Эрон томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳлар томонидан Иорданиядаги АҚШ ҳарбий базасига ҳужум уюштирилиши ва оқибатда уч нафар америкалик аскарнинг ўлдирилиши АҚШ президенти Жо Байденга нисбатан босимни ошириб юборди. Сиёсатчилар президентдан Эронга тўғридан тўғри зарба беришни талаб қилмоқда.
Reuters агентлигининг ёзишича, Байден катта уруш бошланишидан қўрқиб, бу қадамни қўйишни истамаяпти.
АҚШ президенти америкалик аскарларнинг ўлдирилишига жавобан фақат Эрон чегаралари ташқарисидаги гуруҳларга зарба бермоқчи.
Республикачилар партияси вакиллари Байденни америкалик ҳарбийларни жавоб беришга қодир бўлмаган, “фақат бир жойда ўтирадиган ўрдак”ка айлантириб қўйишда айблади.
Энди улар президентдан Эронга зарба беришни талаб қилмоқда. “Бу ҳужумларга ягона жавоб Эрон террорчи кучларига ҳам Эронда, ҳам бутун Яқин Шарқда ҳалокатли ҳарбий жавоб бўлиши керак”, деди республикачи сенатор Том Коттон.
Демократлар эса Байденнинг Ғазо секторидаги Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги можарони тўхтатиш бўйича стратегияси барбод бўлаётганидан очиқчасига хавотир билдирди.
“Вазият назоратдан чиқиб кетмоқда. Можаро минтақавий урушга айлана бошлади, афсуски, АҚШ ва бизнинг қўшинларимиз хавф остида”, — деди Демократлар партияси вакили Барбара Ли.
Изоҳ (0)