Ўзбекистонда сўмдаги кредит ставкалари бир ойда 0,6 фоиз кўтарилди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

Сўмдаги кредит ставкалари
Жорий йил июнь ойида Ўзбекистон банкларида аҳолига ажратилган ўртача кредит ставкалари 23,7 фоизи ташкил этди. Май ойида ставкалар 23,1 фоиз эди. Апрелда эса ундан ҳам пастроқ — 22,9 фоиз.
Бироқ йиллик ҳисобда кредит фоизларида пасайиш кузатилганини кўриш мумкин. 2024 йил июнда аҳолига кредитлар ўртача 24,6 фоиздан берилган. Йил давомида энг юқори фоиз декабрда кузатилган бўлиб, ўртача 24,9 фоизгача етган.
2025 йил июнда корхоналар учун ажратилган кредитлар ставкалари 22,8 фоиз бўлган (2024 йил июнда 22,7 фоиз). Май ойида 22,6 фоиз эди.

Хорижий валютадаги кредит ставкалари
Ўтган ойда чет эл валютасидаги қисқа муддатли кредитлар ставкалари ўртача 10 фоизни, узоқ муддатлилари 9,7 фоизни ташкил этди. Май ойида кам вақтга берилган қарзлар 10,3 фоиз, нисбатан кўп муддатга ажратилган кредитлар 9,4 фоиз эди.
Бир йил илгари қисқа муддатли хорижий валютадаги кредитлар 10,2 фоиз, узоқ муддатга ажратилганлари 9,5 фоиз бўлган. Ўтган йили сентябрда қисқа муддатга ажратилган кредитлар ставкалари ўртача 11,4 фоизгача етган.

Омонат ставкалари қанча?
Жорий йил июнда аҳоли учун сўмдаги депозитлар ставкалари 21,4 фоизни, юридик шахслар учун 17,9 фоизни ташкил этди.
2024 йил июнида депозитлар ставкалари фуқароларга ўртача 22 фоиз, корхоналарга 17,9 фоиздан тўғри келган. Умуман олганда, аҳоли ўтган йил июндан 2025 йил апрелигача банкларга 22 ва ундан юқори фоизларда депозит жойлаш имконига эга бўлган. Депозит ставкалари апрелда 21,6 фоизга, майда 21,5 фоизга тушган.
Шу йилнинг июнида чет эл валютасидаги депозитлар ставкалари жисмоний шахсларга 4,8 фоиз, юридик шахсларга 4,2 фоиз бўлган. Бир йил илгари аҳоли банкларга ўртача 5,8 фоиздан, корхоналар 5,4 фоиздан омонат қўйган.
Изоҳ (0)