Ўзбекистондаги 2025 йилги ҳаж мавсуми 13 майдан бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 28 майга қадар ҳар куни Ўзбекистондан Саудия Арабистонига авиақатновлар амалга оширилади. Зиёратчилар Тошкент, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Навоий ва Нукус шаҳарларидаги аэропортлар орқали Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри учади.
Авиапарвозлар Uzbekistan Airways билан бирга FlyNas ва FlyАdeal авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади. Ҳаж тадбирларини ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишлари жадал давом этмоқда:
- Зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилди;
- Эмлаш ишлари олиб борилди;
- Гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар бириктирилди;
- Сафар олдидан амалий машғулотлар ташкил этилди;
- Ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Шунингдек, ҳар бир зиёратчига “Ҳаж – буюк ибодатдир” қўлланмаси, сумка, нимча, термос, соябон, SIM-карта ва қувватлагич тақдим этилмоқда.
Айни пайтда гуруҳ раҳбарлари зиёратчилар билан ҳаж амаллари бўйича суҳбатлар олиб бормоқда.
Ўзбекистонда ҳаж квотаси сўнгги йилларда 3 баробарга оширилган
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ўзбекистонликлар учун ҳаж квотаси сўнгги йилларда 3 баробарга оширилиб, ҳар йили 15 минг нафар ўзбекистонликлар ҳожи бўлгани, умра зиёратчилари сони бир неча юз мингни ташкил этаётгани, уларга бўлган ҳурмат-эътибор, шарт-шароитлар борган сари яхшиланиб бораётганини маълум қилганди. 2024 йилги ҳаж мавсумида Ўзбекистонда 15 150 нафар зиёратчи ҳаж амалини бажарган.
Саудия Арабистони қироллиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги чиқарган меъёрий ҳужжатга кўра, ҳажга борувчилар менингитга қарши эмланиши зарур. Санепидқўмита ҳам Ўзбекистонга юқумли касалликларнинг четдан кириб келишини олдини олиш ва эпидемиологик барқарорликни сақлаб қолиш мақсадида зиёратчиларни менингитга қарши эмлаш тавсия этган.
Нархлар қандай ўзгаряпти?
2019 йилда Ўзбекистонда бир кишининг ҳажга бориб келиши 33,3 млн сўмни (ўша пайтдаги курс бўйича 3879 доллар) ташкил этган. Пандемиядан сўнг 2022 йилга келиб ҳаж зиёрати нархи кескин (деярли икки баравар) ошган ва бир кишилик тўлов 62 миллион 900 минг сўм этиб белгиланди. Ўшанда Мусулмонлар идораси нарх қимматлашишига Саудия ҳукумати ҳаж сафарига доир қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий этгани, транспорт ҳамда бошқа қатор хизматлар қиймати кескин ошганини сабаб қилиб кўрсатган эди. Шундан сўнг ҳам нархлар ошишда давом этди — 2023 йилда 68 миллион 760 минг сўм, 2024 йилда эса 73 миллион 970 минг сўмни ташкил этган. Ўзбекистонлик зиёратчилар 2025 йилги ҳаж мавсуми учун 78 миллион 670 минг тўлайди.
Ҳаж учун тўланган маблағ ичига нималар киради?
- Ҳаж визаси;
- Авиабилет (Мадинайи мунавварага тўғридан-тўғри авиарейс);
- Zam-zam Pullman, “Краун Плаза” (Мадина шаҳрида) ҳамда “Аброж ал-Ҳидоя” (Макка шаҳрида) меҳмонхоналарида яшаш;
- Шаҳарлараро (Мадина—Макка—Жидда) транспорт хизмати;
- Ҳожиларнинг тиббий суғуртаси;
- 3 маҳал иссиқ овқат: нонушта, тушлик ва кечки овқат;
- Мадинадаги Уҳуд тоғи, Қубо ва икки қиблали масжидларга зиёрат;
- Маккадаги Мино, Арофат ва Муздалифа водийларидаги барча хизматлар;
- 24/7 режимидаги тиббий хизмат;
- 24/7 режимидаги транспорт хизмати;
- Қурбонлик;
- Замзам суви (5 литр);
- Республиканинг 7 та ҳудудидан кузатиш ва кутиб олиш;
- Давлат рамзлари туширилган нимча ва сумка;
- Ҳаж қўлланмаси.
Бу борада фирибгарликлар
Тошкентда тўрт кишини ҳажга жўнатиш учун 23,6 минг доллар олган шахс ушланган эди. Дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистонда сўнгги икки ойда ўтказилган текширувларга кўра, умра лицензиясига эга бўлмасдан ушбу хизматни кўрсатаётган 31 та сайёҳлик фирмаси масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди. Ушбу қўмита ҳам ноқонуний турфирма ёки турагентлардан огоҳ бўлишга чақирганди.
Ўзбекистонда умра тадбирларини ташкил этиш
2024 йил июлида Ўзбекистонда умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланди. Ҳукумат қарори билан қуйидаги лицензия талаб ва шартлари жорий этилган. Лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари томонидан умра хизматларини кўрсатганлик учун юридик шахсларга солинадиган жарималар миқдорлари БҲМнинг 200 баравари (75 миллион сўм) этиб белгиланган.
Изоҳ (0)