Россия “Толибон” ҳаракатига “Вилояти Хуросон” гуруҳи террорчиларига қарши курашишда кўмаклашади. Бу ҳақда Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов маълум қилди, дея хабар бермоқда РИА Новости.

Биз “Толибон”нинг “глобал жиҳод”нинг ўта радикал мафкурасини тарғиб қилувчи “Вилояти Хуросон”га қарши курашидаги саъй-ҳаракатларини кузатиб бормоқдамиз ва қадрлаяпмиз. Бу гуруҳ Россия ва Афғонистон учун умумий душман ҳисобланади. Шу боис биз ушбу мамлакат ҳукуматига тегишли тузилмалар орқали барча мумкин бўлган ёрдамни кўрсатамиз, деди Кабулов.
Шунингдек, у Россия Федерацияси Олий суднинг “Толибон” ҳаракати фаолиятига қўйилган тақиқни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори мамлакатлар ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорлик йўлидаги барча тўсиқларни бутунлай бартараф этишини таъкидлаган. Бу масалага якуний нуқта Афғонистон элчисининг Москвага ташрифи чоғида қўйилади.
Маълум қилинишича, “Толибон” Қобул ва Москва ўртасида тўлақонли дипломатик ва иқтисодий алоқалар ўрнатилишига умид боғламоқда. “Толибон” ҳукумати расмий вакили Забиҳулла Мужоҳиднинг таъкидлашича, ҳаракат Россиядаги фаолиятига қўйилган тақиқнинг тўхтатилишини муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.
Россия Олий суди 17 апрелда “Толибон” ҳаракатининг Россиядаги фаолиятини тақиқлашни тўхтатиб туриш ҳақида қарор чиқарди.
“Толибон” 2021 йилда президент Ашраф Ғани ҳукуматини ағдариб, Афғонистонни ўз назоратига олганди.
Изоҳ (0)