1999 йил март ойида америкалик қиз лотереядан 10 млн доллар ютиб олади. Аслида лотереяни унинг ўзи сотиб олмаган, унга мижозлардан бири чойчақа сифатида ташлаб кетганди. Шу сабабли ютуққа даъвогарлар кўпайиб кетади ва қиз узоқ вақт улар билан судлашишга мажбур бўлади.
Халқимизда “Осон келган бойлик осон кетади” деган ибора бор. Бу ибора енгил йўллар билан эришилган маблағнинг қадри бўлмаслигига ва уни топган одам пулларни осон сарфлаб юборишига айтилади.
Бироқ лотереядан 10 млн доллар ютган америкалик официант аёл Тонда Дикерсонга юқоридаги иборанинг дахли йўқ. Чунки у гарчи 10 млн долларни осонлик билан ютган бўлса-да, пулларга эга чиқиш учун узоқ вақт машаққат чекишига тўғри келади.
10 млн долларга эга чиқиш учун бир неча марта судлашган аёл ўзи эга бўлган бойликни исроф билан ишлатиб, тез тугатиб қўймаслик учун пулларни ҳар йили кам-камдан олишга қарор қилади. Натижада ҳанузгача аёлнинг ҳисобида бир неча млн доллар маблағ бор. Хўш, аёл пулларни қандай ютиб олганди?
Чойчақага берилган лотерея
1999 йил, 28 ёшли Тонда Дикерсон АҚШдаги йирик автомобиль йўлларидан бири бўлган Шоссе-1 нинг Алабама штатидан ўтган қисмида, йўл ёқасида жойлашган кафеда официант бўлиб ишларди.
Кафега турли инсонлар келар ва улар орасида доимий мижозлар ҳам бор эди. Ана шундай мижозлардан бири Эдвард Сюард бўлиб, у кафедаги барча официантлар билан қадрдон бўлиб кетган, шу сабабли доим улар билан ҳазиллашиб турарди.
Эдвард доимий равишда лотерея ўйнар ва сўнгги пайтларда нафақат ўзи учун, балки кафедаги официантлар учун ҳам чипта харид қиларди. У арзимаган пул турадиган, лекин ютуқ миқдори анча юқори бўлган лотереяларни официантларга шунчаки бермас, балки чойчақа ўрнига қолдирарди.

Йигитнинг бу иши официантларга турлича таъсир қилар, кимдир унинг бу ишига парво қилмаса, бошқаларнинг ғашига тегарди. Чунки ҳали ютуқ чиқиши гумон бўлган лотерея чиптасидан кўра чойчақа учун бир неча доллар бўлса ҳам нақд пул бергани тузук эди.
1999 йил 6 март куни Эдвард кафега яна киради. Унга Тонда Дикерсон хизмат қилади. Йигит овқатланиб бўлгач, егуликларнинг пулини тўлайди. Бироқ чойчақага навбат келганда Эдвард ёнидан бешта конверт чиқазади.
Конвертларнинг ҳар бирига биттадан лотерея чиптаси солинган эди. Официантлар эътироз билдирмайди ва лотерея чиптасини олади.
Шунда Эдвард мабодо кимгадир ютуқ чиқса, ўзига битта пикап машинасини олиб берса кифоя эканини, қолган пулларни ўзига олиб қолиши мумкинлигини айтади.
Эдварддан чипталарни олган официантлар кимга ютуқ чиқишидан қатъи назар, ютуқни тенг бўлишга келишишади.
10 млн доллар ютуқ ва судлашиш
Ўйин Эдвард лотерея чиптаси бериб кетган куннинг эртасига кечки пайт ўтказилади. Тонгда аёл ўзига берилган конвертни очиб кўзларига ишонмайди – 10 млн доллар ютуқ айнан унинг қўлидаги чиптага чиққанди.
Аёл ютуқ чиққанини билган заҳоти пулларни ҳамкасблари билан бўлишмасликка қарор қилади. Бироқ шундан сўнг Тонда учун муаммоли кунлар бошланади.
Энг аввал ютуқ ҳақида хабар топган ҳамкасб офисантлар ундан пулларни тенг тақсимлашни талаб қилишади. Тонда эса буни рад этади ва тез орада ишдан бўшаб кетади. Ҳамкасблар билан барча алоқаларни узади.
Можародан хабар топган Эдвард ҳар бир қизга алоҳида чипта берганини ва шу сабабли ютуқ тўлиғича Тонданики бўлиши кераклигини айтади. Шунингдек, йигит дастлаб гапирган қайтмаганини ва аёл унга пикап олиб берса етарли бўлишини маълум қилади.
Тондани яхши гап билан пулларни ўзаро тақсимлашга кўндира олмаган тўрт нафар официант масалага ҳуқуқий йўл билан ечим топишга уринади ва аёлни судга беришади.
Уларнинг аризасида гарчи ҳар бири Эдварддан алоҳида чипта олган бўлса-да, кимгадир ютуқ чиқса тенг бўлиб олишга келишилгани, бироқ Тонда ваъдасини бузгани ёзилганди. Шунингдек, улар масала судда кўриб чиқилмагунча Тондага ютуқни бермаслик ва пулларни музлатиб қўйишни сўрашади.
Ютуқ чиққанидан бир неча кун ўтгач, Тонда ўз пулларни олиш учун боради. Шунда лотерея ташкилотчилари унга пулни олишни икки хил йўлини таклиф этишади.
Унга кўра ютуқни бир мартада тўлиқ олиш ёки 30 йил муддатга фоизлари билан ҳисоблаганда ҳар йили 375 минг доллардан олиб бориш мумкин эди. Аёл иккинчи таклифга рози бўлади бироқ ҳамкасблар берган ариза туфайли пулларни номига ўтказишга улгурмайди.
Суд жараёнида аввалига ҳамкасблар ғалаба қозониши мумкиндай туюлади. Аввалига суд уларнинг аризасини қаноатлантириб, ютуқни музлатиб қўяди. Бироқ якунда Тонда ғалаба қозонади.
Чунки офицантларнинг ютуқни тенг бўлиш ҳақидаги гапи ҳужжатлаштириб қўйилмаганди. Суд эса оғзаки келишувни қонуний кучга эмас деб топади.
Қолаверса, Алабама штатида қимор ўйинлари тақиқланган бўлиб, шу сабабли лотерея бўйича ҳар қандай келишув ноқонуний ҳисобланарди.
Охир-оқибат Тонда судда ҳамкасбларини енгиб чиқади. Бироқ бу билан унинг муаммолари тугамайди. Бу сафар уни лотерея чиптасини берган Эдвард судга беради. У аёлдан пикап талаб қилади.

Тонда вақт ва асабларини кетказиб, бу судда ҳам ғалаба қозонади. Аммо бу билан можаро якун топмайди. Энди аёлни солиқчилар судга беради. Улар ютуқнинг тўртдан бир қисми солиқ учун тўланишини айтишади. Бу сафар Тонда судда мағлубиятга учрайди ва 2,5 млн долларни солиқ учун тўлайди.
Суиқасд
Тонда пулнинг салмоқли қисмини солиқ учун тўлаб суд билан боғлиқ можаролардан қутилган бўлса-да, уни олдинда янада ёмонроқ вазият кутаётганди.
Аёл бир пайтлар Стейси Мартин исмли йигитга турмушга чиққан ва 1997 йилда ажрашганди. Тонда Дикерсон лотереядан 10 млн доллар ютгани ҳақида газеталарда хабар чиқар экан, Стейсининг пайтавасига қурт тушади. У нима қилиб бўлса-да, пулнинг бир қисмига эга чиқишга қарор қилади.
Йигит ўйлаб-ўйлаб аёлни ўғирлаб кетишни ва шу йўл билан пулларни олишни режалаштиради. Кунларнинг бирида Тонда машинасида кетаётганда йигит унинг йўлини тўсади. Сўнг аёлни мажбурлаб, овлоқ жойга олиб боради ва ундан ютуқнинг бир қисмини талаб қилади.

Шу пайтда аёлнинг сумкасида турган телефон жиринглайди. Бироқ йигит Тондани қўнғироққа жавоб беришга қўймайди. Шунда аёл агар қўнғироққа жавоб бермаса, уни қидиришларини ва оқибати йигит учун ёмон тугаши мумкинлиги ҳақида гапиради. Стейси қўнғироққа жавоб беришга рухсат беради.
Тонда сумкасидан телефон билан бирга кичик ўлчамдаги пистолетни чиқаради ва йигитга ўқ узади. Стейси яраланади. Аёл собиқ эрини яқин орадаги касалхонага олиб боради ва шу ерга полиция чақиради. Йигитга тиббий ёрдам кўрсатилгач, полиция уни ҳибсга олади. Шундан сўнг ҳеч ким уни безовта қилмайди.
Гарчи 10 млн доллар ютган бўлса ҳам Тонда миллионер бойлардай яшамайди. Юқорида айтилгандай, ўшанда аёл лотерея ташкилотчилари билан 30 йил давомида ҳар йили 375 минг доллар олишга келишади. Ҳозиргача у ҳар йили келишилган пулни олиб келмоқда. Шунингдек, у бекор юрмай турли жойларда меҳнат ҳам қилади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Изоҳ (0)