Актриса ва инстаблогер Луиза Расулова 24 апрель куни 30 ёшни қарши олди. Ижтимоий тармоқдаги кескин чиқишлари билан танилган актрисанинг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташлаймиз.
Луиза Расулова бугунги кунда ўзбек шоу-бизнесидаги энг кўп муҳокама қилинадиган актрисалардан. У ҳамкасблари томонидан маънавий “ҳужум”га учраган, Туркиянинг юқори рейтингли сериалини очиқ саҳналар сабаб рад этган ва кейинчалик бундан афсусланган.
“Дадамнинг вафотидан кейин бозорда кийим-кечак сотганман”
Луиза Расулова болалиги ҳақида гап кетганда, бозорда кийим сотгани, онаси эса пул топиш учун қариндошларининг уйини тозалаганини эслайди.

— Болалигимдан актриса бўлишни орзу қилмаганман, аммо шунга қобилиятим бор эди. Боғча, мактабдаги саҳна кўринишларида фаол эдим, ролларим яхши чиқарди. Шу сабабли ҳам раҳматли дадам “актриса қизим, бу актриса бўлади”, деб эркалардилар. Лекин санъат соҳасида ўқишим учун алоҳида курсларга бормаганман. Дадам вафот этганларидан сўнг, шу кичик орзулари эди, дея актриса бўлишга қарор қилганман. Отамнинг ўлимидан кейин қийналиб қолганмиз. Ҳам мактабда ўқиб, ҳам ишлаган пайтларим бўлган. Бозорда кийим-кечак сотганман.
Ўша вақтларда акам билан мен ишлаганман, онамни ишлатмаганмиз. Чунки юраги касал, отамнинг вафотидан сўнг унинг ҳолати янада ёмонлашганди. Худога шукр, бугунги кунгача ишлатмадик. Лекин нонсиз қолиб кетган пайтларимизда, бировларнинг уйини, ҳатто, қариндошларимизнинг уйларини тозалаб, бизга нон топиб келган пайтлари бўлган, дея хотирлайди у.
“Илк машинамни 19 ёшимда сотиб олганман”
Луиза Расулова 16 ёшида “О, Марям, Марям” фильмида суратга тушган, ундан аввал эса “Хазина” фильмида бош қаҳрамонни маҳорат билан ижро этиб улгурган. Шу кунга қадар кўплаб фильмларда суратга тушган актриса ижодидаги энг омадли ролини “О, Марям, Марям” даги образи деб ҳисоблайди.

— Мактаб вақтлари Чирчиқдан Тошкентга, “Ўзбекфильм”га қатнардим. Мени азалдан танийдиган режиссёрлар билади, қўнғироқ қилиб “илтимос, мени кинога қабул қилинг, бир марта имкон беринг”, деб тинмасдим. Охир-оқибат мени қабул қилишган.
Илк ролим Фаррух Хамраевнинг клипида суратга тушиш билан бошланган. Кинодаги дебютим эса 15 ёшимда маҳоратли актёрлар иштирокидаги “Ёндиради, куйдиради” фильмида бўлган. Аввалига эстрада-цирк коллежида ўқидим. Сўнг у ердаги ўқишим чала қолди ва мен Украина, Киевдаги санъат олийгоҳига ҳужжат топширдим. Олий маълумотга эгаман, аммо баъзи санъаткорлар менга “ўқимаган қиз” деб тош ҳам отиб қўйишган.

19 ёшимда ўзимга биринчи шахсий автомобиль сотиб олганман. Ундан кейин 2019 йилда тўй хизматлари, съёмкалар-у рекламадан ишлаб топган пулларимга Тошкентдан янги хонадон харид қилдим. Бу уйим ҳеч қандай реклама эвазига келмаган. Таъмирлатаётганимда ҳам ҳеч бир буюм реклама орқасидан кирмаган, ҳаммасини ўзим қилганман, Худога шукур, дейди у.
“Съёмкаларга ҳеч қачон ёлғиз бормайман”
Одатда санъаткор аёлларнинг оиласидаги эркаклар қизи ёки аёлининг санъат йўлидан кетишини истамайди. Хўш, Луиза Расулова ҳам бундай қийинчиликлардан ўтганми?

— Оиламдагилар менинг феъл-атворимни яхши билади. Санъатга кириб, ёмон йўлдан кетмаслигимга ҳам ишонишган. Мени анчадан бери танийдиган инсонлар билади, ҳеч қачон ёлғиз ўзим юрмайман. Қаерга борсам ҳам доим акам ҳамроҳлигида бораман. Ҳеч қайси тўй, съёмка, кўрсатувга ёлғиз бормаганман. Шунинг учун ҳам кўнгиллари тўқ. Умуман, оиламда менинг санъатимга қарши бўлганлар йўқ, дейди актриса.
“Instagram’имнинг 77 фоиз кузатувчиси — эркаклар”
Актрисанинг Instagram’даги расмлари алоҳида мавзу. Унга энг кўп шу мавзуда савол беришади. Хўш, у нима сабабдан ўз саҳифасига асосан тор кийимларда тушган расмларини жойлайди?

— Instagram саҳифамни 77 фоиз эркаклар, 33 фоиз аёллар кузатади. Нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ давлатлари, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон… Улар мени жуда яхши танийди. Тўғри, мен тор кийинаман. Очиқ кийинишим ҳам мумкин. Лекин меъёридан ошиб кетмаган. XXI асрда яшаяпмиз. Кўчадаги қизлар ҳам шим кияди, тор кийинади. Лекин фақат санъаткорнинг кийган кийими одамларга кўринади. Одам расмда ҳам, видеода ҳам ўзи хоҳлаган нарсани кўради, бу ўзининг тарбиясига боғлиқ. Буни кўп таъкидлайман.
Дилноза Кубаева билан мени солиштириш жуда хато. Мен ёш актрисаман, Дилноза опанинг ёши мендан каттароқ. Ҳамманинг йўли, ризқи бўлак. Менинг ролим Дилноза Кубаевага ёки уники менга қолиб кетмаган. Мен кимгадир қараб, санъатга кириб келмаганман. Кимдир мени ёқтирмайдими, томоша қилмасин.
“Мени мусулмон эмас, деб ўйлашади”
Актриса исми Луиза бўлгани сабабли кўпинча ноўрин гап-сўзларга дуч келади.

— Ижтимоий тармоқларда расмларим остига ёзилаётган ноўрин танқид сабабли баъзида изоҳларни ёпиб қўяман. Менга “намоз ўқи, мусулмонмисан ўзи”, деб ёзишади. Аммо ўша одамларнинг ёзаётган гапини ўқиб бўлмайди, ҳатто. Алҳамдулиллоҳ, мусулмонман, лекин намоз ўқимайман. Қисқа суралар ўқийман. Исмим Луиза бўлгани учун кўпчилик мусулмон эмас, ўзбек эмас деб ўйлайди. Ундай эмас, дейди актриса.
“Муҳташам юз йил”га таклиф қилишган
Актриса “Муҳташам юз йил” сериали кастингида иштирок этгани, Изабелла ролига таклиф қилингани, аммо сериалдаги очиқ саҳналар туфайли сурат тушишни рад этгани ҳақида гапирди.

— “Муҳташам юз йил” сериалига Украинада кастинг бўлган эди. Мен сериалдаги малика Изабелла образи учун синов топширганман. Турк режиссёрлари ўшанда видеоқўнғироқ орқали ҳам кастинг ўтказганди. Сериалда очиқ саҳналар борлигини билганим учун бу образ менга тўғри келмаслигини тушунганман. Уларга қора сочли, осиёликларга хос ташқи кўринишга эга қиз керак бўлган, мен бу ролни рад этганман. Мен ўша пайтда жуда ёш эдим, ҳатто паспорт ҳам олмагандим. Сериал эфирга узатилганидан сўнг унда суратга тушмаганимдан афсусланганман. Чунки жудаям яхши чиққан, дейди Луиза Расулова.
“Эркак ҳамкасбимдан ‘кўнгилни айнитяпсан’ деган SMS келган”
Луиза агар ортга қайтиш имкони бўлганда, санъат йўлини танламаслиги ҳақида гапирди.

— 20 йил ортга қайтиш имконим бўлганда, санъатни танламаган бўлардим. Чунки аёл киши учун санъатда “яшаб қолиш”, унинг юкини кўтариш осон эмас. Ёш актрисаларни ҳамкасблари қўллаб-қувватлаши керак, шунда ўсиш бўлади. Мен ижодга энди кириб келганимда ҳамкасбларим янги чеҳра сифатида оддий қабул қилган, ҳеч қандай негатив бўлмаган. Аммо сўнгги йилларда мени жуда кўпчилик ёмон кўриб қолди. Нега, сабабини билмайман. Мен бошловчилик ҳам қиламан. Тўғри, сухандонлик ёки журналистикани битирмаганман, лекин бу менинг даромадим, онамни боқишим керак. Аммо баъзида ҳеч бир сабабсиз профессионал бошловчилардан турли “ҳамлалар”, негативлар бўлади. Уларга ёмонлигим тегмаган ёки тўйини олиб қўймаганман.

Бир куни кечаси соат 2:00 да менга профессионал эркак бошловчидан смс келди. “Одамнинг кўнглини айнитяпсан, у ерингни, бу ерингни реклама қиляпсан. Ўқимагансан, ўқиган актрисаларнинг номига доғ туширяпсан”, деган гапларни ёзган. Бу очиқ ҳамла. Мен у инсон билан тўйларда кўришиб қолсам, акамдек яхши муомалада бўлардим. Лекин нега менга ўзидан-ўзи бундай ёзганини тушунмадим. Аёл киши ёзса-ку, тушунардим, чунки аёл аёлни “кўра олмаслиги” табиий ҳол, дейди актриса.
“Қаровсиз ҳайвонларга ёрдам бериб ҳам негативга учрадим”
Актриса Луиза Расулова қаровсиз қолдирилган ва шафқатсиз муносабат қурбони бўлган итларга ёрдам бериб одамлардан салбий муносабат олган. Баъзи эркаклар Луиза жойлаган постга“Ит итга ёрдам беради-да” каби изоҳлар ёзган. Актриса табиатан жонзотларга жуда меҳрибон. Ўзи ҳам уйида Гоша лақабли гапирувчи тўтиқуш боқади.
-YFX7aS7s.avif)
— Қаровсиз қолдирилган ва шафқатсиз муносабат қурбони бўлган итларга ёрдам бериб одамлардан эшитмаган гапим қолмади. Турли гаплар суяк-суягимдан ўтиб кетди. Тўғриси, айбим нимадалигини билолмаяпман. Нима қилдим, айбим нима дедим. Ҳайвонларга ўзимни кўзим билан кўраётган муносабатни кўрсатиш керак деган мақсадда уларга ёрдам беришни тарғиб қилдим. Итларни ўлдириб юбориш керак, деган гапларни ёзган инсонлар инсонларни ўлдиришдан тоймайди. Бу нарсани баҳолаш одамларга эмас, қилишни хоҳлаган ишимни қилдим, дейди актриса.
“Қишлоқ йигитига ҳам турмушга чиқавераман”
Луиза Расулова турмуш ўртоғи санъатдан воз кечишини истаса, унинг шартини қабул қиладими?

— Оддий қишлоқ йигитига ҳам турмушга чиқишим мумкин, лекин осмондан тушгандек келиб, санъатни йиғиштир, деса, индамай тегиб кетавермайман. Чунки минг машаққат билан санъатда ўз ўрнимни топганман. У инсон санъатни ташлаганимдан сўнг ҳам зерикмаслигимга шароит яратиб берса, нега йўқ? Айнан пул, бойликни назарда тутмаяпман, дейди Луиза Расулова.

Актриса 2019 йилда “Рўзғорга barakat” шахсий фондини очган. Фонд фаолияти вақти-вақти билан тўхтаб турса-да, у ўз ҳисобидан ҳам эҳсонга муҳтож инсонларга ёрдам бериб келади.
Изоҳ (0)