АҚШ сўнгги йилларда Суриядаги курд жангариларига ўқ-дорилар ортилган минглаб юкларни етказиб берган, деб ёзмоқда Anadolu Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга таяниб.
«Биз Туркиянинг НАТОдаги иттифоқчиси (АҚШ) сўнгги йилларда Суриянинг террорчилар ҳаракат олиб бораётган ҳудудларига ўқ-дори ва қурол ортилган минглаб юкларни юборганидан қайғудамиз», — деди Эрдўғон.
Президент «бу курс Барак Обама президентлигидан бери давом этаётгани, Дональд Трамп даврида ҳам давом этиб, Жо Байден даврида ўзгаришсиз қолаётганини» таъкидлади.
Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Анқара Вашингтонга Сурия муаммоси юзасидан ўз хавотирини билдирган.
«Мен шахсан Обама, Трамп ва яна Байден билан суҳбатлар чоғида бу масалани кўтарганман, агар биз НАТО иттифоқчиси ва ҳамкорлар бўлсак, америкаликлар томонидан Суриядаги террорчиларга кўрсатилаётган ёрдам Туркиянинг жанубий чегараларига хавф туғдиришини тушунишимиз кераклигини айтганман. Керак бўлса, жавоб ҳаракатларини амалга оширишга мажбур бўлишимиз ҳақида огоҳлантирганман», — деди Эрдўғон.
Унинг сўзларига кўра, Америка томони Анқарага ҳеч қандай жавоб бермаяпти.
«Туркия миллий хавфсизлиги талаби бўйича иш кўришда давом этамиз. Ҳеч қандай ён бериш йўқ! Чунки ҳар қандай позиция ўзгариши мамлакатимиз учун муаммолар ёғдиради», — деб таъкидлади Эрдўғон.
Аввалроқ Туркия Мудофаа вазирлиги Сурия ва Ироқ шимолидаги курд тузилмаларига қарши «Тирноқ-қилич» ҳаво операцияси бошлангани ҳақида хабар берган эди. Вазирлик маълумотларига кўра, террорчилар Туркияга ҳужум қилиш учун ушбу давлатларнинг шимолий ҳудудларидан база сифатида фойдаланмоқда.
Изоҳ (0)