Дорама оламининг мухлислари Жанубий Корея кинематографияси ҳар қандай дидга мос лойиҳаларни тақдим этишини жуда яхши билади. Қуйида сиз учун турли жанрдаги сериаллар тўпламини тайёрладик. Уларни икки нарса бирлаштиради — қизиқарли сюжет ва бир хилликлардан холилик. Бу драмаларда қолиплар мавжуд, аммо улар моҳирона ишлатилган ва аҳмоқона ёки зерикарли туюлмайди.
“Ёвузлик гули” (2020)
Пек Хи Сон ва Чха Жи Вон бир неча йилдан бери бахтли турмуш қуриб келмоқда. Аёл полиция детективи бўлиб ишласа, эр металл интерер буюмлари ясаш билан шуғулланади. Жи Вон 18 йил аввал содир этилган қотилликка жуда ўхшаш янги ишни тергов қилишга киришади. У ҳар қандай йўл билан жиноятчини қўлга туширишга аҳд қилади ва кутилмаганда эрининг бу ишга алоқаси бўлиши мумкинлигини англайди. Бир пайтлар Хи Соннинг исми До Кён Су бўлган экан. У ўтмиш ҳаётини яшириш учун кўп вақт сарфлаган, аммо энди унинг сирлари фош бўлиши мумкин.
“Кўчамиздаги телба” (2021 йил)
Но Хви О ҳамкасблари билан бирга йирик гиёҳванд моддалар сотувчисига қарши рейд уюштиради, бироқ буни раҳбарият билан келишмайди. Натижада Хви Онинг шериги оғир яраланади, у эса жиноятчини шафқатсизларча дўппослайди. Гиёҳванд моддалар сотувчиси қочиб кетади, унинг моллари эса сирли равишда ғойиб бўлади. Бундай катта муваффақиятсизликдан сўнг, Хви О ишдан четлаштирилади ва психологга юборилади. Тез орада у ўзи каби жиддий руҳий муаммоларга эга бўлган ва худди ўша психологга қатнаётган қиз билан танишиб қолади.
“Баҳор кечаси” (2019)
Ли Чон Ин бир неча йилдан бери Квон Ки Сок билан жиддий муносабатда бўлган кутубхоначи қиз. Бу жуфтлик аллақачон бир-бирларини яхши ўрганиб олишган, муваффақиятли карьера қуришган ва энди никоҳ ришталарини боғлашга тайёр. Бироқ бир куни дорихонада Чон Ин тасодифан Ю Жи Ҳо исмли доришуносга дуч келади. Ёлғиз ота билан учрашиш Ли дунёсини остин-устун қилиб юборади ва у биринчи кўришдаёқ янги танишига кўнгил қўйганини англайди.
“Тахминан 1%” (2016)
Ли Же Ин ақлли, келишган ва бадавлат йигит, бундан ташқари у ниҳоятда такаббур ва худбин. Айнан шу йигит келажакда оилавий компанияни бошқариши лозим. Бироқ бобоси уни қайта тарбиялаш мақсадида набираси учун вазифа ўйлаб топади. Жен 10 ой давомида бобосининг ҳаётини қутқарган бошланғич синф ўқитувчиси билан учрашиб юриши керак. Йигитнинг бу вазифани бажариш эҳтимоли аслида 0 га тенг. Балки, муҳаббат манманлик ва такаббурликни енгиб чиқар?
“Табиблик ҳикмати” (2020)
Отасининг вафотидан сўнг, Чон Вон машҳур шифохонанинг бош шифокори лавозимини мерос қилиб олади ва шу тарзда унинг янги эгасига айланади. У бутун муассасани бошқариш ўрнига, фақат унинг битта элита бўлимига эътиборини қаратишга қарор қилади. Шунингдек, тиббиёт институтида ўқиётган пайтида танишган бир нечта дўстларини ҳам ишга таклиф этади. Бироқ Чон Вон энг яхши шифокорларни фақат ғаразли мақсадда тўпламайди — у яширин тарзда хайрия ишлари билан ҳам шуғулланади.
“Камелия гуллаганда” (2019)
Тон Бек — ўғлини ёлғиз тарбиялаётган аёл. Олти йил аввал у Онсан шаҳрига кўчиб келиб, “Камелия” номли бар очган. Шу вақт мобайнида ёлғиз она фарзандини тўғри тарбиялашга ва бизнесини сақлаб қолишга ҳаракат қилган. Кутилмаганда шаҳарга детектив Хван Ён Шик келади ва бир қатор қотилликларни тергов қилишга киришади. У Тон Бекка кўнгил қўяди, аммо аёл унинг ғамхўрлигига қандай муносабат билдириш кераклигини билмайди. Бунинг устига, атрофда қотил ҳам изғиб юрибди.
Изоҳ (0)