Марказий Осиёдан Россияга иш излаб келган муҳожирлар босиб олинган Украина ҳудудларидаги қурилишга жалб қилинмоқда. Аммо уларнинг аксарияти ўз ватанидаги қонунларни бузган ҳолда уруш зоналарида кўриниш бермоқда. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Журналистларнинг таъкидлашича, муҳожирлар Россия веб-сайтлари орқали ёлланади, уларга бозордаги ўртача қийматдан сезиларли даражада юқори иш ҳақи эвазига фронт олди ҳудудларидан иш таклиф қилинади. Россия ўз назорати остидаги Украина ҳудудларидаги қурилишга Марказий Осиё ва бошқа қўшни мамлакатлардан 100 мингдан ортиқ ишчи жалб қилмоқчи.
Шу тариқа Донбассдаги қурилиш майдончасида бир ойлик иш учун мигрантларга саёҳат, турар жой ва тиббий суғурта билан 350 минг рублгача (деярли 4 минг доллар) иш ҳақи ваъда қилинмоқда. Масалан, завод механизатори ойига 2000 долларгача маош олади, бу 2023 йилга нисбатан деярли 20 фоизга юқори.
Муҳожирларга юридик ёрдам кўрсатувчи Тонг Жаҳони нотижорат ташкилоти директори Валентина Чупик у бирга ишлаган 50 га яқин мигрант ўз ихтиёри билан Украинага ишлашга кетганини айтди.
Бироқ уларга ваъда қилинган маош берилмаган. Мигрантлар Россияга қайта олмаган ҳам, — дейди у.
Чупик амалиётида муҳожирларни қурилиш майдонларидан жанговар зонага юбориш ҳолатлари мавжуд. У ерда марказий осиёлик ишчилар хандақ қазишлари ёки жангларда бевосита иштирок этишлари мумкин.
Bloomberg’нинг Марказий Осиё республикалари аҳолисидан бўлган бошқа суҳбатдошлари Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари конфликтда қатнашиши учун фаол жалб этилаётганини айтмоқда.
Россия президенти Владимир Путиннинг айтишича, ҳукумат босиб олинган Украина ҳудудларини тиклашга ҳар йили 1 триллион рублдан (тахминан 11 миллиард доллар) сармоя киритмоқда. Россиянинг қўшиб олинган ҳудудларга таъсирини кучайтиришга қаратилган ушбу қайта қуриш ҳаракатлари катта ишчи кучи оқимини талаб қилади. Бироқ, Россия аллақачон жиддий ишчи кучи танқислигига дуч келмоқда.
Bicotender маълумотлар базасига кўра, 2023 йилда Россияда Мариуполда қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш учун 47 та тендер ўтказилган. Уларнинг умумий қиймати 2 миллиард рублдан (21,9 миллион доллар) ошди.
Изоҳ (0)