Зебо Наврўзова 1965 йилнинг 15 апрелида Самарқанд шаҳрида туғилган. Мактабни тамомлаб 1982 йилда Тошкент санъат институтига кирган. Россияда малака оширган. 20 дан ортиқ бадиий фильм, 100 дан ортиқ сериал муаллифи. Уч ўғилнинг онаси ва бир нечта набиранинг суюкли бувиси. Кўплаб ёш ижодкорларни кашф этган — улардан Адиз Ражабов, Шаҳзода Матчонова, Лола Йўлдошева, Шоҳруххон, Муҳаммадали, Нилуфар Усмоновалар энг ёрқин мисоллардандир.
Режиссёрнинг қийинчиликлар ортидан келган ёруғ кунларига ва ижодий фаолиятига назар соламиз.
“Онам 40 кунлигимда бувимга ташлаб кетган, бувим сут тополмай туршак суви билан мени овутган”
Зебо Наврўзова болалиги қишлоқда ўтганини, бувиси онадек, бобоси ота каби меҳр берганини эслайди.

— 40 кунлик чақалоқ пайтимда ота-онам мени қишлоқда бувим ва бобомнинг қўлига ташлаб кетишган. Улар ирригация институти битирувчилари эди, диплом иши ёқлаш арафасида туришган. Талабалик ва яна билмадим қандайдир сабаблар билан мен бувимнинг қўлида қолганман. Бувим менга беришга сут топа олмай, туршакнинг сувига докани ивитиб, шуни оғзимга солиб овутган ва ухлатган экан. Она сутини ичмаганман, балки шунинг учун ҳам бўйим ўсмай қолгандир. Албатта, эсимни танигач ота-онамдан хафа бўлганман, бусиз иложи йўқ. Ота-онам шаҳарда яшашарди. Мени кўргани кўпгина совға-саломлар олиб келишарди. Вой, онам келди, шаҳарлик дадам келди деб, ўртоқларимга мақтанардим. Яна қайтиб кетишаётганда мен кетмайман, деб бувимнинг этаги орқасига яширинар эдим. Бўлди, мен учун бувим — онам, бобом — отам эди.
1-синфда ўқиётганимда мени бутунлай шаҳарга олиб кетмоқчи бўлишган. Машинага ўтирганман, узоқдан эса чол-кампир мунғайиб менга қараб туришарди. Кинолардагидек машина узоқлаша бошлагач дод солганман. Ҳеч қаерга кетмайман деб, машинадан тушиб югурганман ва бувимнинг бағрига отилганман. Кейин 16 ёшимгача улар билан қишлоқда яшаганман.
Шу манзарани ўзим учун асраб олиб қўйганман. Яна фильм суратга олсам шу кадрни, албатта, ишлатаман, дея ёдга олади Зебо Наврўзова.
“Турмуш ўртоғим билан йиғлаб ажралганмиз”
Зебо Наврўзова актёр Алишер Йўлдошев билан турмуш қуради. Оилавий ҳаётига бошқаларнинг аралашуви сабаб фарзандлари ҳали кичик ёшдалигидаёқ эри билан ажрашади.

— Турмуш ўртоғим билан йиғлаб ажралганмиз. Отам яхши касб эгаси эди, тўқчиликда ўсган қиз бўлганман. Турмуш ўртоғимга бизникида яшайверайлик, ота-она, фарзандлар, уй-жой ҳаммаси ўртада, нима фарқи бор дердим. Шунчалик ғурурли, пок инсон эди-ки, “ичкуёв бўлмайман” дерди. Ижарада яшаган пайтимизда дадам бир машина қилиб тансиқ мевалар, ўша пайтда камёб бўлган турли икралар, ноз-неъматлар юборарди. Апелсин, мандарин, ҳаммаси дастурхон устида турса ҳам турмуш ўртоғим бир пиёла чой ичиб ишга кетарди. Қайнонам феъли оғирроқ аёл эди, у сабабли йиғлаб-йиғлаб хайрлашганмиз. Қийин кунларимни катта ва ўртанча ўғлим кўрган, дея хотирлайди режиссёр.
Зебо Наврўзова уйида ейишга нони бўлмаган пайтларда фарзандларини ёлғондан жазолаган
Санъаткорларнинг ҳаёти доим ҳам тўқчиликда ўтавермайди. Ёш она Зебо уйида нон йўқ пайтларда фарзандларига буни билдирмаган бўлса-да, ичидан эзиларди.

— Тан олиш керак, бу уялиб ёки мақтаниб гапириладиган гап эмас. Ишдан шошиб келаман, музлаткични очсам ҳеч нарса йўқ, фарзандларим кичкина, ўсмир. Катта фарзандим ўсмир бўлса, кичкинаси ҳали жуда ёш. Шундай пайтлар бўлган, битта нонга пул топа олмасдан қотиб қолган нонларни “сухарик” қилганман. Фарзандларимга сен пианинони чалиб бермадинг, шунинг учун овқат қилмадим, сен гаммани уч соат чалишинг керак эди, бир соат чалдинг, сен мени алдадинг, гаммани уч соат чаласан, кейин овқат ейсан, ёки сен мен берган шеърни ёдламабсан, демак учаланг ҳам айтган ишимни қилмабсизлар, мана сизларга жазо, овқат йўқ деганман, аслида ўша пайт ичимдан йиғлаганман, дейди актриса.
“Звезда” келинлардан Аллоҳ сақласин
Зебо Наврўзова аввал ўртанча ўғли Шуҳратни Хумора исмли визажист қизга, 2016 йилнинг 5 июнь санасида Шоҳруххонни актриса Асал Шодиева уйлантирди. Кенжа ўғили эса Ирода исмли қизга уйланган ва уларнинг икки фарзанди бор.

— Ижтимоий тармоқларда “келинларингиз ҳар доим кўча”да, деб ёзишади. “Нима қилибди, улар иши билан шуғулланяпти”, дейман. Келинларимга ҳаммасини уддалаш, иш ва оила билан бирга ўзига ҳам эътибор бериши кераклигини айтаман. Ёш, ўзига қараб, кийиниб юрса нимаси ёмон? Келинларнинг борига шукр, аммо улар барибир қиз бўлолмас экан. Қариган чоғда одам бетоб бўлса барибир улардан хижолат тортади деб ўйлайман. Кейинги пайтда шулар ҳақида ўйлаяпман, дейди режиссёр Зебо Наврўзова.
Ўзининг босар-тусарини билмай қоладиган, дилозор, “звезда” келинлардан Аллоҳ сақласин. Бундай инсон нафақат қайнонани, балки бутун бошли жамиятни ҳам кемиради. Юлдузлик гўзаллиги ўтиб, юзини ажин босганидан кейин хатоларини тушуниб етади. Аммо у пайтда кеч бўлиши ҳам мумкин. Сабаби унинг дилозорлигидан чарчаган инсонлар ўзини ундан олиб қочишга ҳаракат қилишади. Тўғри, ўзим ҳам қайнонанинг хизматини қилган келин эмасман. Бахтга қарши турмушдан ёш ажралдим, қайнона билан яшаш насиб этмади. Аммо билганларимни келинларимга ўргатаман, дейди Зебо Наврўзова.
Келинлар қайнонанинг уйида ҳар қандай вазиятда кулиб туришга мажбурми?
Қайнона барча келинлари билан илиқ муносабатда бўлса-да, уларни синовдан ўтказиб туришини яширмайди. Зебо Наврўзова келинлари Асал ва Хуморахонни кўп марта имтиҳонидан ўтказган.

— Ҳар бир она, кези келганда фарзандини-да синаб туради. Келинлар ҳам ўз боламиз. Шунинг учун имтиҳонимиздан ўтишга мажбур. Ахир, ўргатганларимиз қулоғига кирдими, қўлидан келадими йўқми, билиб олишимиз керак-ку. Масалан, ўзим келинларимни кўп бора синовдан ўтказганман.
Хонадонимизда бир қонун бор. Ҳар қандай шароит ва кайфиятда ҳам инсон, албатта кулиб туриши шарт. Чунки ишдан чарчаб келган инсон ана шу табассумга қараб чалғийди. Бу борада келиним Хуморахонни ҳам, Асални ҳам ҳар хил вазиятлар билан текшириб кўрганман. Иккаласи ҳам имтиҳондан аъло баҳо билан ўтишганидан хурсандман, дейди режиссёр Зебо Наврўзова.
“Ёлғиз аёл бўлиб яшаш осон эмас”
Режиссёр ўғилларидан уялишининг сабаби ва улар берган пулни нималарга сарфлаши ҳақида айтиб ўтди.

— Ёлғиз яшаш осон эмас, қанча қийинчилик кўрганимни ўзим биламан. Аммо шунда ҳам бошқа оналарга ўхшаб, ўғилларимдан нимадир сўрашга уяламан. Баъзан “Анталия ёки бошқа хориж давлатига боринг, ҳамма харажатларни қоплаймиз”, дейишади. “Бормай қўяқолай, ундан кўра сарфлайдиган харажатни ўзимга беринглар”, дейман. Касбга бўлган муҳаббат ҳам бир касаллик бўлса керак, фильм олишни яхши кўраман. Шу ёшимда ҳам ижодий ғоялар устида ишлайман. Яширмайман, шу пайтгача олган фильмларимнинг фақатгина биттасини хонанда Лоланинг отаси Равшан Йўлдошев молиялаштирган. Қолган фильмларимнинг продюсери ўғлим Шоҳруххон бўлди. Кейинчалик Муҳаммадали ва Шуҳрат ўғилларим ҳам ёрдам беришди, дейди уч фарзанднинг онаси.
“Қиз фарзанд керакмас деб хато қилибман”
Уч паҳлавон ўғилнинг онасини армонлари ичида энг ўртайдигани қиз фарзанди йўқлигида. Зебо Наврўзова ёши ўтган сайин буни тушунаётганини айтди.

— Аллоҳдан доим “бировга узатиб юборадиган қизим бўлмасин” деб сўрардим. У ҳам сўраганимни берди — уч ўғилнинг онасиман. Аммо қариган чоғимда қизим йўқлиги сезиляпти. Касал бўлсам, чарчасам белларимни уқалаб қўядиган, парвона бўладиган қиз фарзанд бўлгани яхши экан. Бирор ерим оғриса, ўғилларимга айтишга барибир тортинаман. Худодан қиз фарзанд сўрамаганим энг катта хатойим бўлган. Оқ ювиб, тараб бировга бериб юборгандан кўра, бўлмасин, дебман. Бугун шундан афсусланяпман, дейди кўзида ёш билан режиссёр.
Зебо Наврўзованинг режиссёрлик фильмлари

Зебо Наврўзова “Бўрилар”, “Бўрилар — 2”, “Бахт излаб”, “Ярим бахт”, “Шаҳарлик олифта”, “Апрель—май”, “Жаннат, қайдасан”, “Қашқир” каби фильмлар режиссёри. Ўзи ҳам фильмларда суратга тушади. Ўғли Шоҳруххон “Бўрилар” фильмидаги бош қаҳрамон ролидан сўнг машҳурликка эришган.
Таниқли режиссёр, уч ўғилнинг онаси қандай уйда яшайди?

Продюсер ва режиссёр Зебо Наврўзова пойтахтдаги ҳашаматли хонадонида кичик ўғли ҳамда келини билан бирга яшайди. Катта майдонда жойлашган уй ҳовлисида яшил ҳудуд мавжуд бўлиб, у ерга турли хил манзарали ўсимликлар ҳамда гуллар экилган.
Изоҳ (0)