Ўзбекистонда сиртқи таълим тугатилишига сабаб таълим сифати билан боғлиқ. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов “Дарё” мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.

Президент фармонига асосан, янги ўқув йилидан сиртқи таълим шаклига қабул тугатилди. Вазир Қўнғиротбой Шариповнинг айтишича, мазкур таълим шаклидан воз кечилиши таълим сифати етарли таъминланмагани билан боғлиқ.
“Биз бу йўналишда таълим сифатини 100 фоиз таъминлаб бера олмаймиз. Чунки биламизки, талабаларнинг кўпчилиги иш билан банд, вақтида дарсга кела олмайди. Буни ҳаммамиз кўриб турибмиз, яширишга ҳожат йўқ”, деди вазирлик раҳбари.
Суҳбат давомида Қўнғиротбой Шарипов сиртқи ўрнига масофавий ва узайтирилган таълим кенг йўлга қўйилаётганига урғу берди.
“Энди ўқийман деган ёшлар масофавий таълимга кириши мумкин. Мазкур йўналишда назорат кучлироқ — талаба ҳар куни компьютеридан дарсга кириб, масофадан ўқиши керак бўлади. Ўрнига бошқа одам кирса ёки имтиҳонларда қанақадир ъшпаргалкаъдан фойдаланаман деса, унинг компьютери автоматик тарзда ўчириб қўйилади. Бу таълим сифати билан боғланган масала. Сиртқининг ўрнига масофавий таълим киритиляпти. Биз тўлиқ ёпиб ташладик дегани эмас. Ўзи бутун дунёда сиртқи таълим шакли йўқ. Биз кредит-модул тизимига ўтдик, дунёдаги топ-300 талик рейтингдаги университетлар дастурларини қабул қиляпмиз. Хориждан профессор-ўқитувчиларни ишга таклиф қиляпмиз. Европа, Америка ёки бошқа давлатларга қарасангиз кундузги, кечки, масофавий ва узайтирилган таълим шакллари мавжуд. Талабаларга институтни тўрт йилда эмас, 5–10 йилда ҳам битириш имконияти берилади. Шунинг учун бундан қўрқиш керак эмас. Ўрнига муқобил таълим шакли бериляпти”, деди вазир.
Маълумот учун, сиртқи таълим шаклига қабул тўхтатилган бўлса-да, ҳозирда мазкур шаклда таҳсил олаётган талабалар учун барча ўқув жараёнлари белгиланган тартибда давом эттирилади. Яъни улар танлаган йўналишлари бўйича амалдаги давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ ўқишни якунига етказиш имкониятига эга.
Сиртқида ўқиб, белгиланган тартибда диплом олган шахслар Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ тўлиқ олий маълумотли мутахассислар ҳисобланади. Уларга бериладиган диплом кундузги, кечки ёки масофавий таълим шаклидаги дипломлар билан тенг юридик кучга эга.
Изоҳ (0)