“Бахт овчиси” сериалидаги Зуля роли билан танилган актриса ва телебошловчи Барчин Ғофурованинг асл исми Умида. Болалигида отаси ташлаб кетган Барчин бугунга қадар болалик жароҳатлари билан яшайди. Онаси саратонга учраган, севган йигити томонидан катта пулга чув тушган ҳамда қомати туфайли турли ҳақоратлар эшитган актрисанинг ҳаёт йўли бир текисда эмас. У салбий роллари туфайли аёллар томонидан ўлдириш билан ҳам таҳдидларга учраган.
Барчин Ғофурова бу йил 35 ёшни қаршилади.
“Раққоса бўлишимга қарши бўлишган”
1990 йилда Тошкентда туғилган Барчиннинг болалиги Қашқадарёда ўтган. У Қарши шаҳридаги мактабда таҳсил олган.

— Ота-онам асли қашқадарёлик бўлишган, аммо мен Тошкентда туғилганман. Болалигимдан раққоса бўлишни орзу қилардим. Аммо оила аъзоларим бу касбни эгаллашимга жиддий қаршилик қилишди. Ҳеч бўлмаса актриса бўлишимга рухсат беринглар, деб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг драма актёрлиги бўлимига ҳужжат топширганман. Афсуски, ўша йили шартнома пулини тўлолмаганим учун ўқишдан четлаштиришган. Бир йилдан сўнг яна ҳужжат топшириб, бюджет асосида ўқишга қабул қилинганман. Айримлар ўйлагандек, санъатга бегона инсон эмасман. Институтни битириб, Ўзбекистон давлат Сатира театрида ҳам ишладим, дея эслайди актриса.
“Ижара уйда яшаш азобини биламан”
Барчин талабалик йиллари ҳақида гап кетганида, Саида Раметовага хизмат қилиб, у каби бўлишни орзу қилгани ҳақида эслайди.

— Оилада икки фарзандмиз. Укам иккимизнинг болалик йилларимиз ҳавас қилгудек ўтган. Афсуски, мактабни битириш арафасида укамда жиддий хасталик аниқланди. Онам уйимизни сотиб, укамни даволатишга қарор қилди. У кунларни эслаш жуда оғир. Шукрки, укам Прагада узоқ вақт даволаниб, касалликдан бутунлай халос бўлди. Аммо ижара уйда яшаш осон эмасди. Яширмайман, пулдан қийналганим учун дарсдан кейин ошхоналарда ишлашимга тўғри келган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг эски биноси яқинида “Гап” кафеси бор эди. Ҳар куни дарсдан кейин официантлик қилардим. Унинг доимий мижозларидан бири актриса Саида Раметова эди. Мен ҳам шу инсон каби актриса бўлоламанми деб орзу қилардим. Орзум Озод Шамснинг “Ишқ ўйинлари” сериалида амалга ошди, дейди Барчин Ғофурова.
“Рол учун берадиган пулим йўқ”
Барчин Ғофурова режиссёрлар уни ролга тасдиқлашлари учун беҳаё таклифлари-ю, пора сўрашларига жимгина кўз юма олмайди.

— Аёл санъаткорларга жуда қийин. Битта ролга эришгунча бемаъни таклифлар ва камситилишларга чидаш керак. Яширмайман, мендан кўплаб режиссёрлар рол учун пул сўрашган. Шу боис кўплаб кастинглардан “Тўрт йил нега актёрлик бўйича ўқидим”, деб жаҳл қилиб чиқиб кетганман. Чунки у пайтдаги моддий аҳволим оғир эди. Театрдан оладиган 500—600 минг сўм ойлигим ижара уй ва еб-ичишимдан ортмасди.
Ҳаётимга кутилмаган ташвишлар кўп бора соя солган. Шулардан бири 2015 йили 25 май куни содир бўлди. Ўшанда театрда “Қўш арава” спектаклининг тайёргарлик жараёни эди. Онам қўнғироқ қилиб, метронинг Абдулла Қодирий бекатида йиқилиб жароҳат олганини айтди. Кўзимга ҳеч нарса кўринмай, югуриб саҳнадан чиқиб кетдим. Келсам онам метродан чиқиш эшиги олдида йиқилганча ўтирибди. Бирорта инсон қўлидан тутиб, нега йиқилганининг сабабини сўрамаган, бекат ходимлари ҳам тез ёрдамга қўнғироқ қилишмаган. Захда шунча пайт қолиб кетган онамга ачиндим ва тез ёрдамга қўнғироқ қилдим. Суяк сингани учун онам анча қийналди. Операция қилдирмаса, юролмай қолишини айтишди, аммо менда етарли пул йўқ эди. Шунда қариндош-уруғлар ва театрдаги ҳамкасбларим озгина пул йиғиб беришди. Умарали Баротович деган шифокор аҳволимни кўриб, “Менга пулингиз керак эмас”, деганда, қувонганимдан онам юриб кетса, бутун шифохонага ош тарқатаман, деб ният қилгандим. Шукрки, ниятим кўп ўтмай амалга ошди, дея хотирлайди актриса.

“Зуля ролини ўйнаётган вақтларим онам саратонга чалинди”
“Бахт овчиси” сериалидаги Зуля Боситовна роли билан томошабинларга яхши таниш бўлган актриса Барчин Ғофурова бу ролга нима сабабдан рози бўлгани ва суратга олиш ишлари якунланмай, онасининг оғир хасталикка чалингани ҳақида гапирди.

— “Бахт овчиси”га таклиф этишган пайтда молиявий жиҳатдан қийналаётган пайтларимиз эди. Совиткичнинг ичи бўш, ҳатто ейишга нонимиз бўлмаган пайтда сериалдан таклиф тушди. Онам билан маслаҳатлашганимда сценарийни ўқиб “Иккинчи хотин мавзуси экан, нима қиласан энди. Танлаган касбинг шу, рози бўлавер”, деган.
Фильмнинг биринчи мавсуми учун кунлик гонорарим 233 минг сўм этиб белгиланган. Улар бир ойдан кейин гонораримни кўтаришга ваъда беришган эди, аммо турли сабабларга кўра бу амалга ошмади. Кам пул беришса ҳам ролимни яхши кўрганим учун бирор марта бундан нолиганим йўқ. Тўққиз ой давомида бир оиладек бўлиб ишладик. Вақти келса, съёмка учун объектлар топишга ёки ролга мос актрисаларни танлашга ҳам ёрдамлашдим.

Сериалнинг биринчи мавсуми энг юқори рейтингни забт этди. Унинг муваффақиятидан хурсанд бўлиб юрганимда онамнинг бирдан тоби қочиб касалхонага тушиб қолди. Онамга қўйилган саратон ташхиси мени шок ҳолатга туширди. Шифокорлар зудлик билан кимётерапия муолажаларини бошлаш кераклигини айтишди. Унинг бари катта маблағ талаб этарди.
Шу боис иккинчи мавсумда кунлик гонорарни 100 АҚШ доллари қилишларини сўрадим. Бошқа пайт бўлса ундай қилмасдим, аммо онам ва укам касал бўлиб даволанаётганида 233 минг сўм гонорарга ишлай олмасдим. Албатта, бу талабим ҳеч кимга ёқмади. Танилиб бўлгандан кейин шу-да, деганлар ҳам бўлди. Ҳатто мени ролдан четлаштириб, янги актрисалар учун кастинг ҳам эълон қилишди. Аммо канал раҳбарларидан бири бўлган Сардор Комилов “Агар Барчиннинг ролини бошқа актриса ижро этадиган бўлса, шунча қилган съёмкаларинг учун ҳақ тўламаймиз”, дебди. Шундай кейингина мен билан муносабатларни тиклашга ҳаракат қилишди. Аммо анча вақтгача режиссёр ва баъзи инсонлар совуқ муносабатда бўлишди, дейди актриса Барчин Ғофурова.
“Мен ижобий ролда “яшолмайман”
Актриса “Бахт овчиси” сериалида эркакларни йўлдан урувчи, ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан ҳаё қилмайдиган Зуля ролини ижро этган. Енгилтак аёл роли кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган.

— Кўпчилик мени “Бахт овчиси” сериалидан сўнг таниди. Аммо ундан аввал ҳам бир неча фильм ва сериалларда суратга тушганман. “Қадам”, “Ишқ ўйинлари”, “Ожиза”, “Она замин” сериалларида ҳам ўзига хос ролларни ижро этганман. Аммо “Бахт овчиси” сериалидаги ролим омадли чиқди. Аслида бу ролга “Афандининг қизлари” жамоасидаги Нигора Абдуллахонова тайинланганди. Аммо суратга олиш жараёнлари бошланишига уч кун қолганда ролга тасдиқландим. Мен ижобий ролда яшолмайман, салбий ролни мириқиб ўйнайман.

Сериалдаги Зуля ролимдан уялмайман. Аксинча, шу йўлни танлаш остонасида турган аёлларга таъсир этолган бўлсам, хурсанд бўламан. Аввалига ижтимоий тармоқлар ролимга нисбатан айтилган ножўя фикрларга тўлиб кетди. Ҳатто Instagram орқали “Сени ўлдираман, уятсиз, ролингдан уялсанг бўларди”, деган таҳдидлар ҳам бўлди. Аммо ҳозир кўпчилик томошабинлар рол моҳиятини тушуниб, миннатдорлик билдиришяпти. Айниқса уй бекалари кўча аёллари қандай йўл билан эркакларнинг кўнглига йўл топишини сериал воқеалари асосида тушунишди. Эрларига бўлган эътиборни кучайтиришган бўлса ажабмас, дейди актриса.
Барчин Ғофурова: “Отам сабаб эркаклардан кўнглим қолган”
Барчин Ғофурова ҳам бир неча санъаткорлар сингари ота меҳридан айро яшаган. У отаси сабаб эркаклардан кўнгли қолгани ва эндиликда ҳаётида отасига ўрин йўқлигини қуйидагича изоҳлайди.

— Ота меҳрини ҳис қилишни истаганман, аммо каминани бу бахтдан мосуво қилишган. У укам иккимизни болалигимизда ташлаб кетган. Аввалига ажрашишига кўпроқ онам сабабчи деб билардим. Чунки у ниҳоятда ғурурли аёл. Аммо улғайиб, ярашиш таклифи билан отамнинг олдига борганимдан кейин фикрларим ўзгарди. У янги оиласи борлиги ва бошқа болаларнинг бошини силаётгани учунми, биз билан яшашни истамади. Илгари отам ўлган деб билардим. Чунки у бирор марта биздан хабар олганини онам кетма-кет жарроҳлик амалиётини бошидан кечирганда, укам ошқозон саратонига чалиниб, уни даволатиш учун уйимизни сотганимизда ҳам, у инсон хабар олмаган. Лекин отам билан учрашганда фамилиянгизда халққа таниламан, дегандим. Балки Барчин Ғофуровани телевизорда кўрганда кўнглидан нималардир ўтар, бу ёғи менга қоронғи. Аммо у инсон сабаб эркаклардан кўнглим қолган, оила қуришдан ҳам қўрқаман, дейди актриса Барчин Ғофурова.
Ўн тўрт ёшимдан кейин дадамни кўрмаганман. Бир неча марта алоқаларни тиклашга ҳаракат қилдим. Аммо у инсон муносабатларни тиклашга ҳаракат қилмаган. Интервьюларнинг бирида дадам ҳақида гапирганимдан кейин дадамнинг бошқа турмушидан бўлган фарзандлари Instagram орқали алоқага чиқишди. Аммо негадир ёзгим келмади, дейди Барчин Ғофурова.
“Бадавлат инсоннинг ўйнаши эмасман”
Барчин Ғофурова ҳаётда уни қўллаб-қувватловчи инсон ёлғизгина онаси экани ва у учун жонини беришга тайёрлигини айтиб келади.

— Баъзилар ўйлагандек, бадавлат инсоннинг қизи ёки ўйнаши эмасман. Фақат актрисаликнинг ортидан пул топаман. Укам Нью Йоркда яшайди. Баъзи пайтларда моддий ёрдам беради. Онам билан 300 АҚШ доллари тўлаб, кичик квартирани ижарага олганмиз. Мени енгилтабиат деб ўйлайдиганлар бир марта суҳбатлашгач, ҳаётда Зулянинг акси эканимга амин бўлишади. Нима қилай ижобий ролларни кўп ижро этдим, аммо томошабинлар эътиборига тушгани йўқ. Салбий ролим эса томошабинлар эътиборини тортди. Онам санъаткор бўлмаса-да, бу соҳага қизиқади. Мендан аввал сценарийларни ўқиб чиқади, ҳатто рол учун ҳам либосларни ўзи танлайди. Олти юз минг нафақа пулини ҳам ўзига сарфламай, менга либослар сотиб олади.

Ташқи қиёфамни тез-тез ўзгартириб тураман. Аввал сочим қора ва узун эди, ундан кейин сариқ сочларни танладим. “Ишқ ўйинлари” сериали режиссёри Озод Шамс сериал учун сочларимни калталатишимни сўради. Шу сабаб узун сочлардан воз кечганман, дейди актриса.
“Қулоғимга кимдир, ўзингни ўлдир, деб шивирларди”
Барчин бундан бир неча йил аввал исмини ўзгартиришига сабаб бўлган воқеа ҳақида айтиб берган.

— Баъзи инсонларга исми оғир келади. Бундан бир неча йил аввал мен Умида эдим, маълум сабабларга кўра исмимни ўзгартиришимга тўғри келган.
Гап шундаки, бир йигит билан 9 йил севишиб юрганмиз. Унинг оила аъзолари мени келин қилишни истамаган. Актриса бўлганим учун мени хоҳлашмаган. Шунинг учун ҳам исмимга “иссиқ-совуқ” қилишган. Иссиқ-совуқдан кейин мен жуда оғир аҳволга тушиб қолганман. Буни биз томонда “вос-вос” дейишади. Бу нарса таъсирида бир неча марта ўз жонимга қасд қилишга уриниб, томиримни ҳам кесганман. Бу жуда оғир вазият экан. Ишонасизми, мана йўл турибди, мен йўлнинг ўртасида туриб, машинанинг тагига ўзимни ташласам, қандай қилиб ўламан, деб ўйлайдиган бўлиб қолдим. Онам олиб бормаган шифокори қолмади, охири улар ҳам “Бу бизнинг касалимиз эмас” дейишди.
Ҳушим ўзимда эмас. Ўша йиллари тўйга чиқардим, миям битта ўчиб ёниб, қўшиб куйлаб турган жойимда “Бу ерда мен нима қиляпман?”, деб ўйлайдиган бўлиб қолдим. Қулоғимга кимдир “Ўзингни ўлдир”, деб шивирлаган пайтлари бўлган. Шу тарзда 2018—2019 йилларда исмимни Барчинга ўзгартирганман, дейди актриса.
Барчин Ғофурова “алфонс” йигитга алданган
Актриса фирибгар йигитнинг сохта муҳаббатига алданган ҳамда суратга олиш ишларидан топган пулларини унга бериб келган.
-vma0qUff.avif)
— Онам касал, тезроқ оила қуришим керак, деб кўп ўйлардим. Атрофимдаги инсонлар ҳам бу ҳақда кўп айтишди. Онам қийналиб катта қилди, тўйимни кўриш армон бўлмасин, деб ўйлаб, охири номзодлардан бирининг оила қуриш ҳақидаги таклифига рози бўлдим. Аммо у пайтда унинг оила қуриб, ажрашганини ҳам билмаганман. Аввалига ҳаммаси яхши эди. У билан тўй қилиш, уйга мебел жиҳозларини олиш ҳақида ҳам ўйладик. Аввалдан бозорга борсам, бошим оғрийди, аммо унга қарши бормай, бозордан харид қилдим. Ҳатто ўша пайтда унинг хоҳишига кўра санъатдан кетишга ҳам тайёр эдим. Шу кунгача онамдан пул олмайман, аммо топганимни унга топширишга одатланганман. Шундай бўлдики, топганимни онамга эмас, у йигитга топширдим. Cobalt машинасига бориб тўлов ҳам қилдик. Сериалга тушаман, кечга яқин “бунча гонорар беришди”, деб унга топшираман. Аммо секин-аста унинг асл феъл-атвори кўзга кўринди. Аввалига жаҳл қилди, ундан кейин сўкадиган бўлди. Хуллас, мен унинг асл юзини кўриш учун Telegram аккаунтини ўзимга улаб олишга мажбур бўлдим. Балки, бу тўғри эмасдир, аммо унинг аслиятини билиш учун шундан бошқа йўл йўқ эди.

Ундаги ёзишмалар даҳшат эди. Фалончи 50 АҚШ доллари, писмадончи 100 АҚШ доллари деб ёзилган аккаунтлар берилган маблағларим қаерга кетаётганини кўрсатарди. Бўғзимга нимадир тиқилди, аммо бу ҳаммаси эмасди. Онам учинчи даражадаги саратон касаллигига чалинган. Бир неча йилдан буён даволанади. Бир куни у онамнинг касаллик варақаларини сўради. Таниш шифокорга кўрсатаман, деганидан қувониб, ҳаммасини расмга олиб ташлагандим. Энг алам қилгани, у қоғозларни эҳсон қилувчи инсонларга ташлаб, “Онам саратоннинг тўртинчи даражаси бўйича даволаняпти. Бизга 3 000 АҚШ доллари керак”, деб ёзган экан. Шунча пайт гаплашиб юрган бўлсак, бирор марта “Мана буни онангга ишлат”, деб пул бермаган. Аммо унинг қоғозларини кимларгадир кўрсатиб, ёрдам олган.
Ўша пайтда съёмкалардан ташқари, онлайн дўконда модел бўлиб ишлардим. Бир ойлик ишим учун 300 АҚШ доллари олардим. Аммо қийналсам ҳам, онамни даволатиш учун бировдан ёрдам кутган инсон эмасдим. У бўлса одамларни алдаб, пул тиланиб юрганини кўрганимдан кейин нафратим қўзиди. Орани очиқ қилиб, яна бир бор эркакларга бўлган ишончим сўнди.
Орадан анча вақт ўтиб, ёнилғи қуйиш шохобчасида уни кўриб қолдим. У мени кўриши билан ўриндиқнинг пастига кириб кетгудек бўлди, дейди актриса Барчин Ғофурова.
“Ҳақоратли гап-сўзлар туфайли ошқозон операциясини ўтказяпман”
Актриса Барчин Ғофурова ортиқча вазни туфайли ўзига бўлган ишончи тушиб кетгани боис ошқозон кичрайтириш операциясини қилдиргани ҳақида сўзлаб берди.

— Бу қарорга келишим жуда қийин бўлди. Лекин бу амалиётни ўтказмасам, охир-оқибат мени депрессияга олиб борарди. Операция қилган врачим Кувайтдан. Instagram постларим, рол ўйнаган сериалларим изоҳига турли ҳақоратли гаплар ёзилаётгани сабабли ушбу операцияни ўтказдим, дейди у.
Актриса амалиётни ўтказишдан аввал 88 килограмм эди. У операциясидан муваффақиятли чиқди, аммо амалиётдан сўнг қайта тикланиш унга қийин кечди. Шунга қарамай, актриса бугунги қоматидан мамнун.
Барчин ва Соҳиб. Муносабатлар жиддийми ёки шунчаки пиар?
Барчин Ғофуровага ўзидан бир неча ёш кичик йигит Соҳиб Раҳматуллаев турмуш қуриш таклифини берган. Улар ҳозирда жуфтлик сифатида ижтимоий тармоққа видео жойлаб келади. Барчин Ғофурова уни партнёрим деб атайди.

Барчинга партнёри Соҳиб Раҳматуллаев яқин кунларда умра сафарига йўлланма совға қилди. Жуфтлик умра сафарини адо қилиб қайтди. Бундан ташқари, улар ўтган йил давомида ҳам турли давлатларга саёҳат қилиб келди. Аммо уларнинг муносабати кузатувчиларини ўйлантиради — улар ҳақиқатан ҳам турмуш қурадими ёки бу шунчаки пиар?
Изоҳ (0)