Брошлар энди шунчаки безак эмас. Бу сизнинг услубингиз, дидингиз ва шахсиятингиз ҳақида сўзлайдиган таъсирли аксессуарга айланган.

Бир вақтлар брошлар “буви тақинчоқлари” тўпламидан безак сифатида тасаввур қилинган — нафис, лекин бир оз эскирган.
Брошларнинг модага қайтиши бу шунчаки эстетик бурилиш эмас, балки ҳаддан ташқари минимализм ва бир хил безакларга қарши исён.
2025 йил баҳор-ёз мавсумида брош оддий аксессуар эмас, балки энг оддий образни ҳам эсда қоларли қилиш усули ҳисобланади. Вариантлар жуда кўп: эски ва романтик услублардан тортиб йирик ва замонавий кўринишларгача.
Брош энди ўтмишдан эмас, келажакдан
Брошлар тренди — моданинг индивидуалликка ва деталларга эътибор беришга йўналтирилган глобал ҳаракатининг давомидир. Биз тез мода ва оммавий безаклардан чарчадик. Брош бу характерга, тарихга ва “жон”га эга буюм. Ҳатто оммавий ишлаб чиқарилган бўлса ҳам, уни қайта талқин қилиб, замонавий образга уйғунлаштириш мумкин.
Машҳур юлдузлар ҳам бу аксессуарга эътибор қаратмоқда, бу эса тренд ҳақиқатан долзарб эканига ишора қилади. Масалан, Росамунд Пайк олтин брошни тўқ мовий бахмал жакетга тақади, Рианна эса уни тугма сифатида ишлатади, Кейт Бланшетт эса жакетнинг ёқасига бир нечта брошни уйғунлаштиради. Ижтимоий тармоқдаги “инфлуенсерлар” эса брошларни ҳудиларнинг капюшонларига ёки 2000 йиллардаги кардиганларга тақиб юрмоқда.

2025 йилда қандай брошлар трендда?
Услублар хилма-хил — винтаждан тортиб замонавий ироник моделларгача. Эътиборга лойиқ турлари:
• Гул шаклидагилар: атиргул, ромашка, анемон, айниқса, мато ва теридан ясалган йирик пион шаклидаги брош.
• Винтаж брошлар: тошлар, кристаллар, эски сайқал билан безатилган “буви сандиғи” дан чиққандек безаклар.
• Минималистик, лекин характерли: ортиқча ялтирамасдан, геометрик шаклли олтин ва кумуш брошлар.
• Арт объектлар: кўз, лаб, ҳайвон ёки абстракт шакллардаги — сурреализмга ишора қилувчи дизайнлар.
• Мато ва тўқимачиликдан ясалганлар: лента, бахмал, ипакдан — айниқса, 50 йиллар руҳидаги моделлар.
• Янги талқиндаги тасвирли безак: классик безаклар контраст фон билан, энди йирик ва театр кўринишида.
2025 йилда брошни қандай тақиш керак?
Усуллар кўп. Энг муҳими тажриба қилишдан қўрқмаслик ва образга янгилик қўшиш.

1. Жакетда, лекин одатдагидек эмас
Энди брошни елкага, марказга ёки енгга тақиш урфда. Энг замонавий кўриниш — иккита брошни симметрик тарзда икки томонга тақиш.
Маслаҳат: силлиқ матоли кийимда металл ёки кристалли брошлардан фойдаланинг.

2. Оқ кўйлак ёки футболкада
Минималист юқори кийим ва ёрқин, ҳаттоки сал ғайриоддий брош — идеал жуфтлик. У маржон ёки катта тақинчоқ ўрнини босади.
Ғоя: оқ футболка, жинси шим ва йирик гулли брош — оддий образга мукаммаллик қўшади.

3. Либосда, айниқса, кечки образда
Брошни бел, ёқа ёки ленталар бошланишига тақиш мумкин. Айниқса, марварид, винтаж тошлар ёки силлиқ кристалли моделлари чиройли кўринади.
4. Белбоғ ёки камар устида
Теридан ишланган камарга брош тақиш — жозибали детал. Бу қатъий офис образига ҳам, баҳор услубига ҳам мос келади.
Ғоя: брош услуби камар билан контрастда бўлсин — масалан, қўпол камарда нафис винтаж брош.

5. Бўйинга маржон ўрнида
Брошни бахмал лентага тақиб бўйинга тақинг ёки уни кўйлак ёқасига маҳкамланг. Викториан даври услубини эслаца-да, бугунги мода билан уйғун кўринади.
6. Сумкада
Кичик, лекин жозибали брош — сумкани шахсийлаштиришнинг қизиқарли усули. Айниқса соддароқ моделдаги шоппер, багет ёки занжирли сумкаларда яхши кўринади.
7. Соч турмагида ёки шляпада
Гап оддий соч қистирғич ҳақида эмас, ҳақиқий брош ҳақида кетмоқда. Уни ободокка ёки шляпа устига тақиш мумкин. Бу 30 йиллар нафис модасига замонавий ёндашувдир.
Изоҳ (0)