Жиззахда табиий газ таъминотидан қарздорликни йўқ қилиб беришни ваъда қилган газ таъминоти бўлими ходими ушланди. Бу ҳақда Прокуратура департаменти хабар берди.

Унга кўра, ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. “Ш.Рашидовтумангаз” газ таъминоти бўлими газчи ходими Б.П. фуқаро У.Т.нинг яшаш хонадони табиий газ тармоғидан узилган бўлса-да, 10 млн сўм эвазига янги газ ҳисоблагич ўрнатиб, қарздорлигини йўқ қилиб беришини ваъда қилган.
Ходим шундан 1 млн сўмини олиб, қолган 9 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан аввал Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар электр тармоқлари корхонаси ходими 1 млрд сўмдан ортиқ электрни талон-торож қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқанддаги йиғилишда электр ва газ корхоналарининг 7 нафар ходими қамоққа олингани хабар қилинган.
Изоҳ (0)