АҚШ президенти Дональд Трамп хориждан олиб келинаётган фильмларга 100 фоизлик бож солишини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social саҳифасида маълум қилди.

Сиёсатчи “ҳалок бўлаётган Америка кино саноатини” шу тариқа қутқаришини айтди. У 60 йилдан ортиқ вақт давомида суратга олиш майдончаси ва сайёҳлик маскани бўлиб хизмат қилган Алкатрас оролидаги машҳур қамоқхонани қайта очиш ниятида эканини ҳам билдирди.
Бошқа давлатлар турли имтиёзлар таклиф қилиб, бизнинг режиссёрларимиз ва киностудияларимизни АҚШдан олиб чиқиб кетишга уринмоқда. Голливуд ва АҚШнинг бошқа кўплаб соҳалари вайрон бўляпти. Бу бошқа давлатлар томонидан амалга оширилаётган режалаштирилган ҳаракат бўлиб, миллий хавфсизлик учун таҳдид ҳисобланади. Бундан ташқари, у мафкуравий хабарларни етказиш ва тарғибот вазифасини ҳам бажармоқда!, деган у.
Сиёсатчи АҚШ Савдо вазирлиги ва Савдо ваколатхонасига барча хорижий фильмларга 100 фоизлик божларни жорий этиш “жараёнини зудлик билан бошлаш”ни топширган.
Биз фильмлар яна Америкада ишлаб чиқарилишини истаймиз, дея хулоса қилган Трамп.
Таҳлилчиларга кўра, АҚШнинг дунёдаги кино ишлаб чиқариш харажатлари ва касса йиғимларидаги улуши ҳақиқатан ҳам пасайиб бормоқда. Аммо мамлакат бу бозорда сўзсиз етакчи бўлиб қолмоқда.
Америка кино саноати Трампнинг импорт божларидан маълум даражада зарар кўрди. Хитой божларга жавобан Америка фильмларининг ўз прокатидаги квотасини қисқартиришга қарор қилди.
Хитойга нисбатан божларни суиистеъмол қилаётган АҚШ расмийларининг нотўғри хатти-ҳаракатлари муқаррар равишда ички аудиториямизнинг Америка фильмларига бўлган қизиқишини пасайтиради. Биз бозор қоидаларига амал қиламиз, аудитория танловини ҳурмат қиламиз ва импорт қилинадиган Америка фильмлари сонини ўртача даражада қисқартирамиз, деди Хитойнинг кинопрокатни бошқарувчи идораси.
Трамп Хитой товалари импортига 145 фоиз миқдорида божлар жорий қилди. Бунга Пекин 125 фоизлик божлар билан жавоб қайтарди. АҚШ президенти июль ойигача бошқа барча мамлакатлардан товар импортига 10 фоизлик божлар белгилади, улар кейинчалик ошиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)