2024 йил 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–108-сон қарори мамлакатимизда суғурта тизимини тубдан янгилашга қаратилган муҳим қадам бўлди. Ушбу қарор билан суғурта соҳасида кечиктириб бўлмайдиган ислоҳотлар белгиланиб, уларни амалга оширишга доир аниқ механизмлар кўрсатиб ўтилган.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2025 йил 23 июль куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлашга қаратилган 458-сонли қарор қабул қилинди. Ушбу қарор доирасида транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш тизимида бир қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилди.
Асосий ўзгаришлар
Актуар ҳисоб-китоблар асосида суғурта тарифлари қайта кўриб чиқилди.
Суғурта мукофотлари ва суғурта суммалари бозор механизмларига мувофиқлаштирилди. Бу нима дегани?
Актуар ҳисоб-китоблар – бу суғурта соҳасида рисклар ва мажбуриятларни баҳолаш, келгусида юзага чиқиши мумкин бўлган суғурта тўловларини таъминлаш учун зарур маблағни аниқлашга хизмат қиладиган математик ва статистик усуллар мажмуасидир.
Суғурта суммаси сезиларли даражада оширилди
Амалдаги 40 миллион сўмлик суғурта суммаси 2026 йил 1 январдан бошлаб 80 миллион сўмгача оширилди. Энди ЙТҲ натижасида етказилган зарарлар — шахс ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига келтирилган зарар тўлиқроқ қопланиши мумкин бўлади.
Шу билан бирга, суғурта мукофоти (яъни суғурта полисини расмийлаштиришда фуқаро тўлайдиган сумма) 160 минг сўм (вилоятларда) ва 192 минг сўм (Тошкент шаҳрида) этиб белгиланди. Бу транспорт воситасини бир марта ювиш хизмати нархи билан таққосланганда, жуда ҳам мувофиқ ҳисобланади.
Полислар бўйича чекланган ва чекланмаган механизм жорий этилди
Бунда ҳайдовчилар сонига қараб турли суғурта полисларини расмийлаштириш имкони яратилди. Айбдор ҳайдовчининг суғурта компанияси томонидан суғурта низоларини кўриб чиқиш тартиби аниқлаштирилди.
Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси ваколатлари кенгайтирилди
Эндиликда Жамғарма транспорт воситаларига оид мажбурий суғурта юзасидан ҳуқуқий маслаҳат бериш ҳамда ЙТҲ тўғрисидаги хабарнома билан боғлиқ аджастерлик хизматларини ҳам кўрсатади.
Назорат ва ахборот тизими такомиллаштирилди
Мажбурий суғурта шартларига риоя этилишини назорат қилиш органлари белгиланди;
Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими юритилади;
Манфаатдор давлат органлари ўртасида электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилади.
Ягона суғурта биллинг тизими жорий этилади
2026 йил 1 апрелдан бошлаб суғурта мукофотларининг тушуми марказлаштирилган ҳолда ҳисобга олиниши таъминланади.
Ушбу ислоҳотлар нафақат суғурта компаниялари, балки фуқаролар учун ҳам кенг имкониятлар яратишга қаратилган. Энг муҳими, суғурта соҳасида аниқлик, ҳисоб-китобнинг шаффофлиги ва мижозларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш каби тамойиллар мустаҳкамланмоқда.
“Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси суғурта бозоридаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди ва ушбу жараёнда фаол иштирок этишга тайёр эканини яна бир бор таъкидлайди. Мазкур ўзгаришлар, шубҳасиз, Ўзбекистон суғурта бозорини янги босқичга олиб чиқади.
Реклама ҳуқуқи асосида.
Изоҳ (0)