Ўзбекистон Қуролли кучлари, худди бошқа давлатларда бўлгани каби, ёпиқ тузилма ҳисобланади. Шу боис армиямиз учун маҳаллий ишлаб чиқарилган ва хориждан харид қилинган қурол-яроғлар ҳақида жамоатчилик пост-фактум хабар топади. Хитойнинг зенит-ракета тизимлари шулар жумласидан. Бироқ таъкидлаш жоиз, уларни сотиб олиш бўйича шартнома имзолангани ҳали аниқ эмас. Тизимлар синов учун олиб келинган бўлиши ҳам мумкин. Шунга қарамай, бу жиддий янгилик. Боиси мамлакат ўзининг Совет/Россия қуролларига асосланган ҳаво мудофаа тизимини диверсификация қилмоқда. Хўш, улар ҳақида нималар маълум?
Ўзбекистон президентига намойиш қилинган зенит-ракета тизимларнинг бири KS-1C (“Каишан”-1C) ҲҚ-12 нинг экспорт версияси ҳисобланади. У ўз техник хусусиятларига кўра, ўрта масофали комплексдир. Аниқроқ айтганда, тизим 5-50 километр масофадаги ҳаво таҳдидлари, жумладан, ракеталар, самолётлар, вертолёт ва дронларни зарарсизлантириши мумкин. Уриб тушириш баландлиги эса 20 километргача.

“Каишан” кўп функцияли радар тизими, бошқарув маркази, учириш платформаси ва генератордан иборат мажмуадир. Унда қўлланиладиган ракеталар 1,2 Мах (1470 км/соат) тезликка эриша олади. Ғилдиракли шассига асосланган ҳар бир платформада иккитадан тўрттагача зенит ракеталар парвозга тайёр туради. Уларнинг ҳар бири 5,6 м узунликка эга. Юз кг оғирликдаги жанговар каллак ташийди. Ракеталар “near-proximity detonation” усули, яъни нишон яқинида портлаб, металл фрагментлар билан зарарлаш орқали ишлайди.
KS-1C ҳаво таҳдидларини аниқлаш ва кузатиб бориш учун асосан H-200 кўп функцияли радаридан фойдаланади. У 120 км масофадаги 50 та нишонни кузатиши, улардан олтитасини бирваракайига уриб тушириши мумкин. Учириш платформалари сонига қараб, буни кўпайтириш имконияти бор. Аммо олтитадан сўнг ракеталарни навбатма-навбат ишга тушириш тақозо қилинади. Учириш платформаси вазифасини 60 км/соат тезликда ҳаракатланадиган техника бажаради. “Каишан”ни бошқариш учун керакли персонал тахминан 16 кишини ташкил этади.

Тизим тарихига келсак, у дастлаб 1991 йили KS-1 номи билан жамоатчиликка намойиш қилинган. Бироқ Ўзбекистонда унинг 2000 йилларда ишлаб чиқилган замонавий ва имкониятлари кенгайтирилган KS-1C модификацияси кўзга ташланди. У Хитойнинг ҳаво мудофаа қуроллари экспортида муҳим ўрин тутади. Ҳозирга қадар тизим Тайван, Туркманистон, Мьянма, Камбожа каби давлатларга етказиб берилган.
“Каишан”-1C саноат объектлари, омборлар, ҳарбий қисмларни самолёт ва дронлардан ҳимоялашга мўлжалланган. Бироқ, тизим 500 метрдан пастлаб учувчи қанотли ракета ва дронларга қарши қўллаш кутилган самарани бермайди. Қолаверса, мураккаб комплекс бўлгани сабаб ундан жабҳада, яъни қуруқлик кучлари учун ҳаво соябони сифатида фойдаланиб бўлмайди. Бу ролга FМ-90 кўпроқ мос келади.
У қисқа масофали зенит-ракета тизими бўлиб, HQ-7B тизимининг экспорт учун мўлжалланган версияси ҳисобланади. FМ-90 французларнинг Cротале тизими асосида ишлаб чиқилган мобил комплексдир. Шу боис асосан қуруқлик қўшинлари бўлинмалари билан хизмат қилади. Уни ҳозирга қадар Покистон, Бангладеш, Мьянма, Жазоир, Туркманистон ва Эрон каби давлатлар ўз қуроли кучларига қабул қилган.
FМ-90 одатда битта радар ва қўмондонлик маркази, шунингдек 4 тагача учириш платформаларидан иборат бўлади. Уларнинг бари учун 6х6 ғилдиракли шасси танлаб олинган. Шу боис мобиллиги юқори. Бироқ хитойликлар стационар версияни ҳам ишлаб чиқишган.
Тизим радари 25 километргача масофадаги 12 та нишонни бир вақтда кузатиши, улардан тўрттасини бараварига уриб тушириш мумкин. Тутиб олиш баландлиги 15 метрдан 5 километргача. Бу дронлар ва қанотли ракеталарга қарши айни муддао. Аммо зарба бериш масофаси 15 километрдан ошмайди. Қолаверса, у юқори тезликдаги ҳаво таҳдидлари, масалан баллистик ракеталарга қарши самарасиз. Улар билан бошқа комплекс шуғулланади.

Тизим ўз ракеталарини инфрақизил нур ва ярим актив радар орқали йўналтиради. Жанговар каллак вазни 14 кг бўлиб, юқори портловчи хусусиятга эга. Қолаверса, унда электрон уруш қуроллари ҳам инобатга олинган. Кўриш горизонтидаги нишонларга қарши электрооптик тизимлар бор. Уларга интеграция қилинган термал камера шарофати билан FМ-90 тунги шароитларда ҳам ишлай олади.
Юқорида келтириб ўтилган FМ-90 ҳамда KS-1C тизимлари алоҳида тартибда ҳам, мураккаб ҳаво мудофаа ҳалқасининг бир қисми сифатида ҳам қўлланиши мумкин. Улардан биринчиси қисқа, иккинчиси ўрта масофадаги таҳдидларга қарши курашади. Бироқ бизда узоқ масофали ва юқори тезликдаги нишонлар, масалан баллистик ракеталарга қарши курашадиган тизим аллақачон бор. Унинг номи ФД-2000 бўлиб, Советларнинг С-300 комплексига муқобил ҳисобланади.
FD-2000 бу HQ-9 тизимининг экспорт варианти ҳисобланади. Турли воситаларидан оммавий ҳужум шароитидаги самарадорлик уни рақобатчиларидан устун қилади. Тизим юқори тезликдаги баллистик ракеталарини тутиб олиш қобилиятига эга биринчи Хитой комплексидир.

У душман самолётлари, вертолётлари, қанотли ва баллистик ракеталарини жанговар фойдаланишнинг барча баландликларида, ҳар қандай шароитда йўқ қилиш учун мўлжалланган. Фойдаланиш диапазони 200 км, баландлик эса 0.5-30 кмни ташкил этади. Тизим 150 км радиус учун ҳаво соябони вазифасини бажара олади. Мазкур учаласини ўзаро мувофиқлаштириш орқали орқали ҳаво таҳдидларидан ҳимояни янада мустаҳкамлаш мумкин.
“Юқори аниқликдаги бомбалар” учун турк лазер модули
Ҳарбий авиация энг қимматли актив ҳисобланади. Шу боис ҳам Украина, ҳам Россия ундан жуда эҳтиёткорлик билан фойдаланмоқда. Бу душманга унинг ҳаво мудофааси таъсир ҳудудига кирмай туриб зарба бериш билан бўлади. Аниқроқ айтганда, бомбардимончи ва қирувчи самолётлардан FAB-500, JDAM каби бомбаларни қўллаш орқали. Улар йўналишни GPS ва GLONASS каби тизимлар ёрдамида белгилайди. Ўзбекистон президентига эса Туркиянинг Aselsan компаниясининг LGК лазер бошқарув модули намойиш қилинди.
Уни соддароқ қилиб стандарт бомбаларга ўрнатилган қанот ва мия дейиш мумкин. Бу билан бомбанинг жанговар қўллаш масофаси ва аниқлиги ортади. Аселсанга кўра, мазкур модул шарофати билан 12 километр узоқликдаги нишонга 10 метр аниқликда зарба бериши мумкин. Уни ҳам АҚШ, ҳам Совет намунасидаги стандарт бомбаларга ўрнатиб, “ақлли қурол”га айлантирса бўлади.
Тухумларни бир саватга солмаслик
Ўзбекистон президентига намойиш қилинган қуроллар бўйича расмий изоҳ йўқ. Яъни улар Қуролли кучларимиз инвентарига қабул қилинган, деб таъкид оҳангида гапиришга ҳали эрта. Бироқ шунинг ўзи ҳам мамлакат Совет/Россия базасини илғор ва замонавий тизимлар билан диверсификация қилаётганидан далолат беради. Қолаверса, Ўзбекистон миллий мудофаа саноатини ҳам ривожлантирмоқда. Бу ягона таъминотчига боғланиб қолишдек хавфли истиқболнинг олдини олади.
Изоҳ (0)