Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон Америка раҳбари Дональд Трамп билан телефон орқали Украинадаги вазиятни тартибга солиш, Эрон билан музокаралар ва Ғазо секторидаги вазиятни муҳокама қилди. Эрдоғон Трампнинг Украинадаги вазиятни тартибга солиш бўйича ёндашувини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар бермоқда.

“Президент Эрдўғон АҚШ президенти Дональд Трамп билан телефон орқали суҳбатлашди. У АҚШ президентининг урушларни тўхтатиш бўйича ёндашувини қўллаб-қувватлашини, Эрон билан музокаралар жараёнини ва Трампнинг Россия-Украина урушини тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатларини қадрлашини айтди. Эрдўғон суҳбат давомида Ғазо секторидаги инсонпарварлик инқирози жиддий тус олганини, инсонпарварлик ёрдами узлуксиз етиб бориши лозимлигини ва бу инсонпарварлик фожиасига чек қўйиш зарурлигини таъкидлади”, дейилади Туркия раҳбари девонхонаси баёнотида.
Шунингдек, Эрдўғон Трампга минтақадаги можароларда “Туркия ўт очишни тўхтатиш режимини ўрнатиш ва барқарор тинчликни таъминлаш учун ҳамкорлик қилишга ва ҳар қандай ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини” билдирган.
Президентлар Сурия масаласини ҳам муҳокама қилишган. Эрдўғон шу муносабат билан “АҚШнинг Сурияга нисбатан санкцияларни юмшатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва барқарорлигини таъминлаш жараёнига ҳисса қўшишини” маълум қилган.
“Суҳбат давомида президент Эрдўғон АҚШ президенти Трампни Туркияга таклиф этди”, дейилади баёнотда.
Мулоқот давомида икки томонлама муносабатлар, минтақавий ва глобал муаммолар ҳам муҳокама қилинган.
“Эрдоғон Туркиянинг АҚШ билан кўплаб соҳаларда, хусусан, мудофаа саноатида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттиришини таъкидлади”, дейилади хабарда.
АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида туркиялик ҳамкасби билан телефон орқали суҳбатни жуда яхши ва самарали деб баҳолаган.
“Мен ҳозиргина Туркия президенти Эрдўғон билан кўплаб масалалар, жумладан, Россия ва Украина ўртасидаги уруш, Сурия, Ғазо ва бошқа кўплаб масалалар бўйича жуда яхши ва самарали телефон суҳбати ўтказдим”, деб ёзди Трамп.
Америка раҳбари Эрдўғондан Туркияга ташриф буюриш таклифини олганини тасдиқлаган ва у ҳам Вашингтон шаҳрига ташриф буюришини билдирган.
“Россия ва Украина ўртасидаги беҳуда, аммо ҳалокатли урушни тўхтатиш бўйича Эрдўғон билан ҳамкорлик қилишни интиқлик билан кутяпман — ҲОЗИРОҚ!”, дея қўшимча қилди Оқ уй раҳбари.
Изоҳ (0)