Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг Эронга ҳужумлари юзасидан хавотир билдирди.

Вазирлик барча томонларни тўлиқ вазминликка, ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга ва низони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишга чақирмоқда. Шунингдек, можаронинг кескинлик даражасини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларга кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.
“Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги инсонларнинг ҳалокатига ва Яқин Шарқда вазиятнинг кескинлашувига олиб келган Исроилнинг Эрон Ислом Республикасига қарши ҳарбий амалиёти юзасидан чуқур хавотир билдиради.
Барча томонларни тўлиқ вазминликка, ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга ва низони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишга чақирамиз.
Кенг кўламли тўқнашувга олиб келиши мумкин бўлган жиддий вазиятнинг янада кескинлашуви хавотир уйғотмоқда.
Ўзбекистон минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди ва можаронинг кескинлик даражасини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларга кўмаклашишга тайёрлигини билдиради”, дейилади муносабатда.
Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эронга йирик кўламда ҳужум уюштириб, мамлакат ядровий дастурининг асосий объектлари ва юқори мартабали ҳарбий раҳбарларини нишонга олди. Мамлакат фавқулодда ҳолат эълон қилиб, ҳаво ҳудудини ёпди. Исроил Эрондан жавоб ҳужумини кутмоқда. Эрон Исроил ҳужумларига қатъий жавоб қайтаришни ваъда берди.
Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси эҳтимолий ракета ҳужумлари сабаб билан фуқароларига тезкор эҳтиёт чораларини кўришни қатъий тавсия қилди. Эрондаги элчихона ҳам хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишга чақирди
Эрон ҳаво ҳудуди ёпилгани сабаб шу куни Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент—Жидда йўналишидаги HY5343 рейси, Fly Dubai авиакомпаниясининг Тошкент—Дубай йўналишидаги ФЗ1942 рейси Тошкентга қайтишга мажбур бўлди.
Air Cairo авиакомпаниясининг Олмаота—Шарм аш-Шайх йўналиши бўйича СМ882 рейси ва Qatar Airways авиакомпаниясининг Сеул—Доҳа йўналиши бўйича QR8985 рейси Тошкент аэропортига фавқулодда қўнди.
Бундан ташқари, Эрон ҳаво ҳудуди ёпилгани сабаб 13 июнда Тошкентдан учадиган:
- Fly Dubai авиакомпаниясининг Дубай—Тошкент—Дубай йўналиши бўйича ФЗ-1945/1946 рейслари;
- Аир Arabia авиакомпаниясининг Шаржа—Тошкент—Шаржа йўналиши бўйича Г9-270/271 рейслари;
- Asia Union авиакомпаниясининг Тошкент—Мадина—Тошкент йўналиши бўйича 7қ-141/142 рейслари бекор қилинди.
Изоҳ (0)