Марказий Осиё давлатларининг асосий муҳофаза қилинадиган ҳудудларини ўз ичига олган Ғарбий Тян-шан табиий мажмуаси ГЭС қурилишлари туфайли хавф остида қолмоқда. “Чегара билмас дарёлар” коалицияси мазкур масала бўйича ҳисобот эълон қилди.

Ғарбий Тян-шан комплекси 2016 йилда ЮНЕСКО томонидан Бутунжаҳон мероси объекти сифатида тан олинган. Ҳозирда у ва унга туташ ҳудудларнинг экологик яхлитлиги учун аҳамиятли дарёларда камида бешта тўғон қурилган. Бундан ташқари 15 тадан 40 тагача янги ГЭС тўғонлари режалаштиришдан қурилишгача бўлган босқичда турибди.
Чотқол, Пскем, Угам, Кўксув, Оқсув, Арйс, Сайрамсув каби дарёлар 5 йил олдинги ҳолатига нисбатан сезиларли босим остида қолмоқда. Бутунжаҳон мероси объекти ҳудудида бевосита амалга оширилаётган ёки унга таъсир кўрсатаётган лойиҳалар алоҳида хавотир уйғотмоқда.
- Қирғизистонда Ғарбий Тян-шан юраги — Беш Орол қўриқхонаси ичида Чотқол ГЭСини қуриш режалари илгари сурилмоқда. Дарё бўйида олиб борилаётган олтин қазиб олиш ишлари Чотқол водийсини вайрон қилмоқда.
- Қозоғистонда эса Ғарбий Тян-шан таркибига кирувчи Сайрам—Угам миллий боғидаги Угам дарёсида ГЭСлар каскади ва сув қувурини қуриш таклиф этилмоқда. Ғарбий Тян-шандан Арйс дарёси ҳавзасига қуйиладиган дарёларда кўплаб кичик ГЭСлар қурилиши режалаштирилган.
- Ўзбекистонда эса Қирғизистондаги Беш Орол қўриқхонасидан пастроқда Қуйи Чотқол ГЭС қурилиши амалга оширилмоқда. Бу Ғарбий Тян-Шаннинг юқори қисмидаги компонентлар учун хавф туғдириб, ЮНЕСКО мероси рўйхатига киритилган Қирғизистон ҳудудининг бир қисмини сув босишига олиб келиши мумкин.
Пскем дарёсида қурилаётган йирик ГЭС каскади Угам—Чотқол миллий боғининг яхлит ландшафтига зиён етказиши мумкин. Ўзбекистонда яқинда қуриб битказилган Угам ГЭС каскади эса Қозоғистондаги Бутунжаҳон мероси объектининг муҳим табиий яшаш жойларини ажратиб қўйган.
Биз ташвишли бир тенденцияни кузатяпмиз: қисқа муддатли, айниқса, гидроэнергетика соҳасидаги иқтисодий манфаатлар, сайёрамиз миқёсида ноёб бўлган табиий меросни узоқ муддат сақлашдан устун қўйилмоқда. Ушбу объектни таъминлайдиган дарёларда режалаштирилган қурилишлар кўлами ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси қўмитаси ва халқаро ҳамжамиятнинг зудлик билан аралашувини талаб қилмоқда, дейди “Чегара билмас дарёлар”нинг координатори Евгений Симонов.
Экологлар таъкидлашича, Ғарбий Тян-Шандаги тўғонларнинг қурилиши муҳим дарё ва қуруқликдаги экосистемаларнинг парчаланишига олиб келади. Бу эса ҳайвонлар популяцияси ажралишига ва бутун ландшафтнинг экологик яхлитлиги бузилишига олиб келади. Эндемик Чотқол тошбалиғи (Cottus jaxartensis), яланғоч тошбалиқ (Cottus nudus), бошқа эндемик балиқ турлари ва ҳатто қор қоплони (Panthera uncia) йўқолиб кетиш хавфи остидадир.
Беш Орол қўриқхонаси ёки Сайрам—Угам миллий боғи ичида ГЭС қуриш режалари Бутунжаҳон мероси объектининг яхлитлигига тўғридан-тўғри таҳдид қилишдир. ГЭСлар сув экотизимларига, айниқса ноёб балиқ турларига зарар етказмоқда. Уларнинг каскадли қурилиши биологик хилма-хилликнинг бутунлай йўқолишига олиб келади. Бундай лойиҳаларни зудлик билан тўхтатиш ва мустақил баҳолаш ўтказиш зарур, дейди “Чегара билмас дарёлар” экологик коалициясининг минтақавий директори Александр Колотов.
Экологларнинг фикрича, ҳозирги вазият минтақа давлатларининг Умумжаҳон меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция, Орхус конвенцияси ва Эспо конвенцияси бўйича халқаро мажбуриятларининг бузилишига олиб келди.
“Чегара билмас дарёлар” коалицияси ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси қўмитасига мурожаат қилиб, 2025 йил июлда бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 47-сессиясида Ғарбий Тян-Шан трансчегаравий объектини хавф остидаги Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритишни сўради.
Изоҳ (0)