Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Гарвард университети тараққиёт лабораториясининг Иқтисодий мураккаблик индексини таҳлил қилди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишни кўрсатмоқда, экспорт йилига ўртача 20,5%га ўсиб, минтақадаги бошқа мамлакатларнинг ўсиш суръатларидан сезиларли даражада юқори бўлди.
Harvard Growth Lab (Гарвард университетининг фанлараро лойиҳаси) таҳлилчилари 2023 йилги маълумотларни қўшиб, Иқтисодий мураккаблик атласини янгиладилар ва 145 та жаҳон иқтисодиётини ўз ичига олган Иқтисодий мураккаблик индексининг қиймати бўйича мамлакатларнинг рейтингини тақдим этди.
Ўзбекистон сўнгги 5 йил ичида 25 поғона юқорилаб, 145 та мамлакат орасида 80-ўринни эгаллаб, Иқтисодий мураккаблик рейтингида ўз мавқеини сезиларли даражада яхшилади.
Ўзбекистон рейтингда 80 – ўринни, Туркия 44 – ўринни, Ветнам 53 - ўринни, Қозоғистон 84 - ўринни (6 ўрин пасайиш), РФ 94 - ўринни (5 позиция йўқотиш), Тожикистон 124 - ўринни (5 позицияга кўтарилиш), Туркманистон 126-ўринни (12 позицияга ёмонлашиш) эгаллади. ТОП-3 мамлакат қаторига қуйидагилар киради: 1-Швейцария, 2 – Япония, 3 – Сингапур.
Мамлакат иқтисодиёти барқарор ўсишни кўрсатмоқда, экспорт йилига ўртача 20,5%га ўсди, бу минтақадаги мамлакатларининг бошқа мамлакатларидаги ўсиш суръатларидан анча юқори. Шу билан бирга, хомашё ресурсларидан ташқари тайёр маҳсулотлар экспорт йилига 21,9 фоизга ўсди ва жаҳон бўйича ўртача ўсишдан юқори бўлди.
5 йил давомида экспорт ўсишига ўрта қайта ишланган саноат товарлари катта ҳисса қўшди Ишлаб чиқариш янада мураккаброқ бўлган маҳсулотлар ичида энг юқори ўсиш суръатлари транспорт (89%), саноат ускуналари (77%), электротехника (59%) бўйича қайд этилди.
Ўзбекистон экспорт портфелига 67 та янги маҳсулот қўшди, бу 2,1 миллиард доллар даромад келтирди ҳамда диверсификация ва рақобатбардошликни ошириш бўйича муваффақиятли стратегияни тасдиқлади. Ушбу маҳсулотлар 2023 йилда аҳоли жон бошига 59 доллар даромад келтирди.
Harvard Growth Lab ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон жаҳон бозорида рақобатбардош устунликка эришган 162 турдаги маҳсулотларга эга бўлиб, бу унинг жаҳон иқтисодиётдаги салоҳиятини намоён этади.
2033 йилгача иқтисодий ўсиш прогнозлари
2033 йилгача Ўзбекистон иқтисодиётининг йиллик ўртача ўсиши 5,6%ни ташкил этиши кутилмоқда, бу эса дунёда иккинчи юқори кўрсаткичдир.
Яқин ўн йилликларда Ветнамда йиллик ўсиш кўрсаткичлари 4,8%, Тожикистонда – 4%, Қирғизстонда – 3,9%, Грузияда – 3,6%, Қозоғистонда – 3,6%, Арманистонда – 3,3%, Бангладешда – 3%, Туркманистонда – 2,7%, Беларусда – 2,4%, Озарбайжонда – 2,2%, Россияда – 1,1%ни ташкил этади.
Ўзбекистон иқтисодиётни таркибий ўзгартириш бўйича ишларни давом эттирмоқда, ресурсларни қишлоқ хўжалиги каби кам унимдор тармоқлардан ресурсларни электроника ва машинасозлик каби янада самаралироқ тармоқларга йўналтирмоқда.
Изоҳ (1)
Иқтисодий мураккаблик рейтинги: бошимиздаги тожми ё бўш пайкалми?
Бир қарашда — бу мақтанарли натижа. Лекин бу рейтинг ким учун аҳамиятли? Ва, энг муҳими, халқ нимадан ютади ё йўқотади?
ECI — мамлакатнинг қандай товар ва хизматларни экспорт қилаётгани, уларнинг технологик даражаси ва диверсификациясига асосланади. Яъни, экспорт қанча мураккаб бўлса, рейтинг юқори бўлади. Аммо халқ учун рейтинг эмас, иш ўринлари, даромад ва маҳсулот сифати муҳим.
Ўзбекистон рейтингидаги ўсиш — экспорт таркибининг кенгайиши, янги соҳа ва маҳсулотлар пайдо бўлганини англатади. Лекин реал ҳаётда экспортчи кичик бизнеслар қийинчиликка дуч келмоқда, валютадаги тушумларни эркин сарфлаш имконияти чекланган, бюрократия ҳануз мавжуд. Шунингдек, экспорт ўсишининг кўп қисми хом ашё ва қўшилган қиймати паст маҳсулотларга таянган.
Шундай экан, бу рейтинг — ахчанг учун яхши, инвесторга кўрсатиш учун цифра, лекин халқнинг ошхонасига дарҳол таъсир қилмайди. Шу боис, мураккаблик индекси ҳақиқий тараққиётдан кўра, кўз-кўз қилинадиган рақамлар орқали PR воситаси сифатида хизмат қилмоқда, десак муболаға бўлмайди.