Бокудан Грознийга учаётган йўловчи самолёти 25 декабрь куни Қозоғистон ҳудудида ҳалокатга учради. Ҳозирча 32 киши омон қолгани маълум, улардан 11 нафари ўта оғир аҳволда. “Дарё” нашри Қозоғистондаги ҳодиса баҳонасида бошқа авиаҳалокатларни ҳам ёдга олди.
Қушлар галаси билан тўқнашув — ҳалокат сабабчисими?
Азербаижан Airlines авиакомпаниясининг Бокудан Грознийга учаётган йўловчи самолёти 25 декабрь куни Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида ҳалокатга учради. Ҳодиса пайтида самолёт бортида 69 киши, жумладан, 5 нафар экипаж аъзоси бўлган.
“Известия” нашри Қозоғистон транспорт вазирлигига таяниб Қозоғистон йўловчиларнинг 37 нафари Озарбайжон, 16 нафари Россия, 6 нафари Қозоғистон, 3 нафари Қирғизистон фуқаролари бўлгани ҳақида ёзган.
Ҳозиргача тўрт нафар йўловчининг жасади топилган. Қозоғистон ССВ 32 нафар йўловчи (улардан икки нафари болалар) омон қолгани ҳақида хабар берган. Жабрланувчилар маҳаллий шифохонага етказилган.
Embraer 190 йўловчи самолёти Каспий денгизи устида ҳалокат сигнали берган ва мажбурий қўниш жой қидирган. РИА Новости Грозний аэропорти матбуот хизматига асосланган ҳолда Бокудан учган самолёт Грознийдаги ноқулай об-ҳаво туфайли аввалига Махачқалъага, кейин эса Ақтауга йўналтирилгани ҳақида хабар берган.
Дастлаб ҳалокатга самолётнинг қушлар галаси билан тўқнашуви сабаб бўлгани тахмин қилинганди. Telegram-каналларда Ақтауга қулаган самолётнинг фюзеляжи илма-тешик бўлиб кетгани акс этган кадр тарқалмоқда. Бу эса самолётга ҳавода зарба берилиши оқибати бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни пайдо қилмоқда. Самолёт Грознийга учаётганида ушбу шаҳарга украин дронлари ҳужум қилганди. Ҳозирча учувчиларнинг диспетчер билан сўзлашуви ёзуви тармоққа чиқарилмади. Авиаҳалокатнинг асл сабаби — барча маълумотлар йиғилганидан кейин ойдинлашиши мумкин.
МДҲ давлат раҳбарларининг саммитида иштирок этиш учун Санкт-Петербургга борган Илҳом Алиев рўй берган ҳодиса туфайли шошилинч Бокуга қайтган. Озарбайжон раҳбари авиаҳалокат натижасида қурбон бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган. Самолёт ҳалокати сабабларини жойида ўрганиш учун Озарбайжон давлат делегацияси Қозоғистонга жўнатилган.
Дунё миқёсидаги энг йирик авиаҳалокатлар
1974 йил 3 мартда Париж яқинидаги Эрменонвил аҳоли пунктида Turkish Airlines авиакомпаниясига қарашли Истанбул — Париж — Лондон йўналишида учаётган McDonnell Douglas ДC-10-10 самолёти қулади. Самолёт бортида бўлган 346 кишининг барчаси ҳалок бўлган.
1980 йил 19 август куни Сауди Arabian Airlines авиакомпаниясига қарашли самолёт Саудия пойтахти Ар-Риёддан Жидда шаҳрига парвоз қилиш учун ҳавога кўтарилади. Шу пайтда унинг юкхонасида ёнғин юз беради ва ундан чиққан тутун самолёт салонига ҳам кира бошлайди. Учувчилар дарҳол ортга қайтиб, самолётни Ар-Риёд аэропортига қўндиришга қарор қилади.
Бу пайтда олов салон ичига ҳам ўтган ва барча тутундан заҳарланганди. Шу сабабли самолёт қўнгандан сўнг ҳеч ким люкларни ичкаридан очмайди. Қутқарувчилар люкларни очиш учун 25 дақиқа вақт сарфлайди. Люклар очилгандан сўнг самолёт салонидаги олов баттар аланга олади. Оқибатда самолёт бортида бўлган 301 киши ҳалок бўлади.
1985 йил 23 июньда Аир-Индиа компаниясига қарашли Boeing 747-237Б самолёти ҳалокатга учраган. Ҳаво кемаси Бомбей — Деҳли — Франкфурт Майн — Торонто — Монреаль йўналишида парвоз қилаётган эди. Самолётнинг юкхонасига ўрнатилган бомба Boeing Атлантика океани устидан учиб ўтаётган вақтда портлаган.
1996 йил 12 ноябрьда Деҳли осмонида Саудия Арабистонига учиб кетаётган Boeing-747 ва Қозоғистондан учиб келаётган Ил-76 ТД чартер самолёти тўқнашган ва кучли портлаш юз берган. 349 киши ҳалок бўлган.
Ўзбекистон ҳудудида ҳам шу пайтгача йигирмага яқин авиаҳалокат содир бўлган. Жумладан, 1942 йил 14 декабрь куни Урганч-Чоржўй-Тошкент йўналишида парвоз қилган АНТ-20бис самолёти Тошкентга етишига 50 километр қолганда ҳалокатга учрайди. Бортдаги 36 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Тергов натижасида, экипаж командири самолётни йўловчи сифатида учаётган учувчига топширгани ва унинг хатоси туфайли ҳалокат содир бўлгани аниқланган.
1956 йил Тошкент авиация заводида ишлаб чиқарилган Ил-14 самолёти 1958 йилнинг 23 декабрьида Минералние Водидан Тошкентга парвоз қилган. Унинг бортида 6 нафар экипаж аъзоси ва 15 йўловчи бўлган. Экипажга Тошкентда 300–600 метр баландлик қат-қат булутлар билан қопланиши, қор ва туман бўлиши, кўриш масофаси 2—4 километрдан 1—2 километргача тушиши мумкинлиги ҳақида об-ҳаво маълумоти берилган.
Экипаж Тошкент аэропорти ҳудудига кирганида диспетчер уларга об-ҳаво маълумотини берган: қор, кўриш масофаси тахминан 1000 метр. Бу аэропортнинг метеорологик минимумидан паст бўлган, диспетчер эса самолётни захира аэропортига йўналтириш ўрнига қўнишга рухсат берган. Авиалайнер учиш-қўниш йўлагига яқинлашганида 10–15 метр баландликда командир иккинчи айланага кетишини маълум қилган.
Соат 03:10 да 100—150 метр баландликда самолёт бирданига ўнгга бурилиб, 60 даража бурчак остида ишлаб турган двигателлари билан қўниш йўлагидан 220 метр нарида қорли майдонга қулаган. Бортда бўлган 21 кишининг барчаси ҳалок бўлган.
Техник экспертиза самолётнинг шассини тушириш сигнализацияси ишламай қолганини кўрсатди. Комиссия диспетчер ва учувчи парвозлар бўйича инструксияга амал қилмагани, командирни парвозларга тайёрлаш сифатсиз амалга оширилгани, Тошкент аэропорти бўйича об-ҳаво маълумотлари нотўғри берилганини аниқлади.
Авиалайнер Термизга қўниб ўтган. Об-ҳаво маълумотига кўра, ҳаво йўлида 2000-2500 метр баландликда қат-қат булутлар бўлиши, қор ёғиши, кўриш масофаси тахминан 4-10 км бўлиши, тоғлар булутлар остида ёпилиб қолиши кутилаётганди. Самолёт 3600 метр баландликка кўтарилиб, шимол томон учган. Экипаж Дарбанд устидан учиб ўтаётганини хабар қилганидан бир дақиқа ўтгач, тоғлар ортига ўтиб, радиолокаторлар экранидан йўқолган. Шундан сўнг экипаж билан алоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаган.
Бир ойдан ортиқ давом этган қидирув ишлари ҳам натижа бермаган. Орадан 37 кун ўтиб, 1960 йил 19 январь куни Кобулдаги СССР элчихонаси 91577-рақамли борт йўқолганини расман маълум қилган. 6 ойдан сўнг, 1960 йил 2 июнда Ми-1 вертолёти Бойсунтоғ тизмасининг Қуштанг тоғлари қияликларида самолёт бўлакларини пайқаб қолган. Самолёт 3700 метр баландликда тоғнинг тик қиялигига 45-60 даража бурчак остида аввалига қаноти, кейин эса фюзеляжи билан урилгани, сўнгра 200 метр пастликка қулаб, 3500 метр баландликда қолиб кетгани аниқланган. Самолёт бортида бўлган 30 кишининг бари ҳалок бўлган.
Экипаж белгиланган маршрут бўйича учмасдан, Дарбанд ва тоғлар орқали тўғри Тошкентга учишга қарор қилган. Улар шамолни ҳам ҳисобга олмаганлиги сабабли самолёт белгиланган йўлдан чиқиб кетиб тоғлар томонга учиб кетган. Ҳалокат жойи трассадан 40-50 км ўнгроқда жойлашганди. Комиссия тергов давомида ушбу ҳудудда авиаташувлар қоидабузарликлари тез-тез бузилиши, учувчилар маршрутни тоғли йўллар орқали ўзгартириши, авиадиспетчерлар эса самолётни трассага қайтаришга уринмаслигини аниқлаган.
1957 йилда Москвада ишлаб чиқарилган Ил-14 самолёти 1962 йил 16 июльда Тошкент—Самарқанд—Бухоро—Тошкент йўналиши бўйича учаётганида ҳалокатга учраган. Унинг бортида 5 нафар экипаж аъзоси ва 33 йўловчи бўлган. Экипаж самолёт Бухоро аэропортидан ҳавога кўтарилганидан ярим соат ўтиб, соат 10:35 да цилиндр поршени куйгани туфайли ўнг мотор ишламай қолганини маълум қилган. Командир Тошкентгача 3000 метр ўрнига 2400 метр баландликда учишга диспетчердан рухсат олган. Аммо экипаж 1500 метргача пастлаган. Тошкентга 120 км қолганда, Чордара ҳудудида борт муҳандиси ишлаб турган двигатель бузилишидан хавотир олиб, унинг қувватини пасайтирган. Самолёт тезлик ва баландликни йўқота бошлаган. 200 метр баландликда экипаж ишлаб турган двигателнинг қувватини оширишга қарор қилган. Ерга 100 метр қолганда командир бузилган моторни ишга туширишга уриниб кўрган, аммо самолёт тезлиги янада секинлашган.
Соат 12:14 да Ил-14 Тошкент аэропортидан 34 километр узоқликда, Янгийўл шаҳри яқинида 2,5 метрлик деворга урилиб, сўнг пахта даласига қулаган. Зарба натижасида фюзеляж уч қисмга бўлиниб кетган. Ҳодиса жойида 9 киши ҳалок бўлган. Жароҳатлар оқибатида яна 2 киши касалхонада вафот этган. Баъзи хорижий манбаларда ҳалокат оқибатида аслида 14 киши ҳалок бўлгани айтилади.
Командир самолётни Бухорога қайтариш ёки Навоийга қўндириш ўрнига Тошкент сари парвозни давом эттиргани, парвозларни бошқариш хизмати ҳам Бухоро ёки Навоийга қўниш ҳақида тавсия қилмагани ҳалокатга олиб келган асосий сабаблардан бири бўлган.
1974 йил 24 июньда Аэрофлот компаниясининг Самарқанд—Тошкент—Свердловск—Ленинград йўналишида парвоз қилаётган Ил-18 самолёти Тошкент аэропортида ҳалокатга учраган.
Самолёт қисмларидан бири таъмирлашга эҳтиёж туғилгани учун рейснинг Тошкентдан учиши бир соатга кечикканди. Ил-18 учиш йўлаги бўйлаб ҳаракатни бошлаганидан 41 сония ўтиб, у 230 км/соат тезликка эришганида унинг четки ўнг двигатели қушлар галаси билан тўқнашган. Экипаж буни кўрмай қолган. Борт муҳандиси ускуналар орқали 4-двигатель ишламай қолганини кўриб, командирга маълум қилган. Йўлак охиригача 2100 метр қолганда учувчи парвозни тўхтатишга қарор қилган. Командир ускуналарни аэродинамик тормозлаш режимига ўтказишга буйруқ беради. Винтлар нол бурчак остига ўтиши учун 10—12 сония талаб этилишини командир ҳаяжон туфайли унутиб қўяди.
Бортмеханик чап қанотдаги 1 ва 2-винтларни тўхтатади. Йўлак охирига 600 метр қолганда командир авариявий тормозлашга буйруқ беради, аммо ҳеч ким дарҳол уни ёқишга киришмайди. Борт механик ташаббус кўрсатиб тормозни ёқади, аммо охиригача эмас. У авариявий тормозлашга эътиборини қаратиб, 3-винтни бўшатишни унутади. Учиш-қўниш йўлаги охирига 250 метр қолганда самолёт чап томонга бурила бошлайди. Лайнер учиш йўлагидан чиқиб кетганидан сўнг бортмеханик 3-винтни эслайди ва барча двигателларни тўхтатади. Тупроқли йўл бўйлаб ҳаракатланган самолёт асфалтли йўлларни босиб ўтган, соатига 50—100 км тезликда Қорасув канали устидан ўтиб, каналнинг нариги қирғоғига урилган. Зарба натижасида самолёт иккига бўлиниб кетган.
Хавфсизлик камарини тақмаган уч йўловчи зарба оқибатида оғир жароҳат олди. Улардан бири йўловчи сифатида учаётган учувчи бўлган. У касалхонада вафот этган ва ҳодисанинг ягона қурбони бўлиб қолган. Ҳалокат оқибатида жами 22 киши турли даражада жароҳат олган.
1977 йил 15 февральда Тошкент-Нукус-Минвода йўналишида парвоз қилган Ил-18 самолёти якуний манзилга етиб борганда ҳаво қалин туман билан қопланган эди. Самолёт ана шундай ноқулай об-ҳаво шароитида қўниш йўлакчаси ҳудудига киради. Биринчи уринишда қўна олмаган самолёт бир оз тепага кўтарилиб айланиб олади ва яна қўниш йўлагига туша бошлайди.
Экипаж аъзолари самолётни ўнглаб олишга улгурмайди. Унинг чап қаноти қўниш йўлагидан 2 километр нарида ерга кучли зарба билан урилади ва узилиб кетади. Учишда давом этган самолёт аэропорт ҳудудидан чиқиб кетиб, ерга қулайди ва ёниб кетади. Натижада экипаж командири ва яна 76 йўловчи ҳалок бўлади.
1985 йил 10 июль куни Қаршидан Бошқирдистон пойтахти Уфа шаҳри орқали Ленинградга учаётган Ту-154Б-2 самолёти Қизилқум чўлига қулаб тушади. Оқибатда самолёт бортида бўлган 9 нафар экипаж аъзоси ва 191 нафар йўловчи (шундан 52 нафари болалар) ҳалок бўлади.
Ҳалокатни ўрганган комиссия аъзолари тайёрлаган ҳисоботга кўра, фожиага иссиқ об-ҳавода самолёт етарли даражада тезлик ололмагани сабаб қилиб кўрсатилади. Расмий хулосада учувчилар самолётни бошқаришда хатоларга йўл қўйгани қайд этилади. Комиссия хулосасига қўшилмаган мутахассислар ҳодисага самолёт конструкциясидаги камчиликлар ва учувчиларнинг етарлича дам олмасдан парвоз қилавериши сабаб бўлганини айтишган. Маълум бўлишича, ўшанда Ту-154Б-2 самолёти экипажи Ўзбекистондаги иссиқ об-ҳавога қарамасдан, суткалаб дам олмасдан парвоз қилган ва оғир шароит уларни толиқтириб қўйган.
Тахминлардан бирига кўра, Ту-154Б-2 самолёти экипажи дам олишларсиз узоқ вақт парвозда бўлган ва қаттиқ чарчоқ туфайли автопилотни ёқиб ухлаган. Ҳар иккала учувчи самолёт қулаётганда уйғониб кетган ва бу пайтда вазиятни ўнглашнинг иложи бўлмаган.
1991 йил 23 март куни Тошкентдан Навоийга парвоз қилган Ан-24 самолёти Навоий аэропортига қўниш чоғида ҳалокатга учрайди. Оқибатда самолёт бортида бўлган 59 йўловчи ва 4 нафар экипаж аъзоларидан 34 нафари ҳалок бўлади. 29 киши тирик қолади.
Ҳалокатдан сўнг ўтказилган суриштирувларда экипаж командири диспетчерга самолёт турган баландлик ҳақида нотўғри маълумот бергани аниқланади. Шу сабабли самолёт учиш-қўниш йўлагига нотўғри мўлжал билан келади.
Ан-24 биринчи уринишда қўна олмагач, учувчилар айланиб келиш учун тепага кўтарилади. Иккинчи уринишда самолёт учувчилари яна мўлжалда адашади ва самолёт учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетади. Оқибатда у аэропорт четидаги бетон тўсиқларга урилиб, ёниб кетади.
Бортмеханик ва иккинчи учувчи иккинчи айланага кетишни маслаҳат берган, аммо командир пастлашда давом этган. Самолёт йўлакнинг бошланиш қисмига етганида ердан 4–7 метр баландликда ва соатига 250 км тезликда учаётганди. Йўлакнинг бошланиш чегарасидан 965 метр ўтиб кетганидан сўнг командир иккинчи айланага кетишга қарор қилган. Командир самолётни дарахтлардан олиб қочишга уринган, аммо электр симларига урилиб, авиалайнер ерга қулаган. Самолётга жиддий шикаст етиб, икки йўловчи ҳалок бўлган.
Ҳалокатга учраган Як-40 1975 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, у сўнгги марта 1999 йил Беларусда таъмирланган. Ҳалокат сабаблари ўрганилганда у учувчиларнинг хатоси туфайли содир бўлгани аниқланади. Ўша куни Тошкентда туман тушгани туфайли учувчилар қўниш чоғида баландлик мўлжалини олишда хатога йўл қўйишади. Улар учиш-қўниш йўлагига тушаётганда 70 метр ўрнига 130 метр баландликда бўлишади. Оқибатда самолёт учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетади. У аэропортнинг бетон тўсиқларини йиқитиб ўтиб, Қорасув каналига қулайди ва ёниб кетади. 2004 йил 15 январь куни мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинади.
2006 йилнинг 19 октябрь куни тонг соат 7:30 да Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги аэродромга қўниш вақтида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг бортида Мудофаа вазирлигининг ҳарбий хизматчилари бўлган Ан-2 самолёти ҳалокатга учраган. Ҳодисага об-ҳаво шароитининг кескин ёмонлашуви сабаб бўлган — самолёт туман оқимига тушиб қолиб, аэродромдан ташқарида ерга зарб билан бориб урилган.
Ҳодиса оқибатида 15 киши — экипажнинг икки аъзоси ва 13 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. ЎзА ахборотига кўра, ўшанда ҳодиса сабабларини аниқлаш мақсадида тузилган ҳукумат комиссиясига авиаҳалокатга олиб келган омилларни аниқлаб, бу ҳақда кенг жамоатчиликка ахборот бериш ҳақида ҳам топшириқ берилган. Бироқ бу топшириқ ижроси бажарилмаган.
2021 йилнинг 14−15 август кунлари Афғонистонда ҳокимиятнинг қуролли йўл билан алмашинуви жараёнида ушбу мамлакатнинг 22 та ҳарбий самолёти ва 24 та ҳарбий вертолёти “Толибон” таъқибидан қочиб, Ўзбекистон ҳаво ҳудудига киради.
Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, 15 август куни Қашқадарёдаги “Хонобод” аэропортига қўниш учун рухсат сўраган Афғонистоннинг учта Embraer-314 ҳарбий самолёти Термиз аэропортига қўниш тўғрисида огоҳлантирилиб, улар Ўзбекистоннинг иккита МиГ-29 қирувчи самолётлари кузатувига олинади.
“Лекин кузатув давомида Embraer-314 ва МиГ-29 самолётлари тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаган. Ушбу самолётлар учувчилари парашют (катапульт) орқали ерга тушишган”, дейилади Бош прокуратура ахборотида.
Ҳодисада Афғонистон ва Ўзбекистон самолётлари қулагани очиқланган бўлса-да, ҳодисанинг бошқа тафсилотлари маълум қилинмаган.
Изоҳ (0)