Муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳаж ва умра сафарининг фазилати ҳақида гапирди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар берди.

Унда айтилишича, бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги “Маҳкамбой ҳожи ота” жоме масжидида жума намозини адо этди. Намоз олдидан “Исломда сафар ва мусофирлик одоблари” мавзусида маъруза ўқиди.
Маърузада мусулмон киши ҳаж ва умра, илм излаш, ризқ топиш ёки яқин қариндошларини зиёрат қилиш мақсадида сафар қилиши мумкинлиги қайд этилди. Бундай сафарларда яхши ниятда бўлиш, сафарга чиқишдан олдин қарзларни узиш ва омонатларни эгаларига қайтариш, солиҳ йўлдош танлаш, имкон қадар саҳарлаб йўлга чиқиш, сафар давомида эса раҳбар тайинлаш каби одобларга амал қилиш лозимлиги таъкидланди.

Муфтий ҳаж сафарининг фазилати ҳақида сўз юритар экан, ушбу ибодатнинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади:
“Ҳаж ва умра роҳатланиб келинадиган сафар эмас. У моддий, жисмоний ва руҳий-ахлоқий ибодат. Шу боис унга тайёргарлик кўриб, алоҳида аҳамият қаратиш зарур. Бу сафарлар риё, кўз-кўз, дабдаба ва мақом олиш, дунёвий мақсадлар учун қилинмайди. Яратган Роббимиз розилиги ва ибодат нияти ила борилади. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом: ъқабул қилинган ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдиръ, деганлар”.

Маълумот учун, 2025 йилги ҳаж мавсумида Ўзбекистон фуқаролари учун 15 минг дона квота ажратилган.
2023 йилнинг августида Ўзбекистон фуқаролари Саудия Арабистонига электрон виза олиш имконига эга бўлганди. Ўзбекистонликлар 146 доллар эвазига Қироллик туризм вазирлигининг махсус портали орқали онлайн виза олиши мумкин эди.
Ушбу виза билан йил давомида Умра ҳамда мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш мумкин бўлиб, амал қилиш муддати 90 кунни ташкил қилиши айтилганди.
Ҳаж зиёратининг янги нархлари
Ўзбекистонлик зиёратчилар 2025 йилги ҳаж мавсуми учун 78 миллион 670 минг сўм тўлайди.
Ўзбекистонда ҳаж квотаси сўнгги йилларда 3 баробарга оширилган
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ўзбекистонликлар учун ҳаж квотаси сўнгги йилларда 3 баробарга оширилиб, ҳар йили 15 минг нафар ўзбекистонликлар ҳожи бўлгани, умра зиёратчилари сони бир неча юз мингни ташкил этаётгани, уларга бўлган ҳурмат-эътибор, шарт-шароитлар борган сари яхшиланиб бораётганини маълум қилганди. 2024 йилги ҳаж мавсумида Ўзбекистонда 15 150 нафар зиёратчи ҳаж амалини бажарган.
Саудия Арабистони қироллиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги чиқарган меъёрий ҳужжатга кўра, ҳажга борувчилар менингитга қарши эмланиши зарур. Санепидқўмита ҳам Ўзбекистонга юқумли касалликларнинг четдан кириб келишини олдини олиш ва эпидемиологик барқарорликни сақлаб қолиш мақсадида зиёратчиларни менингитга қарши эмлаш тавсия этган.
Нархлар қандай ўзгаряпти?
2019 йилда Ўзбекистонда бир кишининг ҳажга бориб келиши 33,3 млн сўмни (ўша пайтдаги курс бўйича 3 879 доллар) ташкил этган. Пандемиядан сўнг, 2022 йилга келиб ҳаж зиёрати нархи кескин (деярли икки баравар) ошган ва бир кишилик тўлов 62 миллион 900 минг сўм этиб белгиланди. Ўшанда Мусулмонлар идораси нарх қимматлашишига Саудия ҳукумати ҳаж сафарига доир қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий этгани, транспорт ҳамда бошқа қатор хизматлар қиймати кескин ошганини сабаб қилиб кўрсатган эди. Шундан сўнг ҳам нархлар ошишда давом этди — 2023 йилда 68 миллион 760 минг сўм, 2024 йилда эса 73 миллион 970 минг сўмни ташкил этган.
Ҳаж учун тўланган маблағ ичига нималар киради?
- Ҳаж визаси;
- Авиабилет (Мадинайи мунавварага тўғридан-тўғри авиарейс);
- “Зам-зам Pullman”, “Краун Плаза” (Мадина шаҳрида) ҳамда “Аброж ал-Ҳидоя” (Макка шаҳрида) меҳмонхоналарида яшаш;
- Шаҳарлараро (Мадина—Макка—Жидда) транспорт хизмати;
- Ҳожиларнинг тиббий суғуртаси;
- 3 маҳал иссиқ овқат: нонушта, тушлик ва кечки овқат;
- Мадинадаги Уҳуд тоғи, Қубо ва икки қиблали масжидларга зиёрат;
- Маккадаги Мино, Арофат ва Муздалифа водийларидаги барча хизматлар;
- 24/7 режимидаги тиббий хизмат;
- 24/7 режимидаги транспорт хизмати;
- Қурбонлик;
- “Замзам” суви (5 литр);
- Республиканинг 7 та ҳудудидан кузатиш ва кутиб олиш;
- Давлат рамзлари туширилган нимча ва сумка;
- Ҳаж қўлланмаси.
Бу борада фирибгарликлар
Тошкентда тўрт кишини ҳажга жўнатиш учун 23,6 минг доллар олган шахс ушланган эди. Дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистонда сўнгги икки ойда ўтказилган текширувларга кўра, умра лицензиясига эга бўлмасдан ушбу хизматни кўрсатаётган 31 та сайёҳлик фирмаси масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди. Ушбу қўмита ҳам ноқонуний турфирма ёки турагентлардан огоҳ бўлишга чақирганди.
Ўзбекистонда умра тадбирларини ташкил этиш
2024 йил июлида Ўзбекистонда умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланди. Ҳукумат қарори билан қуйидаги лицензия талаб ва шартлари жорий этилган. Лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари томонидан умра хизматларини кўрсатганлик учун юридик шахсларга солинадиган жарималар миқдорлари БҲМнинг 200 баравари (75 миллион сўм) этиб белгиланган.
Изоҳ (0)