Кино оламида актёрлар турли характерларни гавдалантиради: баъзилари қалбимизни забт этса, бошқалари эса ғазабимизни қўзғатади. Айниқса, ёвуз қаҳрамонларни шу қадар ишонарли ижро этишадики, томошабинлар уларни ҳақиқатда ҳам шундай деб ўйлаб қолади. Бу эса актёрлар учун чинакам синовга айланади: саҳнадаги рол учун реал ҳаётда нафрат, таҳдид ва салбий муносабатлар вужудга келади. Қуйида кинодаги образлари сабабли ҳаётда кўплаб негативга учраган актёрлар ҳақида ҳикоя қиламиз.
Жек Глисон

Ирландиялик актёр Жек Глисон “Тахтлар ўйини” сериалида Жоффри Баратеон ролини ижро этган. У бу ёвуз қирол образига 17 ёшида тасдиқланган ва 2012 йилда IGN Summer Movie Awards мукофотида “Телевидениедаги энг яхши ёвуз қаҳрамон” деб топилган.
Аммо бу машҳурлик яхши оқибатларга олиб келмади. 2014 йилда Глисон кино саноатини тарк этишини эълон қилди. Сабаби эса Жоффрининг сериалдаги нафратга тўла характери туфайли томошабинлар томонидан бошланган ҳақорат ва тазйиқлар эди. Жоффри образи чинакамига жирканч бўлган: у онасининг эркатой ўғли бўлган, атрофдагиларга зулм қиладиган ва ҳатто кўнгилхушлик учун одам ўлдирган.
“Кўчада одамлар ёнимга келиб, мендан қанчалик нафратланишларини айтишарди. Бу актёр учун энг катта мақтов”, деган Глисон. Баъзилар ундан ҳатто: “Нега Эддард Старкни ўлдирдинг?”, деб сўрашган.
Лена Ҳиди

Актриса “Тахтлар ўйини”да Жоффрининг онаси — Серсия Ланнистер образини яратган ва у ҳам кучли нафрат тўлқини остида қолган. Бу оналик тандеми кўпчилик томошабинга ёқмаган, бироқ Ҳиди ролни аъло даражада ижро этганини инкор этиб бўлмайди.
Томошабинлар унинг образини айёрлик ва шафқатсизликда айблаган ва бу норозилик унинг кундалик ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатган. Ҳиди айтишича, кўчада одамлар унга салом бермай қўйган, баъзилар эса очиқчасига қўпол сўзлар билан ҳақорат қилган. 2012 йилда бўлиб ўтган Comic-Con тадбирида эса деярли ҳеч ким ундан дастхат олмаган.
Ҳоакин Феникс

“Гладиатор” фильмидаги ёвуз император Коммод образини гавдалантирган актёр шундай деган:
Одамлар мени чин дилдан ёмон кўришар эди. Ўша пайт: “Қойил, демак, мен ростдан ҳам ролимни ишонарли тарзда ижро этганман”, деб ўйлаганман.
Ўшанда Феникс атиги 25 ёшда бўлган. Ролини янада чуқурроқ ҳис қилиш учун у суратга олиш майдончасида атайлаб одамлар билан жанжаллашган, шу тариқа у ўзида агрессия уйғотмоқчи бўлган. Ҳаттоки Максимус ролидаги ҳамкасби Расселл Кроуга уни уришни таклиф қилган.
Анна Ганн

Америкалик актриса Анна Ганн “Машаққатлар сари” сериалидаги Скайлер Уайт образи билан танилган. У The New York Times’га берган интервьюсида, томошабинлар томонидан ўлим таҳдидлари олганини, интернетда нафақат образ, балки шахсияти ҳам танқид ва нафратга дучор бўлганини айтган.
Скайлернинг хатти-ҳаракатлари учун мени ҳақиқий ҳаётда ўлимга лойиқ деб ўйлашган. Одамлар хаёлий персонаж билан ҳақиқат орасидаги фарқни унутиб қўйишганди, дея эслайди актриса.
Сериал охирига бориб Скайлер бош қаҳрамон Уолтерга қарши чиққани учун томошабинлар уни “хиёнаткор” деб ҳисоблашган.
Алан Рикман

Гарри Поттер фильмларидаги Северус Снейп роли билан машҳур бўлган Алан Рикман ҳам дастлабки қисмларда томошабинларнинг нафратига учраган. Уларнинг фикрича, Снейп совуқ, шафқатсиз ва ёвуз бўлган. Аммо вақт ўтиб, фильм якунига етгач, томошабинлар бу образ ортидаги сабабларни тушунган.
Қизиқарли томони, Гарри роли ижрочиси Дэниел Рэдклифф ҳаётда ҳам Снейп ролидаги Рикмандан чин дилдан қўрққан. Ёш Дэниэл суратга олиш ишларининг илк кунларда Рикман уни чинакамига ёмон кўради, деб ўйлаган.
Иэн МакДиармид

Шотландиялик актёр “Юлдузлар жанги” сериалидаги император Палпатин образини ижро этган. Унинг қаҳрамони Дарс Сидиус Жеди орденини йўқ қилган, Дарс Вейдерни тарбиялаган ва бутун галактикани урушга сафарбар қилган.
Қаҳрамонининг ушбу ёвуз ишлари учун МакДиармидни реал ҳаётда ҳам ёмон кўришган. Актёрнинг сўзларига кўра, баъзида болалар уни кўриб йиғлаб юборишган.
Розамунд Пайк

Британиялик актриса, “Олтин глобус” ва “Эмми” совриндори, “Оскар” номинанти Розамунд Пайк “Йўқотилган” фильмида Эйми Данн ролини ўйнаган.
Унинг айёр, қасоскор образи томошабинларда кучли таассурот қолдирган, ҳаттоки баъзилар актрисадан ҳақиқатда ҳам қўрқа бошлаган. Эркаклар у билан ёнма-ён ўтиришни истамаган ҳолатлар бўлган.
Изоҳ (0)