Tsukuba университети япон олимлари мунтазам равишда велосипед миниш кексалик даврида ўлим хавфини ва узоқ муддатли парваришга бўлган эҳтиёжни камайтиришини аниқлади. Айниқса, автомобиль ҳайдамайдиганларда кучлироқ таъсир кузатилган. Тадқиқот натижалари Transportation Research Part F: Traffic Psychology and Behaviour журналида эълон қилинган.

Таъкидланишича, олимлар 10 йил мобайнида тўпланган Япония аҳолисининг саломатлиги ва жисмоний фаоллиги ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилишган. Маълум бўлишича, кузатув бошида велосипеддан кўпроқ фойдаланган кекса иштирокчилар кейинги йилларда жиддий соғлиқ муаммоларига камроқ дуч келишган. Бироқ яхшиланиш нафақат велосипед минишни давом эттирганларда, балки кейинроқ буни бошлаган одамларда ҳам қайд этилган.
Хавфларнинг энг сезиларли пасайиши ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган кексаларда кузатилган. Олимларнинг таъкидлашича, велосипедда сайр қилиш уларнинг ҳаётида айниқса муҳим рол ўйнаган.
Тадқиқот муаллифлари велосипедда сайр қилиш нафақат жисмоний фаоллик даражасини ошириш усули эканлигини, шунингдек, кексалик даврида руҳий-ҳиссий ҳолатни яхшилашга ва мустақилликни сақлаб қолишга ёрдам беради. Олимлар кекса авлод вакиллари учун велосипед минишни янада хавфсиз ва жозибадор қилиш мақсадида инфратузилма ва ижтимоий ташаббусларни ривожлантиришга чақирмоқда.
Изоҳ (0)