Энг юқори ўтиш балли ҳуқуқ, энг қуйи балл ветеринария йўналишлари учун белгиланган. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

2025/2026-ўқув йили учун хорижий ва нодавлат ОТМлардан давлат олийгоҳларига ўқишни кўчириш учун ўтиш баллари тасдиқланди. Баллар ўз тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар таклифлари асосида шакллантирилган.

Ҳуқуқ йўналишига ўқишни кўчириш учун талабгор камида 165 балл тўплаши керак. Бу бошқа барча соҳалар орасида энг юқори ўтиш балли ҳисобланади. Бир йил илгари мазкур йўналишга ўқишни кўчириш учун 140 балл йиғиш сўралган. Яъни 12 ой ичида имтиҳондан ўтиш кўрсаткичи 25 баллга ошган.
Кейинги юқори ўтиш балли соғлиқни сақлаш соҳасидаги талабгорлар учун бўлиб, 129 баллни ташкил этади (бир йил олдингидан ўзгармаган).
Энг паст баллар ветеринария (60 балл), қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликлари (70 баллдан) соҳалари бўйича тасдиқланган. Мазкур йўналишлар учун ўтиш баллари ўтган йилги ҳолида қолдирилган.
Ижтимоий фанлар ёки бизнес бўйича ўқишни кўчирмоқчи бўлганлар камида 105 балл тўплаши керак.
Таълим, тиллар, атроф-муҳит, математик ва статистика, ижтимоий таъминот соҳалари бўйича имтиҳонда минимум 94 балл йиғиши зарур.
Физика, биология ва умуман табиий фанлар соҳалари бўйича ўқишини давлат олийгоҳларига кўчираётганлар камида 80 балл олиши шарт.
Изоҳ (0)