Ражаб Тоййиб Эрдўғон курд гуруҳларидан келадиган таҳдидни бартараф этиш учун Туркия Сурия шимолидаги вазиятга тўғридан тўғри аралашиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақида Associated Press (AP) хабар берди.
“Биз Сурияда фаолият юритаётган террорчилик ташкилотларини зарарсизлантириш вақти келди деб ҳисоблаймиз. Буни чегараларимиз жанубидан келаётган таҳдидларнинг олдини олиш учун қиламиз”, деди Эрдўғон.
Унинг сўзларига кўра, Сурия билан чегарани қўриқлаш Курдистон Ишчилар партияси янги жангчиларни ёллашининг олдини олишга ҳам ёрдам беради.
1 декабрь куни Туркия томонидан қўллаб-қувватланаётган Сурия миллий армияси жангари гуруҳи Сурия шимолида хавфсизликни тиклашни мақсад қилган “Озодлик тонги” операциясини бошлади. Хусусан, Сурия миллий армияси Курдистон Ишчилар партияси ва Сурия курдларининг мудофаа кучлари бўлинмаларини Ҳалаб шимолидаги Телл-Рифат шаҳридан ҳайдаб чиқарди.
Курдистон Ишчилар партияси Туркия, АҚШ ва Европа иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган.
8 декабрь куни президент Башар Асад Сурияни тарк этди ва ҳокимият қуролли мухолифат қўлига ўтди.
Сурияда ҳокимият тепасига келган Абу Муҳаммад ал-Жулоний мамлакат урушдан чарчагани, қўшнилари ёки Ғарб учун ҳеч қандай хавф туғдирмаслигини маълум қилди.
Шу сабабли у “Ҳаят Таҳрир аш-Шам” гуруҳини террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга чақирди. Бу рўйхатга гуруҳни БМТ, АҚШ, Европа иттифоқи, Буюк Британия, Россия ва бошқа кўплаб мамлакатлар киритган.
Изоҳ (0)