМ-1 бўлиб, ҳаво мудофаа тизимлари учун сохта нишон сифатида қўллашга мўлжалланган. Бироқ айрим кичик ўзгартиришлар билан камикадзе дронга айлантириш имкони ҳам бор.
Аммо каталог шу билан чекланмайди. Ҳаво разведкасини олиб бориш учун мўлжалланган “Лочин” HА-241 модели ҳамда “Бургут” сериясига мансуб тўрт турдаги дронлар ҳам маҳаллий ишлаб чиқарилмоқда.
Камикадзе дронлар
Bayraktar ТB2 каби дронлар кенг спектордаги вазифаларни бажариши билан машҳур. Аммо уларни ишлаб чиқариш, бошқариш учун юқори харажат талаб этилади. Қолаверса йирик ҳажм бу турдаги қурилмаларни ҳаво мудофаа тизимлари учун ўлжага айлантиради. Шу боис ҳарбийлар учун, айниқса, юқори интенсив уруш шароитида, осон ишлаб чиқариладиган, кўп чиқим талаб қилмайдиган дронлар керак. Бу — халқаро тренд.
“Жайра” мазкур чақириққа жавоб ҳисобланади. Уни расман “HABTZTEZ G9” деб аташади. Пикап базасига асосланган тизим юқори мобилликни таъминлайди. Бу беш кишилик оператив бўлинмага жанговар топшириқни бажариб, жавоб зарбаси келмасидан хавфсиз позицияга қайтиш имконини беради.
Тизим инвентаридан вазиятни реал вақт режимида кузатиш учун FPV-дрон ҳамда камикадзе дронлари жой олган. Бунинг ёрдами билан “Жайра” 50 километр масофадаги нишонларга зарба бера олади. Қолаверса, пикап устига душман дронларига қарши “Тўсиқ-2” маҳаллий электрон уруш тизими ҳам ўрнатилган. Бу ҳимоя чораси ҳисобланади.
Аммо “Жайра” пикап базасига асосланган ягона тизим ҳисобланмайди. Конструктив тузилишига кўра гексокоптер сифатида таснифланадиган учувчисиз учиш қурилмасидан ҳам мана шундай асосда фойдаланиш мумкин. У илк бор президент Шавкат Мирзиёевнинг мудофаа саноати корхоналарининг бирига ташрифи вақтида очиқланганди.
“Лочин” HА-251 модели “Жайра”да қўлланилган FPV-дронлардан кўп марта фойдаланиш мумкинлиги ҳамда ишлаш принципига кўра фарқланади. У камикадзе дрон эмас. Душман позицияси, зирҳли техникалари ҳамда ишчи кучига портловчи мосламалар ташлаш орқали ишлайди. Бунинг учун қурилма остида снаряд ҳамда гранаталар учун илгичлар мавжуд. Шу жиҳатдан у Украинанинг “Баба Яга” дронлари билан бир оилага мансуб ҳисобланади. Қурилма ярим соат давомида ҳавода қолиши, 10 кг фойдали юк кўтариши мумкин.
Камикадзе дронларга қайтсак, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Х-1 модели 50 километр, Х-2 эса 100 километр масофадаги нишонларга зарба бера олади. Биринчиси душман жонли кучи, енгил зирҳли транспорт воситаларига қарши мўлжалланган бўлса, иккинчиси янада йирикроқ нишонларни зарарсизлантиришда самарали ҳисобланади. Электр двигатель уларга тезлигини 120-130 км/соатгача ошириш имконини беради.

FPV-дронлар
Йирик ҳамда ўрта ҳажмли дронларни ишлаб чиқариш учун юз, баъзан эса миллионлаб доллар маблағ сарфланади. Аммо харажатлар шу билан чекланмайди. Уларни сақлаш, техник хизмат кўрсатиш каби “қиммат оворагарчиликлар” ҳам мавжуд. Кенг оммалашаётган, турлари ва модификациялари кундан кунга ортиб бораётган FPV-дронлар билан бундай дея олмаймиз.
Уларни ишлаб чиқариш арзон. Компонентларнинг аксариятини 3D принтер ёрдамида чоп этиш мумкин. Шундай қилиб, биргина қурилма нархи 300-600 долларга тушади. Уни жанговар қуролга айлантириш учун эса ўртача минг АҚШ доллари миқдорида харажат талаб этилади. Бироқ маҳоратли оператор бошқарувида у ниҳоятда хавфли қуролга айланиши, бир неча миллион доллар қийматдаги ҳарбий техникаларни сафдан чиқариши мумкин.
Бу турдаги дронлар бомбер ҳамда камикадзе сифатида таснифланади. Биринчиси ҳаводан портловчи ўқ-дорилар, жумладан гранаталар ташлашга мўлжалланган бўлса, иккинчиси ўзини нишонга бориб уриш орқали ишлайди – камикадзе ҳисобланади.
“Лочин” FPV-5, FPV-7, FPV-10 дронлари модификациясига қараб бу икки вазифадан бирини бажариши мумкин. Аммо булар асосий моделлар бўлиб, етарли маълумот берилмаган, очиқланмаган ёхуд ҳали ишланма босқичида бўлган учувчисиз учиш воситалари ҳам мавжуд.
Умуман олганда, дронлар ҳарбий фанда инқилоб ясади. Ҳарбийлар ичувчисиз учиш аппаратларини анъанавий қурол-аслаҳаларга интеграция қилиш орқали салмоқли ютуқларга эришиш, энг аввало инсоний талафотларни камайтириш мумкинлигини яхши англаб етди. Бу эса уларни замонавий урушларда янги воқеликка айлантирди. Ўзбекистон ҳам ўз хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун бунга жиддий эътибор қаратмоқда. Мудофаа саноати агентлиги тасарруфидаги корхона ва илмий марказлар хориж давлатлари билан ҳамкорлик билан бир қаторда, ички имкониятларни ҳам ишга солмоқда.
Изоҳ (0)