Ғазо секторида Исроил армияси томонидан содир этилаётган даҳшатли жиноятлар туфайли Нетаньяхуни халқаро трибуналга тортиш ҳақидаги чақириқлар тобора баландроқ янграмоқда. Бошқа томондан, Исроилнинг ўзида ҳам бир неча йилдан буён Нетаньяху устидан суд жараёнлари давом этяпти.
Дарё ушбу мавзуда сиёсатшунос Абдували Сойибназаров билан суҳбатлашди.
- Аввало ойдинлик киритиб ўтсак, Нетаньяхуни Ғазо секторидаги қирғинбарот учун халқаро судга топшириш масаласи кўтарилган, бу ҳақда Туркия президенти Эрдўғон бир неча бор чиқиш қилди. Бу суҳбатимизнинг биринчи мавзуси, иккинчиси эса – Нетаньяхуга нисбатан Исроилнинг ўзида қўзғатилган суд иши. Шу иккиси ҳақида қисқача тушунча бериб ўтсангиз, кейин ҳар бирига алоҳида тўхталамиз.
Туркия президенти Исроил бош вазирини судга тортиш лозимлиги ва бунинг учун туркиялик адвокатлар иш бошлагани ҳақида баёнот берди. Табиийки, Яқин Шарқдаги энг ривожланган давлат сифатида Исроил ҳеч қачон ўз фуқаросини халқаро судга топширмайди, бунга мамлакатнинг ички қонунлари ҳам йўл қўймайди – гарчи у инсониятга нисбатан оғир жиноятлар содир этган бўлса ҳам. Шунинг учун Туркия президентининг сўзларини баландпарвоз баёнот дейиш мумкин, чунки бу Туркиянинг ҳам, АҚШнинг ҳам қўлидан келадиган иш эмас.
Туркия Исроилга таъсир кўрсатадиган иқтисодий чоралар қўлламаяпти, қайтага Озарбайжон нефтини етказиб бермоқда. Ўша нефтдан Фаластинни бомбардимон қилишда фойдаланилмоқда, Исроил армияси уни ўз самолётлари, танклари учун ёнилғи сифатида ишлатади. 75 йилдан бери Ислом олами Исроилга қарши ҳеч қандай жиддий чоралар кўрмаяпти, фақатгина уни қоралаш билан чекланиб келмоқда.
Саволнинг иккинчи қисмига келадиган бўлсак, Исроилнинг ўзида Нетаньяху коррупцияда, порахўрликда, фирибгарликда, хизмат лавозимини суиистеъмол қилишда айбланмоқда. 2015 йилдан буён уни судга тортиш ҳаракатлари давом этиб келяпти, лекин Нетаньяху доим сувдан қуруқ чиқяпти. У ҳукумат раҳбарининг дахлсизлигидан фойдаланяпти, турли “ўйин”лар кўрсатяпти – шу маънода Туркия президентининг гапида жон бор – Нетаньяху судни ортга суриш мақсадида Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларни қалқон қилмоқда. 2022 йилда ҳам суддан қочиб қолган эди – ўшанда у Исроил суд тизимини ислоҳ қилиш таклифи билан чиқиб, Олий суд судьяларини ҳукумат тайинлаши керак деган фикрларни билдирган. Бироқ аҳолининг жуда катта қисми бунга қарши чиқди. Бу демократияни бўғишга қаратилган хатти-ҳаракат дея баҳоланди. Ҳаттоки мамлакат Мудофаа вазири бу “ислоҳот”га норозилик сифатида истеъфо берган эди.
- Нетаньяхуни Халқаро судга тортиш масаласини ким ҳал қил олади? АҚШми? АҚШнинг ўзи унинг тарафдори. Хитой ва Россия талаб қилиши мумкинми?
Улар талаб қилиши мумкин, лекин бу ишни амалга оширадиган барибир Исроилнинг ўзи. Исроил қонунлари эса бунга йўл қўймайди. Мисол учун, Югославия парчалангач, Слободан Милошевични халқаро судга топшириш масаласи кўтарилган эди. Халқаро ҳамжамият буни қанчалик талаб қилмасин, Сербия раҳбарияти аввалига бунга розилик бермади.
Кейинчалик Сербия Европа Иттифоқига қўшилиш истагини билдирганда Евроиттифоқ бунинг шарти сифатида Милошевични, Радко Младични ва бошқа қидирувдаги шахсларни Гаага судига топшириш лозимлигини айтди. Охир-оқибат Сербия раҳбарияти уларни Халқаро судга топширди. Бордию Исроил ҳукумати томонидан шу каби хоҳиш-ирода кўрсатилса, албатта Нетаньяхуни Халқаро судга топшириш мумкин бўлади.
- Эҳтимол, Исроилда ҳам шундай хоҳиш пайдо бўлар, қайси маънодаки, Исроил ташкил топгандан бери бир кун ҳам тинч яшагани йўқ. Аскарлари, фуқаролари ўлдирилмоқда. Исроил бу вазиятга чек қўйиб қўшни араб давлатлари билан тинч-тотув ҳаёт кечиришни истаса керак?.. Ва мана шу истак йўлида серблар Милошевични топширганидай, яҳудийлар ҳам Нетаньяхуни топширишлари мумкинми ёки бу эҳтимолдан узоқми?
Эҳимолдан узоқ деб ўйлайман. Биринчидан, Исроил ҳеч қачон Европа Иттифоқига аъзо бўлиш истагини билдирмаган, иккинчидан Европада антисемитизм жуда кучли, улар Исроилни ўз сафига қабул қилишга кўзи учиб тургани ҳам йўқ. Қолаверса, Нетаньяху гарчи суддан қочишга ҳаракат қилаётган бўлса ҳам, фаластинликларга нисбатан шафқатсизлиги билан танилган бўлса ҳам, Исроилда уни жуда ҳурмат қилишади. Бир вақтлар Россия Бош вазири бўлиб ишлаган Евгений Примаков Нетаньяхуни ниҳоятда миллатпараст, ўта миллатчи сифатида таърифлаган эди.
Яҳудийларнинг ўзи эса уни арабларга нисбатан кескин позицияси ҳамда Исроил давлатининг ҳудудларини кенгайтиришга қаратилган сиёсати учун ҳурмат қилади. Шунинг учун ҳам у 1999 йилдан бери, бир оз узилишлар билан бўлса-да, ҳокимият тепасида турибди. У ўз баёнотларида “биз 12 000 км² даги давлат бўлиб қолишни хоҳламаймиз, шунинг учун Фаластинга мустақил давлат мақомини бермаймиз” деган. Бугун Исроил ҳудуди 22 000 км². Агар Фаластинни тан оладиган бўлса, ҳудудининг 40 фоизга яқинини топшириши керак бўлади. Чунки Фаластин ҳам шарқий Қуддусда, Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғида ва Ғазо секторида ўз мустақил давлатини барпо этишни истайди.
Афсуски, энди Шарқий Қуддус ҳам қўлдан бой берилди, айнан Нетаньяху Қуддусни Исроилнинг ажралмас, бўлинмас ва абадий пойтахти деб эълон қилган эди. Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғида яҳудийлар учун манзилгоҳлар қуриш сиёсатини олиб борди ва бугунги кунда 700 мингга яқин яҳудийлар у ерда ўрнашган, чунки бу ерлар жуда серсув, серҳосил ерлар. Мана ҳозир яҳудийлар Ғазо секторидан ҳам туб аҳолини сиқиб чиқаряпти ва уларни Мисрга кўчириб юбориб, Ғазога ўзлари ўрнашиб олмоқчи эканларини ҳам яширмаяпти.
- Демак, суҳбатнинг биринчи қисмига якун ясайдиган бўлсак, Нетаньяхуни Халқаро судга топшириш ҳақидаги гап-сўзлар бефойда, бу эҳтимолдан узоқ. Келинг, энди, Нетаньяху устидан Исроилнинг ўзида очилган суд ишига тўхталсак. Яҳудийлар ўз бош вазирини нималарда айблаяпти ва у айбдор деб топиладиган бўлса, қандай жазо кутяпти?
Ҳукумат тепасида бўлган пайтида, мансабини суиистеъмол қилиб айрим йирик компаниялардан қурилиш ишларига рухсат бериш учун пора олганликда, вазирлик лавозимларини ўз яқинларига берганликда, шунингдек, фирибгарликда айбланяпти. Бу айбловлар ОАВлари томонидан текширилган ва ўз исботини топган. Бироқ у ҳозир уруш шароитидамиз, суд тингловларида қатнашишга вақтимиз йўқ деган важлар билан судда қатнашмаяпти. Эрдўғоннинг у суддан қочиш учун уруш бошлади деган сўзларига қўшимча қилиб айтиш мумкинки, Нетаньяхунинг урушни бошлашига қасос туйғуси ҳам сабаб бўлган. 1970 йиллар арафасида бир гуруҳ араблар Исроил фуқароларини гаровга олишади. Ана ўша гаровдагиларни озод қилиш чоғида Нетаньяхунинг акаси ҳалок бўлади. Ўз қуролдошлари, яъни яҳудий аскарлари томонидан отилган дайди ўқдан ўлади. Шундан бери у фаластинликлардан қасос олиш ўтида ёняпти.
Бундай шафқатсизлик охир-оқибат унинг ҳукуматини ўта аянчли аҳволга солиши мумкин, чунки ҳарбий ҳаракатлар натижасида Исроил ҳар куни миллиардлаб доллар зарар кўряпти. Шу кунгача Исроилнинг 200 дан ортиқ танклари ёниб битди, юзлаб аскарлари ҳалок бўлди, пул бирлиги – шекел 15-20 фоиз қадрини йўқотди. 400 мингдан зиёд Исроил фуқаролари мобилизациядан қочиб, мамлакатни тарк этди. Бундан ташқари, Исроилнинг ташқи дунё билан алоқалари сусайди, бу унинг иқтисодий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатди. Маънавий зарарини оладиган бўлсак, Европа ва дунё шаҳарларида Исроилга қарши норозилик намойишлари кучайиб боряпти, яҳудийларга нафрат ортиб кетди, уларни дўппослаш ҳолатлари юз бермоқда, синагогаларга ҳақоратли сўзлар ёзиб кетиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу охир-оқибат, Нетаньяхунинг “Ликуд” партияси обрўси тушиб кетишига олиб келиши мумкин... Менинг назаримда, 7 октябрда бошланган зўрвонликлар ва бунинг ортидан келиб чиққан шафқатсизликлар пировардида Фаластин давлатининг ташкил топишига олиб келиши мумкин. Эҳтимол, 2024 йилда бу йўналишда музокаралар бошланар. Бундан бошқа чора қолгани йўқ. Мана, икки ойдан ошди Исроил ҳарбий ҳаракатларни бошлаганига, лекин бирон-бир натижага эришилгани йўқ.
- Уруш ҳаракатлари тугагандан кейин суд жараёнлари давом этади деб ўйлайсизми?
Шундай эҳтимол йўқ эмас, лекин Нетаньяху барибир суддан қочиш чораларини кўради. У Британия ёки АҚШга чиқиб кетиши эҳтимолга яқин. Ҳозир у 74 ёшга кирди, балки амнистияга туширишлари ҳам мумкин. Ҳар ҳолда, у Исроил манфаатлари учун жон куйдиряпти. Агар АҚШдаги сайловларда Трамп ғолиб бўлса, у ҳам Нетаньяхуни қўллаши мумкин.
- Вақти-вақти билан ижтимоий тармоқларда АҚШ Исроилдан уруш ҳаракатларини тезроқ якунлашни талаб қиляпти, деган мазмунда хабарлар пайдо бўлиб қолади, куни кеча гўёки Америка янги йилгача урушни тугатиш масаласини қўйгани ҳақида маълумотлар эълон қилинди. АҚШнинг бундай позицияси 2024 йил ноябрь ойига мўлжалланган навбатдаги президентлик сайловлари билан боғлиқлиги айтиляпти. Яъни уруш давом этадиган бўлса, Байденга овоз берувчилар ундан юз ўгириши ва бошқа номзодни танлашлари мумкин, эҳтимол шунинг олдини олиш учун ҳам Байден маъмурияти шошаётгандир. Бордию Исроил АҚШнинг талабини бажариб, янги йилгача уруш ҳаракатларини тўхтатса, бу Исроил жамиятининг ўзида норозиликни келтириб чиқаради, чунки янги йилгача тўлиқ ғалабага эришилмайди, ҲАМАС буткул йўқ қилинмайди, юзлаб аскарлари ўлди, ана шундай вазиятда Нетаньяху устидан суд жараёни яна давом эттирилиши эҳтимоли қанчалик кучли?
АҚШ урушни буткул тўхтатишни эмас, фуқаролар ўртасидаги қурбонларни камайтиришни сўряпти, куни кеча БМТ Хавфсизлик кенгашининг йиғилишида ҳам АҚШ ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга қарши эканини билдирди. Яъни уруш бутукул тўхтатилса, ҲАМАС биз ғалаба қилдик, деган даъво билан чиқади, бу унинг обрўси ортишига олиб келади. Шу сабабдан ҳарбий ҳаракатлар ниҳоясига етказилиши лозим деган фикрни билдирди. Иккинчи томондан, АҚШ Конгресси уруш якунланиши тарафдори, сабаби Фаластиндаги ва Украинадаги уруш АҚШ солиқ тўловчилари ҳисобидан бўляпти.
АҚШ бу икки фронт учун қурол ишлаб чиқаришга мажбур бўлмоқда. Шу сабаб ҳам Зеленскийдан музокараларни бошлашга қаратилган босимлар кучаймоқда. Суд эса сиёсий масала. Бу масалада Исроил жамиятида бўлиниш бор. Ё уни мамлакатдан чиқариб юборишади ёки ёшини инобатга олиб амнистияга туширишлари мумкин.
- Нимаям дердик, катта куч-қудратга ва АҚШдек суянчиққа эга жиноятчи бу дунёдаги судларга чап бериши мумкиндир, лекин олий даргоҳдаги савол-жавобдан қутулолмаслиги аниқ. Саволларимизга жавоб берганингиз учун миннатдорлик билдираман, хуш келибсиз.
Изоҳ (0)