Камида 1110 нафар Ўзбекистон фуқароси Россия Федерацияси Қуролли Кучлари билан шартнома тузган. Бу рўйхат тўлиқ эмас: Россия ёки бошқа давлат фуқаролигига эга бўлган этник ўзбекларни ҳисобга олсак, уларнинг умумий сони бир неча мингга етиши мумкин. Бу ҳақда Украинанинг “Хочу жить” (“Яшашни истайман”) лойиҳасининг Telegram каналида маълум қилинди.




Лойиҳада таъкидланишича, бу ҳарбий асирлар рўйхати эмас.
Маълумотларга кўра, Россия Қуролли Кучлари билан шартнома тузганлар орасида камида 109 киши ҳалок бўлган. Улар орасида энг ёши 21 ёшга тўлмаган, энг каттаси 62 ёшда. Ҳалок бўлганлардан бири шартнома имзолаганидан кейин 8 кун ҳам яшамаган.



“Россия Қуролли Кучларига ўзбекларни ёллаш тарихи тожиклар билан жуда ўхшаш: Ўзбекистондан келаётган муҳожирлар оқими камайиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, Россия давлати эса улардан “тўп гўшти” сифатида фойдаланишдан мамнун. Марказий Осиёдан келганларни ўз ҳукмлари бўлиб қоладиган ҳужжатни имзолашга эса қамаш ва депортация қилиш таҳдидлари билан “рағбатлантирмоқдалар”, дейилади хабарда.



Маълумот учун, “Яшашни хоҳлайман” — Украина Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси кўмагида ташкил этилган ҳарбий асирлар масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи штабнинг давлат лойиҳаси ҳисобланади. Лойиҳа Россия Федерацияси ва Беларусь Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг ихтиёрий равишда асирликка таслим бўлиши учун яратилган.
Олдинроқ Украинага қарши Россия армияси сафида жанг қилган шимолий кореяликларнинг 600 га яқини ҳалок бўлгани маълум қилинганди.
Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди 4 декабрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида Украинага қарши Россия томонида жанг қилган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан ҳукм чиқарганди.
Фарғона вилоятида фуқароларни Россия—Украина урушига жўнатишга уринган такси ҳайдовчиси ушлангани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)