Apple 2025-молиявий йилнинг учинчи чораги учун молиявий ҳисоботини эълон қилди ва бу даромад ҳамда фойда бўйича таҳлилчилар кутганидан ҳам юқори бўлди. Бу ҳақда МаcRumors портали хабар бермоқда.

Apple раҳбари Тим Кукнинг айтишича, чорак “кутилганидан ҳам яхшироқ” якунланган. Компания даромади йиллик ҳисобда 10 фоизга ўсиб, 90 миллиард долларга етган, бир акцияга тўғри келадиган фойда эса 12 фоизга кўпайган.
Шу билан бирга, iPhone савдоси 13 фоизга ўсиб, 44,6 миллиард долларга, Маc эса 15 фоизга (8 миллиард доллар) кўтарилган. Хизматлар, жумладан обуналар, булутли ечимлар ва App Store’дан келадиган даромадлар 13 фоизга ошиб, 27,4 миллиард долларга етган.
Бироқ iPad тоифасида 6,6 миллиард долларга (-8 фоиз), шунингдек, тақиладиган қурилмалар ва аксессуарлар бўйича 7,4 миллиард долларга (-9 фоиз) пасайиш кузатилган.
Чоракнинг энг муҳим воқеаларидан бири компаниянинг янги ютуққа эришиши - уч миллиард iPhone сотилиши бўлди. Тим Кук бу натижани iPhone 16 га бўлган юқори талаб билан изоҳлаган. Унинг сўзларига кўра, бу модел сотувлар динамикаси бўйича олдинги моделдан сезиларли даражада устун келган.
Бундан ташқари, Apple раҳбарияти Сири овозли ёрдамчисини янада такомиллаштириш режалари ҳақида маълумот берди. Кук ёрдамчини чуқур шахсийлаштириш ва сунъий интеллектга асосланган кенгайтирилган функцияларни жорий этишга қаратилган лойиҳага “сезиларли даражада кўпроқ маблағ йўналтирилганини” тасдиқлади.
Сентябрь ойида Apple ўзининг анъанавий тақдимотини ўтказади ва унда iPhone 17 тақдим этилади.
Бундан аввал Apple IT мутахассислари қанча маош олиши маълум қилинганди
Изоҳ (0)