Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан жаҳон меҳнат бозорида юзага келган муаммолар, хусусан, урушнинг ўзбек мигрантларининг ҳаёти ва даромадларига бўлаётган таъсири ҳақида тадқиқотчи Жаҳонгир Остонов “Дарё”га ўзининг таҳлилий мулоҳазаларини тақдим этди.
Кутилган уруш
2022 йил февраль ойида кўпчилик учун кутилмаган вақтда Россия Федерацияси ва Украина Республикаси ўртасида уруш ҳаракатлари бошланди ва бу жараён ҳозирга қадар давом этиб келмоқда. Ушбу урушнинг юзага келиш сабаблари ХХ асрнинг 90 йилларидан бери давом этиб келаётган можаро саналар эди. Айниқса, 2004 йилда ғарбпараст B.Юшенконинг ҳокимият тепасига келишига асос бўлган “Зарғалдоқ инқилоби” натижасида Россия томонидан доимий равишда мумкин бўлган ричаглар билан Украина ҳукуматига босим давом этди ва 2014 йилда охир-оқибатда кўп давлатлар томонидан ҳали ҳануз тан олинмаган Қрим аннексияси амалга оширилди. Шу даврдан бошлаб икки ўртада йирик ҳарбий низо бўлиши аниқ эди, аммо Украина бу борада унга зарур қўлловни олмагунча бир оз бу масалада эҳтиёткорлик билан иш тутди. Аммо ўша вақтдаёқ уруш воқеалари кўплаб иқтисодий муаммоларга сабаб бўлган эди, бугунги уруш эса дунёда дон, нефть ва газ, оғир металлургия ва кўмирга бўлган талабнинг ортиши ва нарх навонинг сезиларли ошишига сабаб бўлди. Бу муаммо, албатта, мигрантлар ҳаётига ҳам таъсир ўтказмасдан қолмади. Хусусан, икки мамлакатда ҳам ўзбекистонлик мигрантлар сони кўп бўлиб, улар фуқароларимизнинг асосий миграцион йўналишларидан саналади. Бугунги кунга келиб Россия Федерацияси ўзбек мигрантлари энг кўп борувчи мамлакат сифатидаги ўрнини ҳеч кимга бўшатмасдан келмоқда. Бугунги мақолада мазкур можаронинг мигрантлар ҳаёти ва у ердаги фаолиятига таъсири ҳақида ҳикоя қиламиз.
Масаланинг иқтисодий томонлари
Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, Украинага қилинган ҳужумдан сўнг Россияга қарши жавоб чораси сифатида киритилган санкциялар (бугунги кунда 14 мингдан ортиқ, бу борадаги энг яқин таъқибчи Эронда 4200 га яқин санкция қўйилган) Россия иқтисодиёти ва меҳнат бозорига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Икки миллионга яқин иш ўринларининг йўқолиши ва ишсизликнинг 4,4 фоиздан 7,8 фоизгача ўсиши кутилмоқда. Россия иқтисодиётининг таназзулга учраши эса у ерда меҳнат қилаётган муҳожирларнинг даромадларига ва шунга мос равишда ўз мамлакатларидаги иқтисодий вазиятга ҳам таъсир қилиши муқаррар.
“Россиядан пул ўтказмаларининг кескин камайиши, шубҳасиз, пул ўтказмаларига таянадиган мамлакатлар иқтисодига салбий таъсир кўрсатади”, деди ХМТ (Халқаро миграция ташкилоти)нинг Венадаги минтақавий идораси директори Ренате Хелд. “Аксарият муҳожирлар ҳозирча Россия Федерациясида қолиш истагини билдиришган, аммо агар иқтисодиёт ёмонлашса, кўпроқ одамлар уйларига қайтади.” Бу аллақачон содир бўлмоқда. ХМТ маълумотларига кўра, 2022 йилнинг биринчи чорагида Тожикистондан 60 минг, Ўзбекистондан 133 минг муҳожир Россиядан ўз ватанларига жўнаб кетган. Энди улар ўз мамлакатларидаги ишсизлар армиясига қўшилишлари мумкин.
Бугунги кунда вазият қандай ўзгариб бормоқда? Жаҳон банки прогнозларига кўра, 2022 йилда Россиядан пул ўтказмалари Ўзбекистонга 21 фоизга қисқарди. Бу кўрсаткич минтақадаги Қирғизистон (33 фоиз) ва Тожикистон (22 фоиз)дан бир оз яхшироқ.
Бу кўрсаткичлар ортида кўплаб оилаларнинг қашшоқлашиб кетиш хавфи турибди. Мигрантлар ўз яқинларига юборган пул ўтказмалари — одатда кам таъминланган оилалар, кўпинча қишлоқ жойлардан келганлар — уларга қашшоқликдан қутулишга ёрдам берди. Тўғри, улар ХМТда прогнозлар ўзгариши мумкинлигини таъкидлайдилар. Масалан, 2022 йилнинг апрель ойида ўзбекистонлик муҳожирлар ўз ватанларига рекорд миқдорда — 1,07 миллиард доллар жўнатган, бу бир йил аввалгига нисбатан деярли икки баробар кўп. Бироқ Ўзбекистон Марказий банки пул ўтказмалари 18-25 фоизга қисқаришини тахмин қилди, аммо бу тахмин бирдан амалга ошмади. Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолиси бўлган Ўзбекистонда 2022 йилда хорижий трансфертларнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотига қўшган ҳиссаси 17 фоизни ташкил этди, бу 2021 йилга нисбатан кескин 5,5 фоизга ўсди. Шундай қилиб, 2022 йилнинг биринчи уч чорагида республикага пул ўтказмалари ҳажми қарийб икки баробарга ошиб, 7,6 миллиард доллардан 13,5 миллиард долларга етди. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида Европада Россия газига бўлган талаб мавжудлиги, омборлар тўлдирилгунга қадар Россия бу сектордаги тушум улуши ошгани, биржа котировкаларида бир баррел нефть ва газнинг нархи 100 доллардан юқорилагани саналади. Аммо ушбу тенденция Европа газ омборларига газ захиралари 90 фоизга етганда пасайиши аниқ. Лекин икки томонлама товар алмашинуви тезлашган вақтда иқтисодий рақамлар оз бўлса-да ижобий кўриниши мумкин.
Маҳаллий миллий банклар маълумотларига кўра, 2021 йилда Қирғизистон ва Ўзбекистон учун Россия ўтказмаларининг улуши қарийб 70 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда у мос равишда 7 ва 11 фоиз пунктга ошган.
Сўнгги 10 йил ичида Россиядан ушбу мамлакатларга ўтказмалар ҳажми Россия ялпи ички маҳсулоти билан чамбарчас боғлиқ - ЯИМ қанчалик юқори бўлса, пул ўтказмалари даражаси ҳам шунчалик юқори бўлади. Масалан, Қримнинг аннексия қилиниши ва COVID-19 пандемияси бошланганидан бери Марказий Осиё минтақасига пул ўтказмалари сезиларли даражада камайди.
ХМТ муҳожирлар оқими ва пул ўтказмаларини мунтазам равишда кузатиб бориш ҳамда қайтган муҳожирлар ва уларнинг яқинларини қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлайди. Хусусан, пул кўринишида ёрдам, қишлоқ ҳудудларда алмашиб экиш дастурлари ва яқиндан бошлаб барча вилоят, туман ҳокимлари хорижда ишлаб юрган мигрантларимизда ҳудудда мавжуд иш ўринларини тавсия этган ҳолда видеоконференсалоқа амалга оширишмоқда. Бу муаммоларни тўлиқ англаш учун жойларда бу масалага масъул ташкилотлар тадқиқотчи социолог ва бошқа соҳа вақиллари билан таҳлил қилишлари мақсадга мувофиқ.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутахассиси Ортиқхўжа Норовнинг таъкидлашича, Россияда бўладиган ҳар қандай сиёсий, ҳарбий масала мигрантлар ҳаётига албатта таъсир қилади. Хусусан, мигрантлар сонинг камайиши ҳам юз берган. Унинг фикрларини қуйидаги ҳавола орқали тинглашингиз мумкин.
“Россия Федерацияси ҳудудида 1 миллион ва ундан ортиқроқ ўзбек мигрантлари меҳнат қилади. Мавсумга қараб – баҳор ва ёз фаслларида мигрантлар сони ортса, куз ва қишга бориб камаяди. Табиийки, Россияда бўладиган ҳарбий ёки бошқа ижтимоий зиддиятлар ўзбек мигрантларига таъсир қилмай қолмайди.
COVID-19 пандемияси ва ундан кейин Россия ва Украина ўрасидаги низо ўзбек мигрантлари сони камайишига олиб келди. Бу уруш вақтида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни бир оз пасайиши билан боғлаш мумкин”, - деди Ортиқхўжа Норов, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутахассиси.
Хорижий ташкилотлар бу борада доимий изланиш олиб боришмоқда хусусан, Халқаро валюта жамғармаси 2023 йилда озиқ-овқат маҳсулотларининг юқори инфляцияси Марказий Осиё минтақасининг аксарият мамлакатларида қашшоқликни ўртача 0,7 фоиз пунктга оширишини кутмоқда. Қашшоқлик аллақачон юқори бўлган қашшоқ мамлакатларда оқибатлар сезиларли бўлади. Уй хўжаликларининг даромадлари ва чет элдан пул ўтказмалари ўртасидаги боғлиқлик Ўзбекистонда ҳам кузатилмоқда. Аҳоли даромадлари энг паст бўлган ҳудудларда, расмий статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг биринчи уч чорагида Қорақалпоғистон, Наманган ва Фарғона вилоятларида хорижий трансфертларнинг улуши 21 фоиздан 25 фоизгача бўлган. Бироқ, Хоразм (31,4 фоиз) ва Самарқанд (29,7 фоиз) вилоятлари аҳолисининг даромадлари асосан пул ўтказмаларига боғлиқ. Айнан шу маъмурий бирликлардаги муҳожирлар билан кўпроқ ишлаш, уларга юқорироқ маош ва уруш эҳтимоли мавжуд бўлмаган шароитда иш билан таъминлаш давлатнинг устувор йўналиши бўлиши керак. Аммо бу бозор ҳали диверсификация бўлиши учун халқнинг касбни мукаммал эгаллаши, замонавий касб-ҳунарга эга бўлиши, хорижий тилларни пухта билиши талаб этилади. Бу муаммоларни ҳам ечиш муҳим саналади.
Яна бир суҳбатдошимиз Россияда меҳнат қилаётган Дилшод Қаршиев уруш бошлангандан кейин ишлаб топаётган пули валютага нисбатан икки баравар камайиб кетганини айтди.
“Куз келди, уйга қайтишни ўйлаяпмиз. Топишимиз яхши эмас. Доллар курси кўтарилиб кетган. Аваллари 500-600 доллар уйга юбораётган бўлсак, ҳозир аранг 300 доллар юборяпмиз. Ойликларни камайиб кетаётгани оқибатида баъзилар уйига қайтиб кетяпти”, – деди Дилшод Қаршиев, мигрант
Урушга жалб этиш хавфи
Россия Ички ишлар вазирлиги берган маълумотларга кўра 2022 йилда 174 минг тожикистонлик Россия фуқаролигини қабул қилди, уларнинг сони йил давомида 67 фоизга ошди. Қирғизистон фуқароларига берилган паспортлар сони ҳам 22 фоизга ошиб, 23 мингтани ташкил этди. Ўзбекистонликларга 27 мингта Россия паспорти берилган, бу 2021 йилга нисбатан 14,5 фоизга кам. Бу албатта уруш фонида юз бераётган воқелик саналгани боис ушбу статистик маълумот бир томондан одамни бир оз тинчлантирса иккинчи томондан ўйловга чорлайди. Россия каби давлатдан фуқаролик олиш масаласи бир оз мушкул эканлигини ҳисобга олсак, урушга чорловлар асосан Россиянинг шарқий ҳудудлари ва Марказий Осиё Республикаларига ҳам қаратилган деган хулосага олиб келади. Ҳатто таниқли асли миллати ўзбек саналган ҳуқуқшунос Б.Исмаилов ҳам урушда қатнашиш даромад билан бир қаторда уч ой ичида Россия Федерацияси фуқаролигини олиш имконини беришини маълум қилган эди. Бугун урушда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳам йўқ эмас. Улар асосан ойлик 500-600 доллари миқдоридаги пул эвазига шартнома асосида фронтда хизмат қилишмоқда. Аммо масаланинг иккинчи томони бу борада фронтга умуман яқинлашмасликка ундайди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддасига асосан 3 йилдан 5 йилга қадар озодликдан маҳрум этиш жазоси ушбу тоифадаги фуқароларни кутиб турганини эслатмоқ лозим. Юқоридаги фуқаролик олганларга оид статистика ўзбекистонлик муҳожирларнинг нисбатан эҳтиёткорроқ эканлигидан дарак бермоқда.
Россияда сафарбарлик бошланиши билан Тожикистон аҳолиси ишлашга кетган қариндошларининг ғойиб бўлгани ҳақида хабар бера бошлади. Ҳуқуқ фаолларига кўра, муҳожирларнинг бир қисми ихтиёрий ёки бошқа йўл билан Украинада жанг қилаётган Россия бўлинмалари сафига тушиб қолган. “Тонг Жаҳони” инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, уруш бошланганидан буён олти ой ичида Ўзбекистондан 1,3 мингга яқин, Қирғизистондан 600 ва Тожикистондан 500 нафарга яқин киши ёрдам сўраб мурожаат қилган. уларни фронтга жалб қилишга уринишлар туфайли. Кўпинча Марказий Осиё республикалари фуқаролари юқори маош (1,1 минг кишидан ортиқ), Россия фуқаролигини олиш ваъдаси (339 киши) ва жиноят ишини қалбакилаштириш таҳдиди (111 киши) билан алданган. Россия паспортига эга бўлган 350 дан ортиқ киши Россия фуқаролигидан маҳрум қилиш таҳдидига дуч келди. Шунингдек, сафарбарликка тортилмайдиган яна 182 киши ноқонуний чақирув олган, дея хабар беради ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти.
Шунингдек ХҲК “Вагнер” сафида ҳам юртдошларимиз бўлиши мумкинлиги инкор этиб бўлмайди. Мазкур тузилма 2021 йилга қадар 2-5 минг атрофидаги жангчилардан ташкил топган бўлса, уруш бошлангандан сўнг уларнинг сони 40-80 минг атрофигача етганлиги қайд этилади. “Инвестим гуру” маълумотларига кўра, ёлланма аскарларнинг 30 фоизи атрофида хорижлик жангчилар саналади, аммо уларнинг этник таркиби ҳақида очиқ маълумотлар йўқ, баъзи деталларда кўриш мумкин холос, хусусан, ушбу компания эгаси Пригожин асосан антироссия саналган давлат фуқароларидан аъзолар мавжудлигини таъкидлар эди. Бу албатта уларнинг ғарб демократиясининг аҳволи шундай деган хулоса ясаш учун берилади.
Сўнгги 10 йилда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари бошқа давлат фуқароларига қараганда Россияга тез-тез учиб кетишган. 2020 йилда коронавирус эпидемияси сабабли Россияга киришга қўйилган чекловлар миграция оқимини 72 фоизга 5,1 миллиондан 1,4 миллионгача қисқартирди. Фақат ўтган йилнинг ўрталарида чегарани кесиб ўтишдаги охирги ковид чекловлари бекор қилинган эди. Айни пайтда Марказий Осиё республикаларидан келган муҳожирларнинг саёҳатлари сони пандемиядан олдинги йилга нисбатан 30 фоизга камлигича қолди.
Росстат 2022 йилнинг январидан октябригача бўлган рўйхатга олиш маълумотларига асосланиб, Ўзбекистон ва Қирғизистондан мигрантлар оқимини қайд этаётганига қарамай, Россия ФСБ чегара хизмати маълумотлари тескари тенденцияни кўрсатмоқда. 2022 йилнинг учинчи чорагида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларининг Россияга сафарлари сони биринчи марта пандемиядан олдинги 2019 йилдаги кўрсаткичдан ошиб кетди. Яъни қатнов суръати яна ўз ҳолига келган, аммо айни шу ҳолатда уларга кетиш олдидан урушга бориш хато эканлиги тушунтириб бориш лозим. Шунингдек, аҳолининг аксар қисми кирувчи ижтимоий тармоқларда ҳам мониторинг ишларини олиб бориш мақсадга мувофиқ саналади.
Эълонлар ортидан эргашиш хавфли!
Иш тўғрисидаги эълонлар Headhunter ва Avito каби йирик веб-сайтларда ва минтақавий манбаларда чоп этилади, шунингдек, ижтимоий тармоқлар, мигрантлар жамоалари ёки тўғридан-тўғри қурилиш компаниялари томонидан жойлаштирилган реклама орқали тарқатилади. Иш берувчилар Украинага саёҳат харажатларини қоплашга, шунингдек, ишчиларни уй-жой, озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлашга ваъда беришади. Ойлик маоши 2000 доллардан 3300 долларгача, бу Россияда мигрантлар олиши мумкин бўлганидан анча кўп.
Бу сўзда жозибали кўринади, бироқ амалда Украинанинг босиб олинган ҳудудларида муҳожирлар Россиядаги каби муаммоларга дуч келишади: антисанитария, иссиқлик йўқлиги, иш берувчиларнинг қўпол муомаласи. Мигрантлар кам маош олгани ёки умуман тўланмаётгани ҳақида кўплаб хабарлар бор. Ҳозир бу одамларни Киевда ёки ўз ватанларида жиноий жавобгарликка тортиш таҳдиди остида қолаётганини айтмаса ҳам бўлади – ахир, улар Россия тажовузига шерик бўлишган. Ҳафсаласи пир бўлган муҳожирлар Украинани тарк этишга уринган, бироқ россиялик чегарачилар уларни фронтга қайтишга мажбур қилган ҳолатлар бўлган. Шу сабабли имкон даражасида тинч ҳудудларда яшаш ва ишлаш кун талаби саналмоқда.
Кўриниб турибдики, ҳар қандай халқаро можаро бизга ҳам тўғридан тўғри таъсир қилади. Россиянинг Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори эканини инобатга олсак, унинг ҳудудида ёки у билан боғлиқ ҳар қандай сиёсий, иқтисодий ҳодиса биз учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унинг ҳудудида ишлайдиган ўзбекистонликларнинг мавжудлиги эса бу жиҳатни янада кучайтиради. Муҳожирлар муаммоларини ҳал қилиш учун Ўзбекистон бугун бошқа йўналишларда ҳам иш олиб боряпти, аммо бу ҳали чекланган. Мамлакат ичида даромадбоп иш ўринлари яратиш ҳозир ҳар қачонгидан ҳам муҳим вазифа бўлиб турганини унутмаслик лозим.
Изоҳ (0)