Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячи Рустам Ашурматов Эроннинг “Истиқлол” клубини тарк этиши мумкин. Football нашрининг хабарига кўра, у теҳронликларнинг Туркиядаги мавсумолди йиғинида жиддий жароҳат олган.

Ашурматов Қатардаги тиббиёт марказида текширувдан ўтиш учун Доҳа шаҳрига йўл олган. Ҳимоячи у ерда тўлиқ тиббий кўрикдан ўтиши кутилмоқда. Агар унда олдинги жароҳати билан боғлиқ муаммо пайдо бўлган бўлса, Ашурматов бутун мавсумни ўтказиб юбориши мумкин. Бу эса “Истиқлол” учун жиддий йўқотиш бўлади.
Клуб бош мураббийи Рикарду Са Пинто раҳбариятга Ашурматов билан шартномани бекор қилишни тавсия қилган. Унинг фикрича, футболчининг жароҳати жамоа ўйинига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатади. Шу боис португалиялик мутахассис ҳимоя чизиғини кучайтириш учун янги футболчи олиб келишни режалаштирмоқда.
Агар Ашурматов камида уч-тўрт ойга сафдан чиқса, “Истиқлол” Эрон чемпионатининг биринчи давраси ярмига қадар унинг хизматидан фойдалана олмайди. Шу сабабли клуб раҳбарияти ҳам футболчи билан тузилган шартномани бекор қилиш масаласини жиддий кўриб чиқмоқда.
Маълумот ўрнида, Рустам Ашурматов яқинда “Истиқлол” билан икки йиллик шартнома имзолаган эди. Теҳрон клуби футболчи учун Россиянинг “Рубин” жамоасига 450 минг евро тўлаган.
Изоҳ (0)