Хитойда одамлар аномал иссиқдан метрода ўтириб сақланмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Хитойнинг жануби-ғарбидаги Чунцин мегаполиси кучли жазирамага дуч келган. 32 миллион аҳолиси бўлган шаҳарда бир ҳафтадан бери ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори бўлмоқда. 3 август куни ҳарорат 44 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Шу сабабли шаҳарнинг 38 та туманидан 21 тасида об-ҳаво хавфининг қизил даражаси эълон қилинган.
Бундай об-ҳаво туфайли шаҳар аҳолиси иссиқдан қочишнинг ғалати усулларини топмоқда. Шулардан бири - салқин метро вестибюллари бўлиб, у ерда кексалар карта ўйнаш ва суҳбатлашиш учун тўпланишмоқда.
“Кеча кечқурун уйимдаги кондиционер 17 даражага қўйилган бўлса-да, барибир иссиқ эди”, дейди 60 ёшли Лю Фенин. У бошқа нафақахўрлар билан бирга салқин жамоат жойида яширинган.
Баъзи маҳаллий аҳоли иссиқдан бошқача усулда қочишни маъқул кўрмоқда. Масалан, одамлар табиий совитиш тизимига эга ресторанларга айлантирилган эски бомбапанагоҳларда кечки овқат ейишмоқда. У ерда махсус “хого” — аччиқ Чунцин шўрваси таклиф этилади.
“Биз маҳаллий аҳолимиз, бундан ҳам баттарини кўрганмиз. Биз учун 40 даража - хоҳ шўрва, хоҳ об-ҳаво бўлсин, фарқи йўқ”, дея ҳазиллашади шундай ресторан мижозларидан бири Сю Сянхуэй.
Бундан аввал 23 июндан 2 июлгача бўлган даврда Европани қамраб олган кучли иссиқлик тўлқини туфайли минтақанинг 12 шаҳрида тахминан 2,3 минг аҳоли вафот этган бўлиши мумкинлиги хабар қилинганди.
БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг ма`лум қилишича, сўнгги 20 йил ичида 65 ёшдан ошган одамларнинг ҳаво ҳарорати кўтарилиши билан боғлиқ ўлими 85 фоизга ошган.
Изоҳ (0)