Кино саноати рақобат ва фитналар билан машҳур бўлса-да, шон-шуҳрат ва муваффақият ҳақиқий дўстликка тўсиқ бўла олмайди. Ўн йиллар давомида самимий муносабатларини сақлаб қолган актёрлар ҳақида гаплашамиз.
Бред Питт ва Жорж Клуни
Уларни 20 йилдан ортиқ вақтдан буён дўстона муносабатлар ва кинодаги ҳамкорлик боғлаб келмоқда. Барчаси “Оушеннинг ўн бир дўсти” фильми билан бошланди — бу жиноий жанрнинг машҳур классикаси бутун бошли франшизага ҳамда унинг асосий юлдузлари ўртасидаги дўстликка асос солди.
Оушен трилогиясидан ташқари, Бред Питт ва Жорж Клунининг ҳамкорликдаги лойиҳалари орасида ака-ука Коэнларнинг “Ўқигач ёқиб юбор” комедияси ва Клунининг режиссёрлик дебюти “Хавфли одамнинг эътирофлари” алоҳида аҳамиятга эга. 2024 йил кузида “Ёлғиз бўрилар” номли комедик жангари фильмининг премераси бўлиб ўтди. Унда бош ролларни икки қадрдон дўст ижро этди. Актёрлар бир-бирларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашади, чунки бу дўстлик учун жуда муҳим.
Риз Уизерспун ва Никол Кидман
“Катта-кичик ёлғон” сериалида Риз Уизерспун ва Никол Кидман нафақат бош ролларни ижро этишди, балки лойиҳанинг ижрочи продюсерлари сифатида ҳам фаолият юритишди. Уларнинг ҳамжиҳатлиги туфайли кўп қисмли драма кўплаб мукофотларга сазовор бўлди ва актрисалар дўстлашиб қолди.
Тиғиз иш жадвалига қарамай, Уизерспун ва Кидман мунтазам равишда бирга вақт ўтказади — бу қаҳва ичиш, биргаликда сайр қилиш ёки хайрия тадбирларида бўлиши мумкин.
Метю Макконахи ва Вуди Ҳаррельсон
Бу қадрдон дўстлар ҳазиллашиб бир-бирларини “турли оналардан туғилган ака-укалар” деб аташади. Метю Макконахи ва Вуди Ҳаррельсон 25 йил олдин “Эд” фильмини суратга олиш пайтида танишган. Юлдузлар ҳар йили оилалари билан биргаликда дам олиш ва дунё бўйлаб саёҳат қилади.
Дрю Берримор ва Кемерон Диас
Актрисалар ўсмирлик пайтларида танишган. Ўша вақтда 16 ёшли Диас аллақачон моделлик қилаётган, 14 ёшли Берримор эса Беверли-Хиллздаги қаҳвахонада официант эди. Айниқса, улар “Чарли фаришталари” фильмининг суратга олиш чоғида жуда яқинлашиб кетишди. Бу фильмда улар Люси Лю билан биргаликда дунёни ёвузлардан қутқарган.
Кем ва Дрю биргаликда фильмларда суратга тушишади, саёҳат қилишади, бахтли онларни бошдан кечиришади, қийин дамларида бир-бирларини қўллаб-қувватлашади.
Изоҳ (0)