“Ўзбеккосмос” агентлиги Туркий давлатлар ҳамкорликдаги сунъий йўлдошни учиришга тайёрланаётганини эълон қилди.

Қайд этилишича, Озарбайжонда Space Technology Conference—2025 анжумани доирасида Туркий давлатлар ташкилоти аъзолари хусусан, Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон шунингдек кузатувчи мамлакатлар Венгрия ва Туркманистон космик агентликлари раҳбарларининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда томонлар космик соҳадаги ўзаро ҳамкорликни яна ривожлантириш, технологиялар трансферини жадаллаштириш ва бу борада тажриба алмашиш, фазони тинч мақсадларда тадқиқ этиш бўйича қўшма дастурларни ишлаб чиқиш, қолаверса биргаликда космик қурилмаларни ишлаб чиқиш каби қатор масалаларни кўриб чиқди.
Хусусан, муҳокамалар давомида Туркий давлатлар томонидан яратилиши режалаштирилаётган кубсат туридаги қўшма сунъий йўлдош лойиҳасининг айни вақтдаги босқичлари ҳақида сўз борди. Белгиланган режага кўра ушбу сунъий йўлдошининг двигатель қисми ўзбекистонлик муҳандислар томонидан ясалиши кўзда тутилган.
“Ўзбеккосмос” вакиллари ТDTга аъзо давлатлар ўртасида мини сунъий йўлдош қурилмаларини ясаш ва уларнинг синов парвозларини амалга оширишга хизмат қилувчи CanSat мусобақасини ўтказиш таклифини ҳам илгари сурди. Таъкидланишича, бу минтақа ёшларининг космик технологиялар, астронавтика ва муҳандисликка бўлган қизиқишни янада орттириш, уларнинг бу борадаги ташаббус ҳамда ихтироларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Йиғилишда Озарбайжон томони ТDTга аъзо давлатлар фуқаролари ва кузатувчилари учун “Виртуал космик академия” ва геоахборот тизими бўйича ўқув дастурларини ташкил этишга тайёр эканини билдирди. Бу лойиҳалар орқали фуқароларга космик фаолиятни янада кенгроқ тушунтириш, ёшларни айни соҳага қизиқтириш ва уларнинг бу борадаги ғоялари билан яқиндан танишиш имкониятини беради.
“Ўзбеккосмос” вакиллари таклифига биноан ТDTга аъзо давлатлар космик агентликлари раҳбарларининг бешинчи йиғилишини Ўзбекистонда ўтказилишига келишилди.
Ўзбекистон коинотга кубсат (кичик куб шаклидаги) сунъий йўлдош юборишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида 2023 йил апрелида маълум қилинганди. Сунъий йўлдошлар ёш мутахассислар гуруҳи томонидан лойиҳалаштирилиши қайд этилганди.
“Ўзбеккосмос” агентлиги департамент бошлиғи Муҳиддин Иброҳимов 2024 йилда “Дарё”га берган интервьюсида битта йўлдош учирилгани билан иш битмаслигини, камида 2-3 та сунъий йўлдош учирилиши кераклигини айтганди. Департамент бошлиғи SpaceX ва бошқа бир неча компаниялар билан алоқалар борлиги, тижорат компаниялари Ойда база яратиш бўйича замин ҳозирлаётгани ҳақида сўзлаб берганди.
2022 йилда SpaceX компанияси Ўзбекистонда йирик лойиҳалар амалга оширишга тайёр эканини билдирганди.
Изоҳ (0)