АҚШ президенти Дональд Трамп собиқ вице-президент ва Демократик партиядан президентлик лавозимига номзод Камала Ҳаррисга қарши тергов бошлашни талаб қилди. У Ҳаррис штабини машҳурларга “ноқонуний тўловлар” қилишда айблади. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

“Ҳаррис Брюс Спрингстинга 2024 йилги президентлик сайлови кампаниясидаги ёмон чиқиши учун қанча пул тўлади? Агар у Камаланинг мухлиси бўлса, нима учун бу пулларни олди? Бейонсега-чи? Опра ва Бонога қанча пул берилди? Мен бу ишни жиддий текширишни талаб қиламан. БУ ҚОНУНГА ЗИД!”, дея ёзди Оқ уй раҳбари.
Трампнинг таъкидлашича, АҚШ қонуни давлат лавозимларига номзодларга ўз қўллаб-қувватловлари учун пул тўлашни тақиқлайди. Ҳаррис эса буни “жуда қиммат ва умидсиз усул билан ўзининг оз сонли аудиториясини сунъий равишда кўпайтириш” учун қилган.
Шунингдек, у Ҳаррисни қўллаб-қувватлаган машҳурларни “ватанпарвар бўлмаган санъаткорлар” деб атаб, уларни “бузилган Америка тизимидан фойда олишга уриниш”да айблаган.
7 ноябрь куни Нью Йорк университети профессори Лоуренс Маслон бир қатор нуфузли машҳурларнинг қўллаб-қувватлаши Ҳаррисни АҚШ президентлик сайловларида мағлубиятдан сақлаб қола олмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, оддий америкаликлар юлдузлар бензин ёки тухум нархи ҳақида қайғурмасликлари мумкинлигини тушунишади, шунинг учун уларнинг сиёсий баёнотлари унчалик аҳамиятли эмас.
Изоҳ (0)