• Профилга Кириш
  • 1744009905_435.svg 1744009905_642.svg

  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
O'zbekcha
Русский
English
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
    • USD12831.81
    • RUB163.75
    • EUR14606.45
    • Google play
    • App Store
    • Telegram
    • Тошкентда
      +25°C
      • Андижон
      • Қарши
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Фарғона
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Термиз
      • Наманган
      • Тошкент
      • Навоий
      • Тошкент вил
      • Нукус
      • Урганч
    • Daryo
      • Интернет-нашр
      • Таҳририят
      • Алоқа маълумотлари
      • Фойдаланиш шартлари
      • Махфийлик сиёсати
      • Янгиликлар архиви
    • Реклама
    • Ижтимоий тармоқлар
      • Instagram | Расмий
      • Instagram | Лайфстайл
      • Instagram | Спорт
      • Facebook | Расмий
      • OK | Расмий
      • YouTube | Daryo
      • YouTube | Daryo Рус тилида
      • YouTube | Daryo Глобал
    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte
    Daryo logo white
    • Ўзбекистон
      • Бошқалар
      • Навоий
      • Тошкент вилояти
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Қашқадарё
      • Сурхондарё
      • Хоразм
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Наманган
      • Фарғона
      • Aндижон
      • Қорақалпоғистон
      • Тошкент ш.
      • Меҳридарё
      • Об-ҳаво
    • Марказий Осиё
      • Ўзбекистон (Маҳаллий)
      • Афгонистон
      • Қирғизистон
      • Қозоғистон
      • Туркманистон
      • Тожикистон
    • Дунё
    • Пул
      • Бизнес
      • Иқтисодиёт
      • Молия
      • Крипто
    • Маданият
      • Кино
      • Китоб
      • Мусиқа
      • Шоу-бизнес
    • Лайфстайл
      • Аёллар саҳифаси
        • Фарзанд
        • Гўзаллик
        • Карьера
        • Маслаҳатлар
        • Мода
        • Рецептлар
      • Технологиялар
        • Архитектура
        • Гаджетлар
        • Илм-фан
        • Коинот
        • Медиа
      • Авто
      • Қўзиқорин
      • Саёҳат
      • Саломатлик
      • Таълим
        • Абитуриент
        • Инглиз тилини ўрганамиз!
    • Спорт
      • Футбол
      • UFC
      • Бокс
    infinix
    Daryo.uz - Login
    Daryo.uz Daryo.uz
    Daryo.uz - Login
    Кино

    Уйга қайтган билан ҳаёт ўнгланиб қолмайди. «Рангсиз тушлар»нинг ранглари ҳақида

    24 декабрь куни Ёшлар ижод саройида режиссёр Аюб Шаҳобиддиновнинг «Рангсиз тушлар» фильми премьераси бўлиб ўтди. Ушбу премьерада қатнашган «Дарё» муҳаррири Элдар Асанов фильмдан олган таассуротлари билан ўртоқлашади.

    Фото: «Ўзбеккино»

    Фото: «Ўзбеккино»

    Аюб Шаҳобиддиновнинг анчадан буён кутилаётган фильми – «Рангсиз тушлар» мен учун кутилмаган янгилик бўлди. Картинанинг номи бадиий ва мавҳумлиги боис у сюжетга ҳеч қанақасига ишора қилмайди, шунинг учун премьера кунига қадар нима кўришимизни, қандай мавзуга қўл урилганини била олмадим, очиғи. Шунинг учун катта экранда намойиш бошланиши учун ўзбек киносига хос бўлмаган оғир, психоделик атмосферага шўнғиб кетдим.

    «Рангсиз тушлар», шубҳасиз, сифатли олинган, долзарб мавзуга бағишланган фильмдир. Фильм мавзуси бугунги кун учун ўта актуал бўлган бир неча муаммони қамраб олиб, бир кишининг – бош қаҳрамоннинг тақдирида кўрсатишга уринади. Лекин, шу билан бирга, фильм идеяси охиригача реализация қилинмагандек, ижодкорларнинг гапи айтилмай қолгандек тасаввур уйғонди. Келинг, бир бошидан бошлаймиз.

    Сюжет

    Фильм воқеалари жуда оддий. Бутун видеоқатор давомида айтарли конфликтлар учрамайди. Кино бир замонлар рўй берган фожианинг оқибатлари бир оилага қандай таъсир қилганини, улар қандай қилиб ҳаётини изга солишга уринаётганини намойиш этади. Шу боис сюжет асносида ўтмишдаги ихтилоф кўп эсга олади, лекин қаҳрамонларнинг бугунги куни нисбатан сокин, тинч ўтади. Кинематографда бу «ўтиб кетган конфликт» дейилади. Бунда умрининг салмоқли қисми ўтиб кетган, ўтмишдаги баъзи воқеалар оқибатида ҳаёти изидан чиққан ёки ўзи хоҳлагандай ҳаёт қура олмаган 40–45 ёшли персонажлар сюжет марказига қўйилади. Аюб Шаҳобиддинов бунақа приёмга кўп қўл уради – унинг «Кечиккан ҳаёт» фильми ҳам худди шундай тоифадаги қаҳрамонларни очиб беришга уриниш эди.

    Воқеа марказида Кашмира (Феруза Саидова) исмли аёлнинг тақдири туради. Экспозициядан биламизки, у қандайдир сабабга кўра узоқ муддат оиласи қучоғида бўлмаган, қайтганидан сўнг эса оила аъзоларининг кўпчилиги уни қабул қилишга тайёр эмас. Укалари, опаси Кашмирани кўргани келмайди; кичик укаси Жамшиднинг (Бекзод Абдумуҳитов) хотини (Асал Абдуллаева) уйдан кетиб қолади («қизим сизни кўриб улғайишини истамайман», деб ўз мотивларини тушунтиради у қайнопасига). Кашмиранинг отаси (Карим Мирходиев) эса ҳамиша жим, қизига маъюс қарайди, қизи нигоҳини олиб қочади.

    Фильм асносида Кашмира қасддан одам ўлдиргани учун 17 йилга қамалганини билиб оламиз. Орадан шунча йил ўтиб уйига қайтган собиқ маҳбус, жиноятчи ҳаётини изга туширишга уринади: қариндошлари билан тил топишишга ҳаракат қилади (чақирилмаган бўлса ҳам, укаси Пўлатнинг туғилган кунига боради, келинини уйга қайтаришга уринади), иш қидиради (асосан рад жавобини олади).

    Фильмдан кадр

    Фильмдан кадр

    Фақат онаси (Шоҳида Исмоилова), онасиз ўсаётган (яъни ўзи ҳам бир ёғи кемтик бўлган) жияни ва Наргиза исмли дугонаси унга яхши муносабатда бўлади. Лекин бу Кашмирага озлик қилади. У барибир йўлини тополмайди. Чунки гап фақат атрофдагилар уни қабул қилмаётганида эмас, бир қўрқинчли сири борлигида. Ўша сир унга тинчлик бермайди. Уни ҳеч ким билмаслиги учун 17 йил умрини қурбон қилган аёл юрагидаги бу оғриқдан қутулиши иложсиз бўлса керак. Фильм режиссёри ҳам якунда шунақа хулоса бергандай бўлади – у сирини овоз чиқариб айтади, лекин енгил тортмайди, ҳаёти жойига тушмайди.

    Фильм кўтарган муаммолар

    «Рангсиз тушлар»да бир қатор ўта долзарб ижтимоий муаммолар битта оила мисолида кўрсатиб беради. Аввало бу одам савдоси каби таҳдидлар олдида кучсизликдир. Кашмира алданади, чет элда узоқ йиллар сарсон бўлади, даҳшатли қийинчиликлардан сўнг оиласи бағрига қайтади. Унинг тимсолида режиссёр алданган, олиб қочилган, сотиб юборилган аёлларнинг умумий қисматини кўрсатишга уринади. Кашмира образининг рамзийлигини нафақат исмидан (Ҳиндистон ва Покистон орасида қолиб кетган аянчли аҳволдаги ўлка – Кашмир), балки оила аъзоларининг аксарияти номсиз эканидан билинади. Кашмиранинг оиласи – шунчаки сассиз, номсиз рамзлар, улар кинонинг тадқиқот объекти бўлмиш аёлнинг қийноқларини очиб берадиган экспонатлардир.

    Лекин фильм проблематикаси бу билан чекланмайди. Навбатдаги муаммо маргинализациядир.

    Маълумот учун:

    Маргинализация – муайян жамият аъзоси қандайдир сабабга кўра жамият ахлоқи ёки тартиби меъёрларига нобоп деб ҳисобланиб, жамиятдан чеккага чиқариб қўйилиши, ижтимоий муносабатлардан ажратилиб, яккаланиб қолиши.

    17 йил ўтириб чиққан, чет элларда шубҳали давраларда бўлган аёл киши, табиийки, жамиятга осонликча қайта қабул қилинмайди: участка нозири у билан қўпол гаплашади, бошқалар олдида изза қилади, иш берувчилар уни остонасидан қувади. Қанийди Кашмиранинг фожиаси шу билан тугаса – жамият воз кечган қиздан оиласи ҳам аллақачон воз кечган, ўлик деб эълон қилган, усиз яшашга ўрганиб қолган. Кашмиранинг қайтиши оила аъзолари учун қувонч эмас, янги ташвиш, ўтмиш билан, жамият таънаси билан юзлашиш қўрқуви. Бир укаси уни деб ишини йўқотган, бу ишини ҳам йўқотишни истамайди, шунга масофа сақлайди; поччаси опасини Кашмира билан кўришишга қўймайди; келини қотил билан бир уйда яшашни истамай, уйдан кетади, отаси рухсатсиз кетиб қолганини кечира олмайди, яна бир укаси эса жамиятнинг гап-сўзидан қўрқиб, маргиналлашган қариндошидан узоқ юради. Хуллас, Кашмиранинг яқинлари ичига қайтиши қувонч келтирмайди, у ортиқча юкка, ташвишга айланади.

    Бундай сюжет – муайян қолипга тушмайдиган одам жамиятга ва оиласига бегона бўлиб қолиши ҳаётда жуда кўп учрайдиган нарративдир. Атрофимизда ҳар куни шундай одамларни кўрамиз: кимдир ўтмишдаги хатолари учун, кимдир ногиронлиги учун, яна кимдир эътиқоди, ишончи, қарашлари учун, касби учун жамиятдан суриб чиқарилади. Ўзимиз ҳам оммага қўшилиб бундай одамларни камситамиз, энг камида орқасидан ғийбат қилиб қўямиз. Лекин ҳар бир инсоннинг бугуни ортида мураккаб ўтмиши, тақдир қийинчиликлари, фожиалар, биз билмайдиган жиддий сабаблар турганини ўйлаб кўрмаймиз. Жамият учун ҳар қандай фоҳиша табиатан бузуқ, Сурияга кетиб қолган ҳар қандай аёл табиатан радикал-бузуқи. Аммо бундайлар орасида юзлаб, минглаб Кашмиралар бор. Жамият уларни тушуна олмагани, қабул қилмагани майли, кечирмайди ҳам. «Қазисан, қартасан, асл зотингга тортасан» деган «халқ донолиги»га мувофиқ, қилмишларидан пушаймон бўлган, жамиятга қайтишга интилган одамлар ҳам доим шубҳа остида бўлади, осонликча жамият ишончини қозона олмайди. Кашмира ҳам оддий бўлишга, йўлини топишга, ишга киришга, оиласи билан аҳил-иноқ бўлишга чиранади, бироқ ҳамма жойда англамаслик ва кечирмаслик деворига пешонаси урилади. Бундай муносабатга йўлиқаверган инсон бир кун келиб муқаррар «Э бор-э, тупурдим барига!» дейди ва энди маргинал ҳаётга ўргана бошлайди – эски қилиқларига қайтади, ўзи кабиларнинг даврасини қидира бошлайди. Хуллас, жамиятга (фақат бизнинг жамиятга эмас, жуда кўп жамиятларга) кечиримлилик, тушуниш, ҳамдардлик етишмайди. Биз кимларнидир ўзимиздан узоқ тутамиз деб, аслида уларнинг тақдирини синдиришда иштирок этамиз, ижтимоийлаша олмаган одамларни янада кўпайтирамиз.

    Беихтиёр Франц Кафканинг «Эврилиш» қиссаси ёдга тушади. Унда жамиятга, оилага керак бўлмай қолган одамнинг аянчли тақдири ўта бешафқат, фантастик шаклда баён қилинган. Шунинг учун бўлса керак, бу асар бу йўсиндаги сюжетлар классикаси ҳисобланади. «Рангсиз тушлар» ана шу «Эврилишнинг» реалистик, бугунга боғланган вариантидир.

    Суриядан қайтган, қамалган, ажрашган, имкониятлари чекланган ва ҳоказо аҳоли гуруҳларини қайта ижтимоийлаштириш, жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоларига айлантириш – бугунги куннинг ўта долзарб муаммоси. «Рангсиз тушлар» мана шундай ўткир масала устида мулоҳаза юради ва янги ўзбек кинематографида балки биринчи марта муаммони жабрдийда нуқтаи назаридан кўрсатиб беради. Биз кўпчиликнинг нуқтаи назарини кўравериб ўрганиб кетганмиз, шунинг учун «Рангсиз тушлар» кўпчилик учун кутилмаган, янги ёндашув бўлади деб ишонаман.

    Картинада аксини топган яна бир муҳим, долзарб масала гендер муаммосидир. Зотан бу муаммо юқоридаги муаммолар замирида ётади: анъанавий жамиятда аёл бўлиш жуда қийин. Бу борадаги баъзи фикрларимни бошқа мақолаларимда баён қилган эдим. Кашмира эркак бўлганида, у жамиятга қайта қўшилиб кетиши, иш топиши бу даражада қийин кечмасди; оиласи уни осонроқ қабул қиларди; энг муҳими, у мудҳиш сирини сақлаб юришдан қўрқмасди. Анъанавий жамиятдаги аёлларнинг номуси нозик масала бўлгани учун ҳам жуда кўп хотин-қиз бошидан ўтган «шармандали» ишларни сир сақлаш учун ҳамма нарсага тайёр бўлади. Ҳатто ўзи айбдор бўлмаса ҳам, барибир энди у «шарманда» бўлди, номига «доғ тушди», барибир уни аввалгидай қабул қилишмайди, нари борса ачинишади, лекин ҳеч ким ҳаётини боғлашни истамайди, ҳеч ким ўзига тенг кўрмайди.

    Фильмдан кадр

    Фильмдан кадр

    Фильмдаги жуда қизиқ эпизодик образлардан бири Кашмиранинг дугонаси Наргизадир. У ҳам даҳшатли кунларни бошидан ўтказган, у ҳам чет элда азоб еган, уни ҳам оиласи рад этган. Лекин Наргиза Кашмирачалик қайғуга тушмаган, тезда вазиятга тўғри баҳо бериб, ҳаётини ўзи тушунганича изига солиб олган: оила бағридаги, расмий ишдаги анънавий аёлга айланмаган, лекин маргинал давраларда ўрнини топиб, сокин, нисбатан бахтли ҳаёт кечира бошлаган. Наргиза ва Кашмира аёлларнинг бундай вазиятга икки хил реакциясини кўрсатиб беради – баъзи аёллар умр бўйи ич-этини еб яшаса, баъзилари тезда жамиятга қўшилиш, оиласига қовушиш мақсадидан воз кечиб, маргинал ҳаёт ичидан бахтини топади.

    Фильмнинг муаммолари ва фокуси

    Фильмнинг энг асосий муаммоси унинг хронометражи қисқалигидадир. Чамамда, у 1 соат 15 дақиқа давом этди. Воқеалар ривожи секин борганидан, бош қаҳрамоннинг характери секин очиб берилганидан, ўтмишига узоқ вақт давомида ойдинлик киритилгани боис мен сюжет энди авжига чиқади деб тургандим. Ва у энг авжида узилди, битди.

    Нега бундай бўлганини тушуна олмадим. Фильм қаҳрамонлари рамзийлиги, воқеа чигалликлари ечилиши мақсад қилиб қўйилмагани тушунарли. Лекин қисқалик, биринчидан, моҳият тўлиқ очилишига имкон бермаган. Баъзи образлар энди таниш, яқин бўлиб қолганида фильм тугайди. Иккинчидан, фильмнинг аксенти, фокуси ўзгариб кетган.

    Юқорида айтганимдек, «Рангсиз тушлар»да қатор ўткир муаммолар кўтарилади. Бу муаммолар унинг моҳиятини ташкил этиши керак эди. Кашмирани оиласи ёки жамият қабул қилиши, у бахтли бўлиши, ёки жамиятда ўрнини тополмай ўлиши шарт эмасди. Шунчаки унинг ички дунёсини кўпроқ тафтиш этиш керак эди. Воқеани сир очилишида битирмаслик керак эди. Бунинг оқибатида бутун фильм давомида томошабинга сингдирилиб келган маргиналлик лейтмотиви иккинчи планга ўтиб қолади, асосий эътибор Кашмиранинг сирига қаратилади. Режиссёр «унинг сири нима?» деган савол қўйган-у, шу сирни очиб, мақсадига эришган, деган тасаввур уйғотади. Бу фильмни жуда жўнлаштириб қўяди. Биз унда кўрган юксак маънолар тасодифий ёки иккиламчидай туюлиб қолади. Бу фильмнинг энг жиддий нуқсонидир.

    Яна бир савол туғилади: Кашмиранинг ҳаёти изига тушиши, маргиналликдан чиқиб кетиши фильмнинг якуний мақсади эмас экан, унда Лола Элтоеванинг образи – тикув цехи директори сюжетга нега киритилди? У Кашмирани тушуна олган, унга имкон берган, уни социализация қилишга уринган ягона персонаж эди. Аммо унинг саъй-ҳаракатлари охирига кўрсатилмади, сюжет аркаси чала тугаб қолди. Директор, цех Кашмиранинг ҳаётида қандай ўзгариш ясагани кўрсатилмади. Лола Элтоеванинг қаҳрамони сюжетнинг мазмунсиз компонентига айланиб қолди.

    Фильмдан кадр

    Фильмдан кадр

    Бир сўз билан айтганда, фильм ижодкорлари жуда катта ишга қўл уриб, жуда буюк масалаларни қўзғаб қўйиб, ҳаммасини чала-ярим тугатиб қўйган. Бунга нима сабаб бўлган – бюджет етишмовчилигими, цензурами, эринчоқликми? Баъзида ижодкор жуда катта асарни бошлаб қўйиб, кейин битиришга куч ва илҳом топа олмайди. «Рангсиз тушлар»да балки шундай бўлгандир? Аниғини билмадим. Лекин фильм давомида юзага келган жуда кучли таассурот унинг мужмал ва бевақт якунидан бузилиб кетди. Бастакор буюк симфонияни бошлаб қўйиб, уни фортепянонинг ритмга тушмаган чийиллоқ пардасида тугатиб қўйгандай бўлди.

    Бошқа жиҳатлар

    «Рангсиз тушлар»нинг мазмуни, ижтимоий аҳамияти ҳақида кўп ёздим. Чамамда, юқоридаги баённинг ўзи ўқувчида умумий тасаввур ҳосил қилишга, кўриш-кўрмаслик масаласида бир қарорга келишга етарли бўлса керак. Кинонинг бошқа жиҳатларига қисқача тўхталиб ўтаман.

    Актёрлар ижроси. Карим Мирходиев жуда чуқур образ ярата олган: у кўп гапирмайди, ўзи кадрда кўп кўринмайди, лекин фарзандининг тақдиридан эзилган, ҳам унга ачинадиган, ҳам кечира олмайдиган отанинг нигоҳидан ҳамма нарсани тушуниб оламиз. Балки у Кашмирадан кўпроқ қийналаётгандир.

    Фильмдан кадр

    Фильмдан кадр

    Фильмнинг бош юлдузи, шубҳасиз, Кашмира – Феруза Саидовадир. У ўз образини катта маҳорат билан очиб берган. Кашмира урилиб-сурилиб ақли кирган одам эмас; у ҳалигача хато қилади, ҳалигача ақлини йўқотиб туради; уйдан биринчи марта кетганида бошига тушганлари эсидан чиқиб, яна кетмоқчи бўлади, отасининг ғамгин ва айбловчи нигоҳигина уни тўхтатиб қолади.

    Кашмиранинг кичик укаси Жамшидга ҳам кўп диққат қаратилган, лекин унинг характерини тушуна олмадим: бир опаси қайтганидан хурсанд, бир опасидан қутулмоқчи, бир уни тушунишга интилади. Бундай кайфият эврилишлари аслида кўп учрайди, лекин персонажнинг мотивлари тушунтирилмаган, руҳий қийноқлари яхши очиб берилмаган.

    Кашмиранинг жияни – жуда яхши образ. Онаси ташлаб кетган, отаси бошқа оила қургани учун бувиси ва буваси билан яшайдиган митти болакайнинг ўзи ҳам маълум маънода Кашмиранинг аҳволида, унинг ижтимоий шароитини репродуксия қилади. Шу туфайли улар тез тил топишади, болакай аммасига боғланиб қолади.

    Қолган образлар кадрда жуда кам кўринган, улар ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилишга улгурмадим.

    Постановка бироз арзонроқ, жўнроқ туюлди. Бу режиссёрнинг ижодий мақсади ҳам бўлиши мумкин, лекин ора-орада кўрсатиб турилган флешбеклар – Кашмиранинг ўтмишдан қўрқинчли хотира учқунлари – бу концепцияга унча мос тушмаган. Содда, узун, камҳаракат, бир маромдаги кадрни аҳён-аҳёнда ёриб кирадиган рангсиз (Кашмиранинг ёмон хотиралари рангсиз кадрларда кўрсатилади), қўл камерасида олинган қисқа кадрлар умумий визуал қатордан бироз ажралиб туради. Флешбекларни кўпайтириш, қимматлаштириш (мураккаброқ саҳналарни намойис этиш), уларнинг ёрдамида Кашмиранинг фожиасини очиб бериш ҳам фильмни узайтирар, ҳам томошабиннинг тасаввурини жонлантирар, фожиани гап билан эмас, тасвир билан ҳикоя қилиб берарди.

    Операторлар иши анъанавий, классик кинематограф принципларига хос – бир маромдаги камҳаракат узун кадрлар. Айни пайтда, оператор улкан ва бефарқ шаҳар қиёфасини жуда мазмундор ва чиройли очиб берган. Бу шаҳарда, ўзи каби миллионлаб одамлар ичида кўринмай кетадиган митти, ҳимоясиз Кашмира жуда муваффақиятли кўрсатилган.

    Фильмда аксарият кадрлар ўрта ва йирик планда. Чамамда, йирик планлар бироз етишмаган – улар актёрлар мимикасини ва ҳиссиётларини яхшироқ очиб берарди, назаримда. Бундан ташқари, Кашмиранинг руҳий ҳолатини, тез-тез ўзини йўқотиб туришини инобатга олсак, унинг бу аҳволини Дутч Англе ёрдамида очиб бериш самаралироқ бўлар эди, менимча. Хуллас, кадр хилма-хиллиги фильмни янада бойитиши ва таъсирчанроқ қилиши мумкин эди.

    Хулоса

    «Рангсиз тушлар» – тушунарсиз фильм. Унинг устида профессионаллар ишлагани, сюжет ва образлар чуқур ишлаб чиқилгани кўриниб турибди. Айни пайтда, ижодий топилмалар камдек. Ижодкорлар фикрини охиригача айтмагандек.

    Нима бўлса ҳам, «Рангсиз тушлар» кўришга арзийдиган фильм бўлган, деб айта оламан. Баъзи томошабинлар мен каби унинг якунидан ёки қисқалигидан қониқмас балки. Лекин энг камида маргинал одамлар муаммосига, аёллар муаммосига бошқа бурчакдан қарашни ўрганади. «Ия, буёғини ўйлаб кўрмаган эканман», деб ўйлайди. Кейинги сафар ҳаёт қийинчиликларидан қадди букилиб қолган одамни учраца, унга меҳрибонроқ муносабатда бўлади. Фильмнинг энг катта ютуғи мана шу бўлса керак.

    Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.

    26.12.2020, 10:13   Изоҳ (0)   39989
    Facebook Twitter LinkedIn Telegram Email

    Изоҳ (0)

    Кириш
    Жавоб қолдиринг Бекор қилиш

    Мавзуга доир

    «Чолиқуши» сериали юлдузи – Айдан Шенер экранларга қайтмоқда

    25.12.2020, 10:36

    «Том ва Жерри» ҳақидаги тўлиқ метражли фильмнинг постери эълон қилинди. Унда сичқон мушукни яна қийнаётгани тасвирланган

    25.12.2020, 08:37

    Netflix зўравонликда айбланган актёр Шайа ЛаБафни «Оскар»га номзодлар рўйхатидан ўчириб ташлади

    24.12.2020, 12:02

    Netflix «2020, кунинг битди!» фильмининг трейлерини тақдим этди

    23.12.2020, 11:44

    Таниб бўлмас даражада ўзгарган «Муҳташам юз йил» сериали қаҳрамонлари (фото)

    20.12.2020, 21:53

    90 йилларнинг энг машҳур ҳинд актрисалари ҳозир қандай кўринишда? (фото)

    17.12.2020, 19:20
    ×Lightbox Image

    Daryo.uz | Сизнинг муаммоингиз ечими


    Сув — бебаҳо неъмат: Агробанкдан фермерлар учун янги методик тўплам


    Kapitalbank ва Visa Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2026 саралаш ўйинини БААда тантанали равишда очишди


    Навоий инновациялар университети — келажагингизни кафолатлайдиган замонавий таълим маскани! 


    Tenge Bank Tenge24 иловасида янги рақамли автокредитини эълон қилди


    Замонавий Haval Jolion энди 0% муддатли тўлов шартида 


    Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Европага йўл олмоқда


    Sello Ecosystem Фарғона, Андижон ва Наманганда Sello Summer Fest ёрқин фестивалини ўтказди


     ADM Jizzakh Жиззахда жойлашган 5-ихтисослаштирилган муассаса тарбияланувчилари эҳтиёжи учун автобус тақдим қилди


     Coca-Cola жамғармаси ва Глобал атроф-муҳит ва технологиялар жамғармаси (ГЕТФ) “Айланма иқтисодиёт келажаги учун ҳамкорлик битими (PACТ)” ни эълон қилганлиги ҳақида маълум қилди


    UZTELECOM "Мурувват" тарифини тақдим этади: Атиги 25 000 сўм эвазига ғамхўрлик ва эътибор билан бойитилган алоқа


    Янги уфқлар: Centrum Air ҳафтасига икки марта Тошкентдан Бишкекка парвозларни амалга оширади


    UCMG Амстердамда бўлиб ўтаётган Мoney 20/20 Europе халқаро финтеч кўргазмасида Ўзбекистон номидан иштирок этади


    AVO'дан янги омонат: йиллик 25% гача — 6 ойда орзуингизни амалга оширинг


    Mobiuz "Меҳрибон" имтиёзли тариф режасини тақдим этди


    Тошкентда халқаро финтех-ҳодиса — Visa Cashлесс Форум 2025 бўлиб ўтди 

     

    Тавсия этамиз

    Чумчуқларга ем бўлган бургутлар. “Ўргимчак тўри” операцияси Россия учун қанчага тушади?

    4 июн, 18:49
    Audio Icon

    Қуриб қолган кўчатлар, миллионлар шамолга учдими?

    4 июн, 15:03

    Фелдмаршалга алмаштирилмаган Сталиннинг зурриёти — “доҳий” нега ўғлини урушга юборган эди?

    3 июн, 21:10

    Кўзи ўткир, қулоғи сезгир темир қушчалар. Разведкачи дронларнинг “катта акалари”

    3 июн, 20:40
     
     
     

    Сўнгги янгиликларга ўтиш

    Ҳиндистонда дунёдаги энг баланд темир йўл кўприги очилди (видео)

    Дунё | 6 июн, 23:00

    Қозоғистон ҳарбийларини Буюк Британияда ўқитади

    Дунё | 6 июн, 22:00

    Суперлига. Қолдирилган баҳсда “Хоразм” “Қизилқум”ни йирик ҳисобда мағлуб этди

    Спорт | 6 июн, 21:10

    Россияда IELTS топширганлар қамалиши мумкин

    Дунё | 6 июн, 21:00

    Шавкат Мирзиёевни Қурбон ҳайити билан кимлар табриклади?

    Ўзбекистон | 6 июн, 19:57

    Украина “Ўргимчак тўри”га ўхшаш янги операцияларга тайёрланмоқда — The Washington Post

    Дунё | 6 июн, 19:30

    Германия юзлаб мигрантларни мамлакатга киритмади

    Дунё | 6 июн, 18:50

    Украиналик болалар дам олиш ва реабилитация учун Тошкентга келди (фото)

    Ўзбекистон | 6 июн, 17:46
    Daryo About Us

    «Daryo» интернет-нашрининг (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) томонидан 13.03.2015 йил санасида 0944-сонли гувоҳнома билан оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган). Матнли материалларини тўлиқ кўчириш ёки қисман иқтибос келтиришга, шунингдек, фотографик, график, аудио- ва/ёки видеоматериалларидан фойдаланишга daryo.uz сайтига гиперҳавола мавжуд бўлган ва/ёки «Daryo» интернет-нашрининг муаллифлигини кўрсатувчи ёзув илова қилинган тақдирда йўл қўйилади. Чоп этиладиган баъзи маълумотлар 18 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга мўлжалланмаган бўлиши мумкин. Info@daryo.uz

    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte

    © «Simple Networking Solutions» МЧЖ, 2013–2025

    Ёш бўйича чеклов

    Хато топдингизми? Ctrl+Enter тугмаларини босинг

    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Реклама
    Нимани қидирамиз?

    Sign In or Register

    Хуш келибсиз!

    Тизимга киринг ёки Рўйхатдан ўтинг.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Рўйхатдан ўтинг

    Рўйхатдан ўтганмисиз? Login.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Сизга парол электрон почта орқали юборилади.

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Матнда хато топдингизми?

    ×

    Раҳмат. Биз сизнинг хабарингизни олдик ва хатони имкон қадар тезроқ тузатамиз.