Хитой коронавируси

Хитойда коронавирус инфекциясидан бир кунда 150 киши вафот этиб, қурбонларнинг умумий сони 2592 кишига етди, деб хабар бермоқда Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси. Хитойда яна 406 киши коронавирус юқтириб олган (шундан 348 нафари Уханда), касалланган фуқаролар сони эса 77 150 кишига етган. Касалликдан даволаниб, шифохонани тарк этганлар сони 24 734 кишини ташкил этиб, сўнгги бир суткада 1846 киши даволангани айтилмоқда. Хитойнинг Ухань шаҳрида 24 февраль ҳолатига кўра, 195 киши коронавирус билан қайта касаллангани маълум бўлди.

Фото: Reuters

Хитойнинг олти провинциясида коронавирус сабаб жорий этилган фавқулодда вазиятга тезкор муносабат билдиришнинг энг юқори даражаси пасайтирилган. Улар орасида катталиги бўйича Хитойда иккинчи ўринда турадиган Гуандун провинцияси ҳам бор.

Хитойнинг энг юқори қонун чиқарувчи органи — Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши (БХХВК)нинг доимий қўмитаси душанба куни ҳар икки ойда бир марта ўтказиладиган навбатдаги сессиянинг очилишида коронавирус эпидемияси сабабли йиллик сессияни кейинга қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.

Фото: Al Jazeera

Эрон коронавирус қурбонлари сони бўйича Хитойдан сўнг иккинчи мамлакатга айланди. Сўнгги маълумотларга кўра, 43 киши касалланган. Арманистон бош вазири Никол Пашинян Facebook’даги саҳифасида Эронда коронавирус инфекцияси тарқалгани сабаб Арманистон Эрон билан чегарани ёпиб, авиақатновларни икки ҳафтага тўхтатганини маълум қилганТуркия ҳукумати ҳам худди шундай чоралар кўришини маълум қилган. Афғонистон ва Грузия Эрон билан авиақатновларни тўхтатган, Покистон эса Эрон билан чегарани вақтинча ёпган.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний мамлакат қуролли кучлари коронавирусга қарши курашга жалб этилиши, Ислом республикаси бу хавфни минимал йўқотишлар билан енгиб ўтишга ҳаракат қилишини маълум қилди.

Жамоатчиликнинг саломатлиги учун ҳамма давлат органлари, қуролли кучлари, жамоат ташкилотлари барча зарур чораларни кўради. Биз имкон қадар камроқ йўқотишлар билан энг қисқа фурсатда касаллик устидан назорат ўрнатишни мақсад қилганмиз.

Ҳасан Руҳоний

Эронда илк касалланиш ҳолати 19 февраль, чоршанба куни, шиалар учун муқаддас ҳисобланган Қум шаҳрида аниқланган, инфекциянинг асосий ўчоғи ҳам шу ерда. Эрондаги коронавирус беморларининг аксарияти ё Қум шаҳридан, ё Қумга борганлар. Эҳтиёт чораси сифатида Эроннинг бир қатор вилоятларида ўқув муассасалари ёпилган, шунингдек, маданий тадбирлар бекор қилинган.

Фото: AFP

Афғонистонда коронавирус билан касалланишнинг илк ҳолати қайд этилди. Ҳиротда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси коронавирус сабаб ёпилиши мумкин. «Дарё»нинг ҳукуматдаги манбасига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штабининг 24 февралдаги йиғилишида айнан Афғонистондаги вазият муҳокама қилинган. Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон—Афғонистон чегарасини вақтинча ёпиш, шунингдек, икки давлат ўртасидаги бошқа муносабатларга доир бошқа масалалар, кўриладиган чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинган.

Фото: Meduza

Италияда коронавирус авж олмоқда: Карнавал, модалар намойиши, футбол учрашувлари бекор қилинди. 23 февраль оқшомига келиб Италияда янги вирусни юқтириб олиш билан боғлиқ 152 та ҳолат аниқланган, улардан уч нафари вафот этган. 26 беморнинг аҳволи оғир. Италия COVID-19’нинг Европадаги энг катта ўчоғига айланди.

Австрия ҳукумати коронавирус сабаб тўхтатиб қўйилган иккита Италия поездларнинг 500 га яқин йўловчисини текширгандан сўнг Бреннер довони орқали ўтказиб юборган. Юқори тана ҳарорати аниқланган икки кишида коронавирус мавжудлиги тасдиқланмаган. Йўловчилар италиялик шифокорлар томонидан текширилгач, расмий Вена поезд ҳаракатига рухсат берган.

АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой раиси Си Цзиньпин янги турдаги коронавирус сабаб юзага келган пневмония эпидемиясини бартараф эта олишига ишонишини билдирди. Бу ҳақда у Ҳиндистонга учиб кетишидан олдин Оқ уйда журналистлар билан бўлиб ўтган суҳбатида маълум қилган.

Коронавирус — катта муаммо, аммо Си Цзиньпин ўз мамлакатини яхши кўради. У жудаям кўп ишлаяпти ва муаммога ечим топади.

Дональд Трамп, АҚШ президенти

Трампнинг қўшимча қилишича, АҚШда коронавирус 12 кишида аниқланган бўлиб, аксариятининг аҳволи яхшиланган.

Фото: Reuters

Буюк Британияда коронавирусга чалинганлар сони 13 кишига етди: Diamond Princess кемасидан 24 февраль, душанба куни, эвакуация қилинган 32 кишининг тўрттасида коронавирус борлиги аниқланди, умумий ҳисобда мамлакатда касалликка чалинганлар сони эса 13 кишига етди.

Diamond Princess круиз кемаси Япониянинг Йокогама портида 4 февралдан бери карантинда турибди. Кемада вирус тарқалаётгани 1 февраль куни Гонконгда тушиб қолган 80 ёшлик йўловчида янги турдаги вирус аниқланганидан сўнг маълум бўлган эди. Кемада жами 3,7 минг киши бўлган, уларнинг 600 нафарига коронавирус ташхиси қўйилган.

Бошқа янгиликлар борми?

«Ўзгидромет» 26—27 февралда Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи ҳудудлари (Астрахан) устида шаклланган нам ва совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши ҳисобига, республика бўйича вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор), айрим жойларда ёғинлар кучли бўлиши ҳақида маълум қилди. Қамчиқ довонида кучли қор ёғиб, йўллар музлаши мумкин.

Фото: «Дарё»

Ўзбекистонда доллар курси қаторасига тўртинчи ҳафта пастлади. Унга кўра, долларнинг расмий курси 2,21 сўмга пасайиб, 9 526,28 сўмни ташкил қилди. Евро курси 10 сўмга кўтарилиб, 10 329,35 сўмга етди.

Ўзбекистонда яна бир хусусий бандлик агентлиги фуқароларни 2,6 миллиард сўмга чув туширгани аниқланди2019 йил октябрь ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Korean and migrations хусусий бандлик агентлиги МЧЖга берилган Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этувчи лицензия тўхтатилгани ҳамда шу йили ноябрда Ўзбекистонда фирибгарликда гумонланаётган Жанубий Корея фуқаросига жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабарлар берилган, ушбу жиноий иши бўйича тергов тафсилотлари маълум қилинганди. Human хусусий бандлик агентлигидан жабр кўрганларнинг эса пуллари қайтарилмоқда.

Фото: «Дарё»

Анвар Санаев — антиқа «запрет»ларга тушиш бўйича рекордчи: беш йиллик биринчи «запрет» амалдорнинг тўйи билан боғлиқ экан (мана бу ерда тўлиқ видео бор).

«Ўзбекистон тўқимачилик саноатини бойкот қилишдан фойда йўқ», — дейди Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Cotton Campaign вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувга изоҳ бераркан. Коалиция делегацияси февраль ойининг бошларида ишчи ташриф билан Ўзбекистонга келганди.

Фото: «Дунё» ахборот агентлиги

Тошкентнинг ҳар бир туманида бир миллион дарахт экилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев Яккасарой тумани Юнус Ражабий номидаги маҳаллада 81 та кўп йиллик дарахт кесиб ташланиши ҳодисасидан сўнг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Кадр: «Ўзбекистон 24»

Эслатиб ўтамиз, Юнус Ражабий номидаги маҳаллада юз берган ҳодиса жамоатчилик эътирозига сабаб бўлиб, шаҳар ва мамлакат раҳбарияти эътиборини ўзига қаратгач, кесиб ташланган дарахтзор ўрнида зудлик билан янги яшил маскан барпо этишга киришилди, дарахтларни кесишга рухсат берган Яккасарой тумани ҳокими ўринбосари ва дарахтзор ўрнида кўп қаватли уй қурмоқчи бўлган тадбиркорга қарши жиноят иши очилди, бир қатор масъуллар ҳайфсан олди.

Ўзбекистонда яна нима янгиликлар?

«Нуристон» полигонида шартли душманни яксон этиш бўйича ҳарбийлар маҳорати синовдан ўтказилди (фотолари ҳам бор). Украина Ўзбекистон билан авиақатновларнинг қайта тикланишига қизиқиш билдирмоқда. Юнусободдаги хонадонда ёнғин юз берди. Деновдаги савдо мажмуасида юз берган ёнғинда 18 та савдо объекти ёниб кетди.

Ўзбекистонда хусусий мактабларда ҳам ҳижоб тақиқланиши мумкин. Уруш йиллари Ўзбекистонга раҳбарлик қилган Усмон Юсуповнинг уй-музейи реконструкция қилинмоқда. Ўзбекистонда фуқароларнинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ суратларни тарқатганлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда электр транспорт воситаларининг ривожланишига ёрдам бермоқчи. Ўзбекистонда 68 минг талабанинг ётоқхонага эҳтиёжи бор. Уни қондириш учун 3 триллион сўм керак.

Жиноятлар. Хотинини Жиззахда бўғиб ўлдирган эркак беш кундан сўнг Самарқандда осилган ҳолда топилди. «Унинг чўнтагида 17 февраль куни Жиззах шаҳри «Кимёгар» маҳалласи Сайилгоҳ кўчасидаги хонадонда 1991 йилда туғилган рафиқаси Н.Г.ни қасддан ўлдириб, устидан қулфлаб кетгани ҳақидаги хати мавжудлиги аниқланган», — дейилади прокуратура ахборотида.

Ўзбекистон санъат музейидаги қадимий сўзана сохтасига алмаштирилгани маълум бўлди. Экспонатни алмаштириб, чет элга сотган ходим қамалган.

Андижон вилоятидаги туман тиббиёт бирлашмасида қарийб 300 миллион сўм талон-торож қилингани аниқланди. Маълум бўлишича, бирлашманинг пуллик хизмат бўлими мансабдор ва моддий жавобгар шахслари 2018—2019 йиллар давомида тиббий кўрикдан ўтиш учун мурожаат қилган 4 905 нафар фуқаро тўлаган пулларни бўлим ғазнасига кирим қилмай ўзлаштириб юборган.

Жаҳонда-чи?

Америкалик сайловчиларнинг ярмидан кўпи (65 фоиз) АҚШ президенти Дональд Трамп 2020 йил ноябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловда президентликка қайта сайланишига ишонади. 13—16 июль кунлари Висконсин штатида Демократлар партияси сезди бўлиб ўтади ва унда Дональд Трамп рақибининг исми эълон қилинади. Аввалроқ Оқ уй Трампга қарши бўлганларнинг рўйхатини тузмоқчи эканлиги хабар берилган эди.

«Намасте Трамп»: АҚШ президенти Дональд Трамп 24 февраль, душанба куни, Ҳиндистонга ташриф буюрди. 24 февраль куни Трамп Аҳмадобод шаҳрига ташриф буюради ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан бирга республикадаги энг катта крикет аренасида нутқ қилади. Стадионга бориш йўлида уларни 7 миллион одам қарши олиши айтилмоқда. Хўш, АҚШ президентининг Ҳиндистонга ташрифига қандай тайёргарлик кўрилди? Ушбу фотогалереяни албатта кўринг.

Foto: AFP

АҚШ президенти Дональд Трамп «Толибон» жангарилари билан битим тузишга умид қилаётганини билдирди, чунки томонлар низолардан чарчаган ва тинчликни истамоқда.

Биз Афғонистонда 19 йилдан бери бормиз. Ўйлашимизча, улар келишув истамоқда. Биз ҳам буни хоҳлаймиз. Фикримча, бу иш бера бошлади. Улар жангдан чарчади. Келишув битими остида ўз имзомни қўйган бўлардим.

Дональд Трамп, АҚШ президенти

АҚШ давлат департаментининг Майкл Помпеога таяниб маълум қилишича, АҚШ «Толибон» ҳаракати билан 29 февраль куни тинчлик битимини имзолашга тайёрланмоқда.

Малайзия бош вазири Маҳатхир Муҳаммад истеъфога чиқди. Таъкидланишича, бош вазир Малайзия қиролига истеъфога чиқариш ҳақидаги илтимосномани йўллаган, бошқа тафсилотлар номаълум.

Foto: Reuters

Данияда Lego констукторининг одам ҳайкалчалари асосчиси Йенс Кнудсен вафот этди. У 78 ёшда эди.