Жаҳон банкининг Инспекция кенгаши Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭС билан боғлиқ лойиҳаларни текшириш учун Ўзбекистон ва Туркманистон аҳолисидан келиб тушган шикоятни қабул қилди.
-T6ifC9Af.avif)
Шикоят Жаҳон банкининг “Роғун ГЭСни барқарор молиялаштириш” лойиҳаси ва унга боғлиқ техник ёрдам лойиҳаси доирасида ажратилган 350 миллион долларлик сармояга оид. Мурожаатчилар Жаҳон банки ва яна 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратишни ваъда қилган бир қатор молиявий институтларнинг Роғун ГЭС лойиҳасини молиялаштиришидан норози. Улар бу ташкилотлар лойиҳанинг атроф-муҳитга салбий таъсири ва Марказий Осиё минтақаси учун хавфли оқибатларини етарлича инобатга олмаганини айтмоқда.
Ҳозирда Роғун ГЭС қурилишини якунлаш билан боғлиқ асосий муаммо шундаки, мавжуд атроф-муҳит ва ижтимоий таъсирни баҳолаш тўлиқ эмас. У эски — 11 йил аввалги маълумотлар ва ёндашувларга асосланган ва лойиҳа билан боғлиқ асосий хавфларни етарлича акс эттирмайди.
♦ Экологик оқибатлар
Ҳужжатларда дарёнинг қуйи оқимида, айниқса, Оролбўйи минтақасидаги экологик офат зонасида яшовчи маҳаллий аҳоли манфаатлари тўлиқ ҳисобга олинмаган. Вахш дарёси сувининг қурилиш, сув омборини тўлдириш (бу жараён камида 15 йил давом этади) ва ГЭСни эксплуатация қилиш даврида камайиши ҳамда мавсумий қайта тақсимланиши, дарёнинг қуйи оқимларида — хусусан Вахш ва Амударёнинг қуйи ҳудудларида сув танқислигини келтириб чиқаради.

Жаҳон банкининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, Роғун сув омборини тўлдириш босқичида Амударёнинг Орол денгизига оқими йилига 0,8-1,2 куб километрга камаяди. Бу эса ҳозирги делтага оқиб келаётган оқимнинг камида 25 фоизини ташкил этади. Бундай улкан ҳажмдаги сувнинг йўқотилиши аллақачон заифлашган табиий ва инсон таъсиридаги экотизимларни янада оғир аҳволга солиб қўяди, ерларнинг деградацияси, шўрланиши ва чўлланишини кучайтиради.
♦ Аҳоли бошқа ҳудудларга кўчирилиши мумкин
Амударё қуйи оқимида яшовчи аҳоли, шу жумладан, Совет давридаги нотўғри режалаштирилган гидроиншоотлар сабаб юзага келган Орол фожиасининг оқибатларини бошдан кечирмоқда. Чангли бўронлар ва сифатсиз ичимлик суви туфайли соғлиқнинг ёмонлашуви, сув танқислиги ва ерларнинг деградацияси оқибатида тирикчилик манбаларининг йўқолиши минтақа аҳолиси ҳаётининг кундалик ҳақиқатидир.
Роғун лойиҳаси ушбу муаммоларни янада кучайтириши мумкин. Дарё оқими режимининг ўзгариши (яъни сувнинг баҳор—ёз мавсумидан кўра кўпроқ қиш мавсумига қайта тақсимланиши) қишлоқ хўжалиги ва сув таъминоти тизимларини катта харажатлар эвазига тубдан қайта ташкил қилишни талаб қилади. Энг ёмон ҳолатда эса бу маҳаллий ижтимоий-иқтисодий тизимнинг бутунлай издан чиқишига ва мажбурий миграция каби оғир ижтимоий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, биргина Тожикистонда Роғун сув омбори сув остида қоладиган ҳудудлардан 50 мингдан ортиқ одам мажбурий кўчирилади. Бироқ Амударёнинг қуйи оқимидаги бошқа давлатларда ҳам янада кўпроқ одамлар даромад манбаларининг йўқолиши сабабли иқтисодий мигрантга айланиши мумкин.
Лойиҳада Роғун ГЭСнинг Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали каби бошқа йирик сув хўжалиги лойиҳалари билан биргаликда синергетик таъсири деярли ҳисобга олинмаган. Мутахассисларнинг ҳеч бири бу икки гигант лойиҳа ишга тушганда Амударё ва унга боғлиқ экотизимлар ҳамда аҳоли қанча зарар кўриши ҳақида асосли прогноз берганича йўқ.
Амударёга бундай икки томонлама зарба бутун ҳавза учун, айниқса, минтақада прогноз қилинаётган иқлим ўзгариши ва сув ресурсларининг камайиши шароитида улкан ноаниқлик ва хавф туғдиради.

Роғун ГЭСни якунлаш лойиҳаси минтақанинг ноёб биологик хилма-хиллигига ҳам хавф солмоқда. Бу жараёнда тўқайли дарё бўйидаги экотизимлар зарар кўриши мумкин. Жумладан ЮНЕСКОнинг Жаҳон табиий мероси рўйхатига киритилган “Тигровая балка” ҳамда Ўзбекистон ва Туркманистон чегарасидаги Амударё қўриқхонаси.
Табиатнинг сувга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун дастлаб Вахш дарёсидаги ГЭСлар тизимидан баҳор фаслида экологик сув чиқаришлар режалаштирилган эди. Аммо лойиҳа ривожланиб боргани сари бу Роғун ГЭСни қуриб битириш бўйича ҳужжатлардан олиб ташланди. Бундай сунъий тошқинларсиз эса Жаҳон мероси рўйхатидаги дарё бўйидаги ҳудудлар чўлланиш хавфига дучор бўлади.
♦ Сукунат ортидаги хавф
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, 11 йил аввалги вазиятдан фарқли ўлароқ, ҳозирда Роғун ГЭСни қуриб битириш режаларига Ўзбекистон ва Туркманистон томонидан очиқ норозилик билдирилмаяпти. Ўшанда Тошкент ва Ашхобод бу лойиҳага кескин қарши чиққан эди, бугун эса расмийлар жамоатчилик олдида қаршилик билдирмаяпти.

Бу сукунат хавф-хатарлар йўқлигини англатмайди, балки у ўзгарган геосиёсий вазиятни ёки Марказий Осиё сув муаммоларини давлатлараро муҳокама қилишда шаффофликнинг етишмаслигини акс эттириши мумкин.
Бироқ қўшни давлатлар томонидан очиқ танқиднинг йўқлиги лойиҳа ташаббускорлари ёки унга пул ажратаётган молиявий институтлар зиммасидаги масъулиятни камайтирмайди. Роғун ГЭСнинг бутун минтақа учун экологик ва ижтимоий хавфсизлигини таъминлаш уларнинг масъулияти бўлиб қолади. Ҳозирга қадар эса Роғун ГЭСнинг ишлаш режимини белгиловчи, қуйида жойлашган мамлакатлар аҳолисига ва экотизимларига хавфларни камайтиришни кафолатловчи ҳеч қандай битимлар ишлаб чиқилмаган ва имзоланмаган.
♦ Қиммат лойиҳа
Лойиҳанинг ҳозирги максимал 335 метр баландликдаги тўғон билан амалга оширилаётган варианти иқтисодий жиҳатдан қанчалик мақсадга мувофиқлиги ҳам саволлар уйғотмоқда. Гарчи Роғун ГЭСга аллақачон 5 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфланган бўлса-да, қурилиш харажатлари тинимсиз ошиб бормоқда ва ҳозирда 6 миллиард доллардан ҳам ошиб кетган. Бу эса ишлаб чиқариладиган электр энергияси жуда қиммат нархда сотилишини тақозо этади — токи станция қурилишига киритилган сармоялар ўзини оқлагунча.

♦ Роғун ГЭС электр энергияси харидори ким?
Қўшни давлатлар ўз энергетикасини жадал суръатлар билан ривожлантирмоқда, Афғонистон ва Покистоннинг тўлов қобилияти шубҳали. Тожикистон ҳукумати эса маҳаллий аҳоли учун электр энергияси тарифларини ҳар йили ошириб бормоқда. Бу йил эса электр энергияси учун тўловдан бўйин товлаганлик учун ҳатто қамоқ жазосига қадар жиноий жазо жорий этилди.
Ишончли маълумотларнинг йўқлиги ва ўз хавотирларини эркин билдириш имконияти бўлмаслиги минтақа аҳолиси учун сўз эркинлигини ва келажакни режалаштириш ҳуқуқини чеклайди. Шикоят билан Инспекция кенгашига мурожаат қилган фуқаролар таъқибдан қўрққани учун махфийликни сўрашга мажбур бўлган. Бу эса минтақадаги фуқаролик жамиятининг ҳолати ҳақида жуда аниқ тасаввур беради.
♦ Экологлар мурожаати
Экологлар ва ГЭС лойиҳасидан шикоят билдирганлар Жаҳон банки ва бошқа инвесторлардан Роғун ГЭСни молиялаштиришни иқлим ўзгариши ва Қўштепа лойиҳаси оқибатларини ҳисобга олган ҳолда тўхтатиб туришга чақирмоқда. Улар барча хавф-хатарлар, шу жумладан, кумулятив ва трансчегаравий таъсирлар ҳар томонлама, мустақил ва шаффоф баҳоланиши кераклигини айтган.

Бундан ташқари, салбий оқибатларни камайтириши мумкин бўлган тўғон баландлиги пасайтирилган вариантларни тўлиқ таҳлил қилиш лозим.
Лойиҳа муҳокамасида Амударё ҳавзасидаги барча мамлакатлар жамоатчилигининг реал ва хавфсиз иштирокини таъминлаш, фойдани тақсимлаш ва зарарни қоплашнинг адолатли механизмларини ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Бу талабларни ҳисобга олмаслик Марказий Осиёда тиклаб бўлмайдиган экологик ва ижтимоий ҳалокатга олиб келиши мумкин.
Изоҳ (0)