Мазкур актёрлар ўз даврида кўплаб фильмларда рол ўйнаб, оламшумул машҳурликка эришган. Аммо турли сабабларга кўра, карьерасини давом эттирмай, бииргина роли билан томошабинлар ёдида қолган.
Брендан Фрэйзер – “Кит”
Брендан Фрэйзер 90 йиллар охиридаги энг машҳур юлдузлардан бири бўла туриб, қандай қилиб ҳамма нарсани йўқотиш мумкинлигининг ёрқин мисолидир. Ўша пайтларда у “Мумиё”, “Чангалзорлик Жорж”, “Ўтмишдан портлаш” ва “Музлатилган калифорниялик” каби фильмларда суратга тушган, кейинчалик эса “Орзулар асири” ва “Мумия қайтади” фильмларидаги роллари билан ўз муваффақиятини янада мустаҳкамлаган.
Жанр қоидаларига кўра, Брендан янада юқорироқ мартабаларга эришиши керак эди, бироқ 2003 йилдан бошлаб унинг ҳаётида муаммолар кетма-кет пайдо бўла бошлади. Аввалига у Голливуд хорижий матбуот уюшмаси раиси Филип Берк биан жанжаллашиб қолади. Кейин хотини билан ажрашиб, йилига 600 минг долларлик алимент тўлашга мажбур бўлди. Бунинг устига соғлиғида жиддий муаммолар пайдо бўлиб, уни таниб бўлмас даражада ўзгартириб юборди. Брендан деярли 15 йил давомида унутилди. Аммо кейинчалик “Кит” фильмида Фрэйзер ажойиб драматик ролни намойиш этди. Фрэйзернинг ижроси уни Голливудга қайтарди ва у “Гулли ой қотиллари”, “Босим”, “Ака-укалар”, “Тун пардалари ортида” ва “Қурбонлик” фильмларида рол ўйнади. Таққослаш учун, 2014 йилдан 2019 йилгача у ҳеч қандай фильмда суратга тушмаган.
Киану Ривз – “Жон Уик”
80 йилларда Киану Ривзнинг “Билл ва Теднинг ажойиб саргузаштлари” фильмидаги роли комедиядаги истеъдодини очиб берди ва бир неча йил ўтгач, “Тўлқинларни бўйсундириб, “Дракула”, “Тезлик”, “Иблис адвокати” ва “Матрица” фильмлари билан карьерасининг чўққисига чиқди.
Ривз юлдузга айланди, катта пул ишлаб топди ва жангари актёр сифатида самарали карьерасини давом эттириши керак эди, аммо у иштирок этган кўплаб янги фильмлар муваффақиятсизликка учради. Ривзга энди ишонч қолмаганди, шунинг учун у Жон Уикни яратганида, ўз пулини инвестиция қилишга ва Чад Стахелски ва Девид Литч янада кўпроқ ҳомийлар топишини кутишига тўғри келди.
Киану бу фильмга ишонарди, шунинг учун сабр билан кутди ва умид қилди. Бир ярим йил ўтгач, “Жон Уик” фильми экранларга чиқди ва 20-30 миллион бюджет билан деярли 90 миллион доллар йиғиб, кичик хитга айланди. Унинг шарофати билан Ривз яна жангари фильмлар юлдузига айланди.
Жон Траволта — “Жиноий асар”
Жон Траволтанинг фаолияти ҳеч қачон барқарорлик билан машҳур бўлмаган. У ё чўққида эди, ё озига ҳам қаноат қиларди. Жон ўзининг биринчи чўққисига 70-80 йилларда “Тирик қолиш” “Шанба оқшоми васвасаси” ва “Бриолин” фильмларида суратга тушганида эришган.
Аммо 1989 йилдан кейин у бир поғона пастга тушди. Беш йил ичида Траволта бир нечта фильмларида рол ўйнади. Бу унинг даражаси эмасди ва кўпчилик Траволтани унутиб юборганди. Бироқ у бу ҳақда ташвишланмади, чунки у кичик, кам бюджетли фильмларда рол ўйнашни хоҳларди. Шу мақсадда Винсент Вега ролини ўйнаш учун актёр қидираётган Тарантино билан боғланди. Шуниси эътиборга лойиқки, “Жиноий асар” учун Жон “Форрест Гамп”дан воз кечди ва шу билан Том Хенксга Голливудда муваффақият қозонишга имкон берди.
Вайнона Райдер — “Жуда ғалати ишлар”
2002-2003 йилларда режиссёр Вуди Аллен ўзининг “Мелинда ва Мелинда” фильмида бош ролларга Вайнона Райдер ва кичик Роберт Даунини таклиф қилмоқчи эди, аммо уддасидан чиқолмади. Чунки актёрларни суратга олиш даврида суғурта қиладиган компаниялар Вайнона ва Робертни суғурта қилишдан бош тортди. Райдернинг муаммоси унинг полиция билан мураккаб муносабатларида эди: 2001 йилда у кийим-кечак дўконидан беш минг доллардан ортиқ товар ўғирлаб, қамоққа тушганди.
Ўша пайтда Вайнона “Битлжус”, “Дракула”, “Эдвард қайчиқўл” ва “Кичик аёллар” фильмлари орқали танилган, аммо у бир неча минг доллар билан бойиб кетишга қарор қилиб, ҳамма нарсасини йўқотди. Райдер роппа-роса 5 йил ишсиз ўтиришга мажбур бўлди. Актриса кейинчалик суратга тушишни давом эттирган бўлса-да, унга муваффақиятли фильмларда бош ролларни ишонишмади. У 2016 йилда “Жуда ғалати ишлар” сериали чиққанидан кейингина машҳурлигини тиклай бошлади. Шундан сўнг Вайнона бир нечта яхши фильмларда рол ўйнади ва ҳатто 450 миллион даромад келтирган “Битлжус Битлжус” фильмидаги ролини такрорлашга таклиф қилинди.
Кичик Роберт Дауни — “Темир одам”
Кичик Роберт Дауни воқеаси кўпчиликка таниш. Унинг ҳам қонун билан боғлиқ баъзи муаммолари бор эди, лекин ундан ҳам жиддийроқ. Роберт ёшлигидаги ҳайратланарли муваффақиятидан сўнг барчасини йўқотди. 1996 йилдан бери Роберт бир неча бор ҳибсга олинган, турли шифохоналарда даволанган.
Сюзан Левин билан турмуш қургандан сўнг, кичик Дауни ёмон одатларидан бутунлай воз кечди ва кичик қадамлар билан Голливудга қайтишни бошлади, аммо буни амалга ошириш осон бўлмади. Кўплаб продюсерлар ҳалигача уни портлашини кутаётган бомба сифатида кўришади, чунки Роберт бир неча бор бутун бошли суратга олиш гуруҳларини муваффақиятсизликка учратган. Кичик Даунига фақат режиссёр Жон Фавро ишонди, у ҳаммани Роберт уларга панд бермаслигига ишонтиришга мажбур бўлди. У чиндан ҳам панд бермади. Бундан ташқари, кичик Дауни импровизациялар билан ролини яхшилади ва тез орада Marvel юзига айланди.
Марлон Брандо — “Чўқинтирган ота”
Фаолиятининг бошида Малон Брандо “Орзулар трамвайи”, “Ёввойи” ва “Портда” каби фильмларда муваффақият қозонди. Тез орада у сифат кафолатига айланди ва деярли ҳар бир режиссёр у билан ишлашни хоҳлади.
Бироқ 60 йиллардан бошлаб Брандо фильмографиясида кассада муваффақиятсизликка учраган ва танқидчилар томонидан қораланган фильмлар устунлик қила бошлади. Марлон сифат кафолати бўлишни тўхтатди ва суратга олиш ишларига кечикиб келиши, режиссёрлар билан жанжаллашиши ва умуман олганда, жуда оғир ва ёқимсиз одам бўлиши билан ўз аҳволини янада оғирлаштирди.
Лекин бир куни режиссёр Френсис Форд Коппола Брандони ўзининг “Чўқинтирган ота” фильмида рол ўйнашга кўндирди. Ўшанда ҳеч ким Копполога ишонмаган, шунинг учун фильм бюджети атиги 6-7,2 миллион долларни ташкил этган. Аммо продюсерлар Марлон Брандога ҳам ишонишмади, шунинг учун улар узоқ вақт давомида унинг номзодини рад этишди. Френсис ҳаммани кўндириш учун Брандонинг уйига бориб, ҳаваскорлар камерасига дон Корлеоне қиёфасида кичик бир саҳна кўринишини суратга олишни таклиф қилди. Марлон рози бўлди ва жағини булдогникига ўхшатиш учун оғзига пахта тиқиб, барча продюсерларни жим бўлишга мажбур қилган ажойиб саҳнани намойиш этди.
Кейинги бир неча йил ичида Брандо “Бугунги апокалипсис”, “Париждаги сўнгги танго” ва “Доктор Моро ороли” фильмларида рол ўйнади, аммо буларнинг барчаси фақат “Чўқинтирган ота” фильми туфайли, чунки Марлон режиссёр ва продюсерларни ғазаблантиришда давом этди, бу охир-оқибат уни унутилишга олиб келди.
Ке Хуи Куан — “Ҳамма жойда ва бир вақтда”
Ке Хуи Куан “Индиана Жонс ва тақдир ибодатхонаси” фильмида ўйнаганида ҳали бола эди. Ке актёрлик фаолиятини давом эттиришга ҳаракат қилди, лекин тез орада Голливудда осиёликлар жуда кўплигини ва улар учун роллар жуда камлигини тушунди, шунинг учун у актёрликни четга суриб, бошқа йўналишларни ўрганишни бошлади: бир мунча вақт режиссёр ёрдамчиси ва трюк координатори бўлиб ишлади.
Йиллар ўтиб, Куан яна актёр сифатида омадини синаб кўрди ва бу сафар омади келди. Ке бош роллардан бирини ўйнаган “Ҳамма жойда ва бир вақтда” фильми кичик бюджет билан 107 миллион ишлаб топди ва “Оскар”дан еттита ҳайкалчани олди. Ке бу билан тўхтаб қолмади — “Локи”, “Электр штати” ва “Муҳаббат - оғриқ” фильмларида рол ўйнади.
Изоҳ (0)