Президент Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни Бутунжаҳон сузиш федерацияси раҳбари, Осиё Олимпия кенгаши бош директори Ҳусайн ал-Мусаллам ва Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси биринчи вице-президенти Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Сонийни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Спорт соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни яна-да кенгайтириш, олимпия ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, мамлакатда профессионал ва оммавий спортни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний Ўзбекистон етакчисига Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ушбу халқаро спорт ташкилотлари билан амалий ҳамкорлик юксак даражага кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди.

Бутунжаҳон сузиш федерацияси билан шерикликни мустаҳкамлаш, мутахассислар тайёрлаш бўйича дастурларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистонда сув спорти турлари учун замонавий ва ҳаммабоп инфратузилма яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатда йирик халқаро мусобақалар, Осиё Олимпия кенгаши Ассамблеяси йиғилиши ва Олимпия қўмиталари ассоциациясининг йирик тадбирларини ўтказиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)