4 июль куни туш пайтига яқин Чехиянинг Прага ва бошқа бир қатор шаҳарларида электр таъминотида кенг кўламли узилиш юз берди. Узилиш жамоат транспорти, тижорат объектлари ва маиший инфратузилма фаолиятини издан чиқарган. Бу ҳақда Чехиянинг CТК ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Фавқулодда вазият шаҳар ҳаётини тўхтатиб қўйган. Метро ва трамвайлар ҳаракати тўхтаган, банкоматлар ишламай қолган, одамлар лифтларда тиқилиб қолган. Шундай бўлса-да, Прага аэропорти электр узилишидан зарар кўрмаган.
Маълум қилинишича, Усти, Либерец ва Градец-Кралове минтақаларида ҳам узилишлар кузатилган

"Чехия Республикасининг айрим ҳудудлари электр узилишидан зарар кўрди. Сабабларини аниқлаб, муаммони ҳал қилиш устида ишламоқдамиз”, дейди Чехия бош вазири Петр Фиала.
Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Властимил Валек Х платформасига берган интервьюсида шифохоналари аллақачон фавқулодда электр таъминотига улангани маълум қилди.
“Ҳаммани хотиржам бўлишга чақираман. Тиббиёт муассасаларида бундай ҳолатлар учун аниқ тартиб-қоидалар мавжуд. Зарар кўрган шифохоналарда захира генераторлари ишга туширилди. Беморларга хизмат кўрсатиш хавф остида эмас”, дейди у.
Мамлакат расмийларининг маълум қилишича, муаммо Усти-над-Лабем минтақасидаги иккита муҳим подстанцияни боғловчи линиялардан биридаги носозлик туфайли юзага келган. Электр узатиш тизимининг бир қисми тўлиқ ўчирилган. Ҳозирги вақтда муаммони бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда,

иДNES нашрининг қўшимча қилишича, узатиш тизимининг саккизта подстанцияси электрсиз қолган, улардан бештаси қайта ишга туширилган. Чехияда жами 44 та шундай подстанция мавжуд.
Электр узилишининг сабаби ҳамон номаълум. Бироқ шу ҳафта бошида Чехия гидрометеорология институти чоршанба куни мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 37 даражагача кўтарилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Расмийлар юқори ҳарорат билан боғлиқ эҳтимолий хавфлар, жумладан ёнғинлар ҳақида ҳам огоҳлантириш берган.

28 апрель куни Европада кенг кўламли электр узилиши юз берди, у Испания, Португалия, Франция, Италия ва Андоррани қамраб олди. Авария оқибатида Пиреней яриморолида светофорлар, жамоат транспорти ва телефон алоқаси ишламай қолди, шифохоналар эса беморларни қабул қилишни вақтинча тўхтатди. Воқеадан сўнг Португалия Францияни Испанияга етарли миқдорда электр энергияси етказиб бермаганликда айблади.
Изоҳ (0)